Кутиб олинг, футболимизга

“Турон” жамоаси про-лигада “йил ўйини” дея таърифланган жангда ғалаба қозониб илк бор Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Мўъжазгина Яйпан шаҳарчасидан мана шундай жамоа шаклланишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?! Бунинг устига “Турон” жамоасининг ташкил этилганига энди уч йил бўляпти.

Улар ҳар йили босқичма-босқич кўтарилиб бормоқда ва ҳар сафар илк уринишдаёқ вазифани уддаламоқда. Бу йил эса катта қадам ташлашди. Эътиборлиси, “Турон” бош мураббийи 28 ёшли Ислом Исмоиловдир. Уни балки ҳали кўпчилик яхши билмаса ҳам керак. Маълумот учун, у таниқли мураббий Мурод Исмоиловнинг ўғли. 1992 йилда туғилган мураббий “Турон” билан катта натижага эришди. Шу боис Ислом Исмоилов учун ҳам бу мураббийлик фаолиятида улкан муваффақиятга айланди. Турли воқеаларга бой кечган беллашувдан кейин “Турон”нинг кашфиёт мураббийи sports.uz учун интервью берди.

-  “Турон”ни Суперлигага чиққани билан Ўзбекистон туманини, раҳбарларни ва мухлисларни табриклайман. Биз билан бирга меҳнат қилган барчага ташаккуримни айтаман. Бу ғалабамизнинг замирида битта мураббий ёки 11 та футболчининг эмас, балки клуб ходимларининг ҳам кўзга кўринмас катта меҳнатлари ётибди. Ўзбекистон туманининг Яйпан шаҳарчаси кичкинагина маскан. У ерда на кинотеатр ёки на концерт бўлади, одамлар фақат футбол орқали баҳраманд бўладилар. Уларга мана шундай хурсандчилик улашаётганимиз учун клубимиз раҳбарларига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Йил давомида жамоамизни ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлаб келдилар. Улар Яйпанга футболнинг катта тамал тошини қўйишди. Бундан кейин ҳам “Турон” Суперлигада қолиш учун эмас, юқори ўринларга курашиб мухлисларини хурсанд қилишда давом этади.

-  Ўйин жуда эҳтиросларга бой ўтди. Масалан, жамоангиз пенальтидан ёки яккама-якка вазиятларда гол ура олмаганидан ниҳоятда асабийлашганингизни кўрдик...

-  Мураббий сифатида бундай юқори даражадаги ўйинда биринчи марта қатнашдим. “Турон” 2017 йили ташкил топди ва 2018 йили иккинчи лигада 1-ўринни олди, 2019 йилда эса про-лиганинг “В” гуруҳида 1-ўринни эгаллади. Мана, бу йил про-лигада ҳам пешқадамликни қўлга киритди. Ўша учала чемпионликда тўп сурган 6-7 нафар футболчиларимиз бугун ҳам майдонда тўп сурдилар. Уларнинг ҳам руҳий ҳолати ҳали бу каби ўйинга тайёр эмасди. Ҳаяжон бор эди. Мана, ўзим ҳам мураббий бўлиб биринчи марта Суперлигага қадам қўйяпман, жамоамиз ҳам шундай. Ҳаяжонимиз баланд эди. “Нефтчи”ни дуранг ҳам қониқтиришини ўйиндан олдин яхши билардик. Бизга ғалабадан бошқа нарса керак эмасди. Бундан ташқари, ўйиндан аввал таркибимизда муаммолар бор эди. Шукур Пўлатов, Отабек Ҳайдаров сингари етакчиларимиз майдонга туша олмадилар. Ўзимизнинг жайдари йигитлар меҳнат орқали юксак натижаларга эришиш мумкинлигини исботладилар. Пенальтига келсак, буни Жавоҳир Соҳибов бажаришини учрашувдан олдин айтгандик. Унинг савияси баланд эди. Аммо пенальтидан Рамос ҳам, бошқалар ҳам хато қилади. Жавоҳирда ҳам ҳаяжон кучли бўлди. Жамоа сардори сифатида шерикларини майдонга бошлаб тушганди. Ўзи яйпанлик бўлгани учун елкасида оғир юк турганди. Балки шу нарсалар унга таъсир қилгандир. Аммо биз учрашувда ғолиб бўлишимизга ишонгандик.

