Легионер бўлишни истаётган, мураббийликни хоҳламаётган,

Ўз позициясида чемпионатимизнинг энг яхши ўйинчиларидан бири – Олег Зотеев «Локомотив»нинг муҳим фигураларидан бири ҳисобланади. Тиниб-тинчимас футболчи миллий терма жамоамизда ҳам ўз ўрнига эга. Лекин охирги пайтларда у майдонда кўринмай қолганди. Бунга эса унинг жароҳати сабаб бўлди. Масалан, терма жамоамизнинг Фаластинга қарши учрашуви учун чақирилган футболчилар орасида дастлаб Зотеев ҳам бор эди. Аммо кейинчалик жароҳати сабабли ўрнига бошқа футболчи жалб этилганди. Албатта, ушбу ҳимоячининг йўқлиги «Локомотив»га ҳам билинмоқда. Беш йил мобайнида темирйўлчиларнинг ажралмас қисмига айланган, қатор совринларни ютишида катта ҳисса қўшган. Лекин кўринишидан Зотеевнинг «Локо»даги ҳаёти ниҳоясига етиб бормоқда. У келаси мавсумни легионер сифатида бошқа чемпионатда ўтказса, бундан ажабланмаймиз. Қуйида у билан уюштирилган суҳбатда шу ва яна бошқа масалалар ҳақида фикр билдирди. Аввало, Олег жароҳатидан қутулгани ҳақида гапирди.

- Жароҳатимдан қутулдим, умумий гуруҳ билан машғулотларда қатнашяпман. Кейинги учрашувда майдонга тушаман. Ҳаммаси ортда қолди. Шунчаки 11 кун муолажа учун даволандим. Қўрқинчли жойи йўқ, - дейди футболчи.

- «Пахтакор» муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритди. Кўпчилик эса интрига йўқолганини таъкидлашмоқда. Бунга қандай қарайсиз?

- Тўғри, чемпионлик учун курашда интрига йўқотилди. «Пахтакор» чемпион! Лекин бизда ҳали интрига йўқолгани йўқ. Чунки биз иккинчи ўринни олишимиз керак. Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритиш учун курашяпмиз. Шунинг учун бизда аксинча, энди интрига бошланди десак ҳам бўлади. Ҳа, биз кўп очколарни йўқотдик. Лекин бунинг сабабларини 100 фоизлик ҳеч ким билмаяпти. Ўйнаяпмиз-у, лекин гол ура олмаяпмиз. Балки омад етишмаяптими, балки бу йил янги тузилган жамоадаги футболчилар ҳали мослаша олмаётгандир. Барибир ўйиндан-ўйинга ўзгаришлар бўляпти. Шунчаки, дуранглар кўпайиб кетяпти. Бунга қадар кетма-кет уч йил давомида чемпион бўлгандик ва ўшанда деярли битта таркиб билан бу натижага эришганмиз. Ҳаммамиз бир-биримизни яхши тушунардик. Янги коллектив билан эса бирданига бир-биримизни тушуниб ўйнаб кетишимиз қийинроқ.

- Тўғри, «Локомотив» уч йил давомида чемпионликни ўзида сақлаб келди ва бу орада Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубогини ҳам ютди. Шундай экан, жорий мавсумда совринларни қўлдан чиқаргани у қадар катта фожиа эмасми?

- Исталган клуб совринларни ютгач, 2-3 йилдан кейин уларда ҳам пасайиш бўлади. Мана, «Реал»ни қарасангиз, ўйини чиқмаётган пайтлар ҳам бўляпти. Ёки бундай ҳолат «Манчестер Сити», ПСЖ каби клубларда ҳам рўй бериши мумкин. «Локомотив»да уч йил давомида битта таркиб билан ўйнадик, мураббийлар ҳам алмашмаганди. Таркибдан 60 фоиз ўйинчилар кетиб қолганидан кейин эса бошқа жамоа тузиш учун бунга вақт керак. Бу йил 2-ўринни олиб, чемпионлар лигаси учун йўлланмани қўлга киритишимиз керак. Тўғри, бу жамоа учун у қадар яхши эмас, аммо жамоа ўзидан кўпроқ ёшларни чиқариши лозим. Агар шунга эътибор қаратсак, бу албатта мевасини беради. «Пахтакор»га эса бу йил чемпионлик ниҳоятда зарур эди. Уларни чемпионлик билан табриклайман.

- «Локомотив»га Самвел Бабаян бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг кўпчилик интрига кучайишини, қандайдир ўзгаришлар бўлишини айтганди. Тўғри, ўйин бор-у, лекин бирор ўзгариш сезилмаяпти ва очколар йўқотилиши давом этмоқда. Аслида мураббийнинг алмашгани клубга қанчалик таъсир қилди?

