Легионеримиз клуби устидан ФИФАга арз қилди ва шартномани бузди. Энди Суперлигага қайтмоқчи!

33 ёшни қаршилаган Артём Филипосян Таиланд биринчи дивизионида “Муангкан Юнайтед” жамоаси шарафини ҳимоя қилди.

Куни кеча легионеримиз юртимизга қайтиб келди. Тажрибали футболчи билан у ердаги фаолияти қандай кечгани, чемпионатимиз даражаси, терма жамоамизнинг ҳолати, кейинги фаолиятини қаерда давом эттириши ва яна бошқа муҳим масалар юзасидан мулоқот қилдик.

Таиланддаги фаолияти қандай кечди?

- Бошида Таиланд биринчи дивизионидан менга яхши таклиф келиб тушганди. Аввалига ҳаммаси яхши кечди. Ойлик маошлар вақтида берилди, иш профессионал даражада йўлга қўйилганди. Лекин чемпионат давомида бизда маблағ масаласида муаммолар бўлди. Ҳомийлар пул бермади, клуб қийналиб қолди. Биз 18 та жамоа ичида 9-ўринда тугатдик. Тўрт ой маош олмадик. У ердаги таассуротлар яхши, фақат молиявий томондан муаммолар юз бергач, қайтиб келишимга тўғри келди.

артём2_1

Пулларни қандай ундирмоқчи?

- Энди биз ФИФАга ёздик. Ушбу ташкилот орқали пулларимизни олишга ҳаракат қиламиз. Албатта, вазият қандай тус олишини Худо билади. Бироқ Таиландга борганимга нолимайман. Ҳар доим футболчи учун бир текисда бўлавермайди. Мен ҳам кўп йўлни босиб ўтдим. Ишонамизки, ФИФА биз томонда бўлади ва иш ҳақларимизни ундириб беради. Клуб билан тузилган шартномам келаси йилнинг май ойигача эди. Аммо қарздорлик туфайли ўртадаги битимни бузишимга тўғри келди.

артём1_1

Энди Таиландга қайтмайдими?

- Албатта, яна легионер сифатида тўп суришни хоҳлаган бўлардим. Айниқса, менга Таиланд чемпионати жуда ёқди. Ҳар бир жамоада яхши савиядаги ўйинчилар йиғилган. Бразилиялик легионерлар кўп. Уларга қарши тўп суриш менга ёқади. Негаки, доим кучли футболчилар ва клубларга қарши ўйнасангиз бу сизга мотивация беради. Менга Таиланд Суперлигасидан таклиф бор, олти ойга шартнома таклиф қиляпти. Аммо мени бунча қисқа муддатга бориб ўйнаш ниятим йўқ. Улардан кўпроқ муддатга мўлжалланган шартнома сўраяпман. Агар бу масала ҳал бўлмаса, кейинги йилни ўзимизни Суперлигамизда бошлайман.

Биласизми, Таиландда ўйинчилар учун ҳамма шароит бор. Мен у ерда уч йил давомида фақат футбол ҳақида ўйладим холос. Шунчаки, бу йил биринчи дивизионида маблағ билан боғлиқ муаммога тушиб қолдик. Умумий олиб қараганда, пул ва ташкилий томонлама муаммолар йўқ. Шундай жамоалар бўлдики, 7-8 талаб ўйинларда ютқазган пайтларда ҳам ўйинчиларга маошлар вақтида берилди. Сизни у ерда асосан футбол ўйлашга вақтингиз бўлади холос. Бошқа нарса сизни ортиқча ташвишга солмайди. Чунки ташкилий ишлар жуда яхши йўлга қўйилган. Таиланд чемпионати осон, у ерда тўп суриш енгил дейишади. Ким шундай ўйласа адашибди.

арётм

Кейинги режаси

- Уч йил четда тўп сурдим. Куни кеча Ўзбекистонга қайтиб келдим, энди янги йилгача оилам даврасида дам олмоқчиман. Таклифлар бўлса, албатта кўриб чиқаман. Ҳозирча битта жамоадан оғзаки таклиф бор. Бироқ ҳали бу клубни мураббийлари билан кўришганим йўқ. Шу пайтгача омадим келган, қолаверса, барчасига меҳнатим билан эришиб келганман. Менга медаллар учун курашадиган жамоалардан таклиф тушса, буни албатта кўриб чиқаман. Ҳар доим клубим билан нимадир ютишни хоҳлайман.

артём3_1

Суперлигамиз даражаси қандай?