- Мураббийнинг алмашгани катта таъсир қилгани йўқ. Ҳар бир мураббийда бошқача фикр ва бошқача тактика бўлади. Йигитлар Самвел Бабаянга аста-секин ўрганиб боришяпти. Боя айтганимдек, бизда имкониятлар кўп бўляпти-ю, бироқ гол уришга келганда омад чопмаяпти. Албатта, вақти келиб янги тактикага тўла мослашиб олганимиздан сўнг бу ўз натижасини беради. Шота Арвеладзени олайлик, мана, «Пахтакор»даги учинчи мавсумида натижа келтиряпти.

зотеев

- Терма жамоамизнинг ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичини кутилмаган мағлубият билан бошлади. Ваҳоланки, собиқ бош мураббий сизни ўша ўйинга ҳам чақирганди. Аксига олиб жароҳатингиз сабабли учрашувда иштирок эта олмагансиз. Ўша мағлубият ҳақида нима дея оласиз?

- Ўшанда қандайдир тушунарсиз ўйин бўлганди. Лекин бундай ўйинлар футболда бўлиб туради. Ўша оқшом бизнинг кунимиз эмасди. Агар Фаластин билан ҳозир ўйнайдиган бўлсак, биз албатта уларни ютамиз. Бошида иккита вазиятдан фойдалана олмадик. Кейин бир нарса бўлди ва ўйин ўзгариб қолди. Афсуски, ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Ҳаммасини яхшилаб таҳлил қилиб ишлаш керак. Лекин бировдан айб қидириш нотўғри. Биз ҳаммасини ўзгартириб, яна биринчи ўринга қайтишимиз лозим. Футболда доим ғалаба билан мағлубиятлар бўлади. Мана, Германия терма жамоасини қаранг, қандай тартибли жамоа, жаҳон чемпиони! Лекин уларда ҳам пасайиш бўлди ва ўтган йилги мундиалда гуруҳда қолиб кетди. 

- Фаластинга ютқазганимиздан кейин терма жамоадаги футболчилар билан бунинг сабаби ҳақида гаплашдингизми?

- Тўғриси, гаплашмадим. Албатта, ўйиндан кейин айрим йигитларга қўллаб-қувватловчи хабарларни ёздим. Даволанаётганимда шифокорлар вақтинча телефонни ишлатмай туришимни айтишди. Шу сабабли тинч ҳолатда муолажалар олдим, натижада ҳеч ким билан гаплашмадим.

- Чемпионат бошида сизга таклифлар бўлганди, мана мавсум ҳам тобора тугаяпти. Кейинги режалар ҳақида ўйлаяпсизми?

- Чемпионат тугашигача икки ой бор. Унгача тезроқ сафга қайтиб, жамоамга ёрдам беришим керак. Ноябрь ойида кейинги тақдирим ҳақида ўйлайман. Барибир ҳозир ўйлаганингиз билан ҳамма жойда трансфер ойналари ёпиқ. Агентим билан гаплашганман, ўша ойга бориб ишни бошлаймиз. Четдан вариантлар бўлса, гаплашамиз. Лекин менинг позициямда хорижда легионер бўлиб ўйнаш қийинроқ. Агар ҳужумчи ёки ярим ҳимоячи бўлганимда тезроқ кетардим. Қанот ҳимоячиларига қизиқиш эса у қадар кўп эмас. Агар агентим хориждан вариант топса кўриб чиқаман. Рости, яхши таклиф бўлса, четга кетмоқчиман ва ҳеч бўлмаганда икки йил ўйнаб келмоқчиман.

- Легионер сифатида ёшга ҳам эътибор қаралади. Бу борада кеч қолмаяпсизмикин?

- Тўғриси, кучим кўп. Мен режимга жиддий аҳамият бераман. Агар яна шундай режимда юрадиган бўлсам, бемалол беш йил давомида ўйнай оламан. Ўзимга ишонаман. Тўғри, 30 ёшдаман. Аммо ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Четда ҳам қанот ҳимоясида 35-36 ёшида тўп сураётган футболчилар ҳам бор. Агар режимни меъёрида сақлаб келсангиз ўйнайверасиз. Фақат спорт формасидан чиқиб кетмаслик керак.

зотеев3

- Легионер сифатида Россияда ўзбекистонлик футболчилардан қанот ҳимоясида ўйнайдиганлардан Виталий Денисов бор. Нима учун сизнинг позициянгизда хорижда ўйнаш қийинроқ?