- Уч йил давомида Таиланддан туриб Ўзбекистон чемпионатининг ўйинларини кузатишга ҳаракат қилдим. Қониқарли тарафи шундаки, барча жамоаларнинг майдонлари яхши ҳолатда бўлди. Биринчи навбатда клубларнинг майдонлари сифатли бўлиши муҳим. Четдан келаётган мураббийлар майдонлар ёмон деб гапиришяпти. Аммо олдинги йилларга нисбатан бу борада ишлар анча яхшиланган. Стадионлар ҳам ўзгарди, бир-биридан чиройли ва кўркам.

Чемпионатда “Пахтакор”га ҳеч ким қаршилик кўрсата олмади. Иккинчи ва учинчи ўринлар учун эса кураш зўр кечди. Яна бир жиҳатга ҳам тўхталмоқчиман, илгари ҳар бир жамоанинг етакчилари бўларди. Шунинг учун клубларда яхши савиядаги футболчилар кўпроқ бўлишини ҳамда рақобатбардош клубларни кўпайишини хоҳлардим. Тўғри, кўп нарса пулга бориб тақалади. Лекин ўйлашимча, аксарият футболчиларга мотивация етишмаяпти. 

артём4_1

Миллий терма жамоамиз ҳақида

- Олдинги терма жамоамиз кучли бўлган ва ҳар бир позицияда рақобат ҳам шунга яраша эди. Футболчиларнинг терма жамоага чақирув олишлари қийин бўларди. Чунки рақобат кучли эди. Ҳозирги пайтда ўйинчилар терма жамоада ўйнашга лойиқлигини кўрсатишга ҳаракат қилишяпти, фақат улар учун олдингига нисбатан термада тўп суришлари осонроқ. Илгари ҳар бир позициянинг етакчилари кўп бўларди. Тўғри, ўйинчиларимиз четда ўйнашяпти, аммо ҳаммаси ҳам Европада эмас. Аксарияти Осиёдаги миллий чемпионатларда тўп суришяпти. Кўпинча ёшларга таянилмоқда. Терма жамоамизнинг иккита ўйинини кўрдим. Сречко Катанецга ҳозир баҳо бера олмайман, ҳали эрта. Унга вақт керак. Аммо қайси мураббий келишидан қатъий назар Иордания ва шунга ўхшаш терма жамоаларни ютишимиз шарт. Лекин биз Иорданияга учта тўп фарқи билан ютқазяпмиз. Бу терма жамоамиз ва футболчиларимиз учун тўғри келмайди.

артём7

Филипосян яна неча йил футбол ўйнамоқчи?

- Ҳаммаси Аллоҳдан. Меҳнат қилишдан қочмайман. Яна 5-6 йил майдонда тўп суришга қурбим етади. Тажрибангиз ошиб боргани сари футболга қарашингиз профессионал даражада бўлаверади. Ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Барчасини ўз вақтида бажарсам, бир неча йил ўйнай оламан. Асосан жароҳатлар панд бермаса бўлгани.

Биласизми, мени хаёлим фақат футболчилик фаолиятимга қаратилган. Бутсаларимни михга илганимдан кейин бошқа режаларни ўйлаб кўраман. Ҳозир ўйинчисиз, аммо эртага мураббий ёки бизнесмен бўламан деб ўйлаб юрсангиз унда футбол шу заҳоти сиздан юз ўгиради. Бундан кейин ҳам қаерда ўйнашимдан қатъий назар совринларга эришмоқчиман.

артём6

Мавсум якунлари бўйича энг яхшилар кимлар?

- “Насаф” ажойиб мавсумни ўтказди. Ўзбекистон Кубогини бежизга ютмади. ОФК Кубоги финалигача борди. Агар чемпионатнинг охирги турида “Локомотив”га ўз уйида ютқазмасдан ғалаба қозонганида 2-ўринни олган бўларди. Бу йилги мавсумда энг яхши футболчи сўзсиз Драган Черан. Уч йилдан бери тўпурар бўляпти. Иккинчи ўринга Норчаевни қўйган бўлардим. “Насаф”да тўпурарлигини кўрсатди. Шунингдек, “Бунёдкор”даги Фарруҳ Икромовни ҳам айтмоқчиман. Уни “Бунёдкор”да ўйнаб юрган пайтимдан билардим. Тезлиги яхши, иқтидори катта. Тезроқ жароҳатидан қутулишини истайман. Икромовни келажаги порлоқ. Мураббийларга келсак, мен учун Рўзиқул Бердиев биринчи рақамли. “Насаф”ни етакчилар тарк этган тақдирда ҳам у ёш ўйинчилар билан натижа кўрсатяпти. Иккинчи ўринда Улуғбек Бақоев. У “Сўғдиёна” билан тарихга кирди. Мураббий сифатида ҳам кумуш медал унинг биринчи соврини. Учинчи ўринга АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимовни айтган бўлардим.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию

×