- Ҳар қандай чемпионатнинг легионерлар лимити бор. Масалан, бизда ҳам асосан ҳужумчи, ҳужумкор футболчи ёки марказий ҳимоячиларни олишади. Қанотда ўйнайдиган легионерларни кам олишади. Бошқа чемпионатларда ҳам шунга ўхшаш. Барибир кўпинча ҳужумчиларга эътибор қаратилади. Қанот ҳимоячиси эса битта жойни эгаллайди. Ундан кўра гол урадиган ҳужумчи исташади. Орқада эса маҳаллий футболчилар ўйнайверсин дейишади.

- Лекин, билишимча, Олмалиқда ярим ҳимояда ўйнаб гол уриш борасида ҳам сермаҳсул ўйнай олганингизни кўрганмиз…

- «Бунёдкор»да ҳам ўша жойда ўйнаганман. Аммо статистикангизни кўришади ва қаерда ўйнаётганингизга эътибор қилишади. Масалан, беш йилдан бери «Локомотив»да қанот ҳимоячиси бўлиб тўп суряпман. Бу ерда эса кўпроқ ҳужумкор ўйнаймиз. Айрим клублар эса ҳимоявий ўйин кўрсатишади. Шу боисдан бу позицияда ўйнаб, қайсидир жамоанинг тактикасига мослашиши ёки мослаша олмаслиги мумкин. Россияни ҳам қарасангиз, ҳужумкор футболга ўтяпти. Илгари эса ҳимоявий ўйин кўрсатишарди. «Бунёдкор»да япониялик Сато Минори билан бирга ўйнаганмиз. У эса ҳозир Россия биринчи дивизионида «СКА-Хабаровск» клубида ўйнаяпти. Ҳозирда бу жамоа 4-ўринда кетяпти. Айнан «СКА-Хабаровск» мени ёзда таклиф қилганди, аммо бормадим.

- Ўша пайтда сизга легионер бўлиб ўйнаш учун тайёр имконият бўлган экан-ку. Нега кетмагансиз?

- Боргим келди-ю, лекин «Локомотив» раҳбарлари мавсум охиригача яна ўйнаб беринг деб илтимос қилишганди. Шунга уларнинг илтимосини рад эта олмаганман. Насиб қилса, менга яна четдан вариантлар бўлади.

зотеев2

- «Локомотив» билан шартномангиз тугаяпти, у ердаги беш йиллик фаолиятингиз давомида нималарни айтган бўлардингиз?

- Тўғриси, фаолиятимдаги энг яхши даврларни «Локомотив»да ўтказдим. Жамоамиз жуда зўр эди. Ҳақиқий ўйинлар бўлган. Бу оддий сўз эмас, чинакамига реалний ҳолат. Ўтган йиллар давомида бирор марта машғулотни қолдирмаганман. Аксинча, яна ва яна кўпроқ шуғуллангим келаверарди. «Локомотив»да мен учун зўр ҳаёт бўлган. У ерда ўйнаган исталган футболчидан сўрасангиз ҳам шунақа дейишади.

- Ўтган вақт давомида сиз учун унутилмас ўйинлар ҳам кўп бўлганми?

- Энг зўрими? (Бироз ўйланиб) Менимча, Осиё Чемпионлар лигасида Қатарнинг «Ал Дуҳайил» клубига қарши ўйин. Ўшанда биз 1:2 ҳисобида ютқазганмиз. Бироқ бутун ўйин давомида биз яхши ўйнагандик, агар ютганимизда кейинги босқичга чиқардик. Шунчаки, учрашув охирида ўзимиз хатога йўл қўйганмиз. Жуда аламли учрашув эди. «Бунёдкор» билан «Ал Ҳилол»ни ютган ўйинимиз ҳам унутилмас бўлиб қолган.

- Футболдан ташқари бошқа шуғулланадиган ишингиз ҳам борми?

- Ишим бор, аммо буни айта олмайман, сир. Футболдан кейин нима қилишим борасида вариантларим бор. Кўпчилик мураббий бўлишни хоҳлашади, аммо ўзим негадир мураббийликни истамаяпман.

- Нимага?

- Ҳозир бунга эрта. Фаолиятим қачон тугашини билмайман. Аввало қанча ўйнасам ҳам футболни мазза қилиб ўйнамоқчиман. Қачонки, тугатганимдан кейингина бошқа нарса ҳақида ўйлайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
28/09/2019 18:11
Хуллас леганеликка сендақалар тортмийди олик
Abbos Mavlonov
29/09/2019 11:33
Eee sal og'zizga qarab gapiring. Siz kotta xolezni uyidamasz. Zoteev ni ozi ham koradi wu komentariyani. Manawu siz aytayotgan qo'w tirnoq ichidagi o'lik deb haqorat qilayotgan futbolchini termaga ancha buncha foydasi tekkan.