исмоилов_3

-  Ҳаммаси “Нефтчи”нинг ўз қўлида эди-а? Ўтган турда “Динамо”ни мағлуб этганида аллақачон Суперлига чиптасига эга чиққан бўларди. “Нефтчи”нинг “Турон”га сюрприз кўрсатишини кутганмидингиз?

-  Эътибор берган бўлсангиз, охирги беллашувларда сўнгги дақиқаларда дарвозамиздан гол ўтказиб ғалабаларни қўлдан чиқардик. “Нефтчи” билан 90+3-дақиқада, “Динамо” билан 84 ва “Шўртан” билан 86-дақиқаларда гол ўтказдик. Чиндан ҳам биз дебютантмиз ва бундай пайтда тажриба керак. Кўп ўйинчиларимиз иккинчи лигада тўп суриб про-лига даражасида чемпионлик учун курашишди. Йўқотган очколаримиз бизга жуда аламли бўлди. Тўғриси, “Нефтчи” “Динамо” билан баҳс олиб бораётганида қисман умидни узиб бўлгандик. Ҳаттоки, ўшанда дуранг ҳам “Нефтчи”га катта ютуқ эди. “Динамо” эса ҳамма нарсадан умиди узиб бўлганди. Ўша куни рақиб жамоа футболчиларини майдонда югургиси ҳам келмади. Фақат битта вазиятдан фойдаланиб гол уришди. Бу ерда “Нефтчи”нинг катта хатоси бўлди. Ютадиган ўйинида ютқазиб қўйди. Аммо бугун ҳам уларда имконият юқори эди. Фоиз бўйича 90 га 10 эди. Дуранг “Нефтчи”ни қониқтирарди ва ўз уйида мезбон эди. Лекин Худоим юзимизни ёруғ қилди. Мавсум бошида клуб раҳбарларига йил охирига келиб “Турон” турнир жадвалида биринчи ўринда туради дегандим. Мақтанчоғлик эмас-ку, аммо қаерда ишласам ҳам фақат юқори мақсадларни қўяман, керак бўлса ўзим учун ҳам. Масалан, “Ёзёвон-Лочинлари”да ишлаганимда жамоани Суперлигага олиб чиқаман, деганимда айрим футбол мутахассислари кулишганди. Мана, насиб қилган экан, “Турон” билан бу ишни уддаладик. Тўғриси, қийин вазифани амалга ошира олдик.

-  Охирги пайтларда сизга нисбатан “Янги Нагельсманн” дея таъриф беришмоқда...

-  Бу ҳақида эшитдим, кўрдим. Қулоғимга чалинди. Ишимизга юқори баҳо бериб ўхшатишларидан хурсандмиз. Лекин Нагельсманнинг йўли бошқа, Ислом Исмоиловнинг йўли бошқа. Кимгадир тақлид қилиб, унинг услуби билан ишлаш ниятим йўқ. Ўзимизнинг ўйин услубимизни яратиб, шу орқали танилишга ва мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

исмоилов3_2

-  Ўйиннинг якуни жуда салбий кўриниш олди. Бу ҳолат сизларнинг байрамона кайфиятингларга таъсир ўтказмадими?

-  Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам айтдимкки, бу йилги про-лига юксак савияда ўтди. Бунинг учун ЎФА ва ПФЛга раҳмат, улар лигани юқори даражада ўтказишди. Керак бўлса, про-лигани Суперлигадан баландга олиб чиққани бу “Узрепорт” билан “ФутболТВ” телеканаллари бўлди. Биламизки, “ФутболТВ”нинг статуси анча баланд туради. Улар про-лига ўйинларини телетрансляция қилишда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Про-лига тарихидаги энг кучли чемпионат бу йил бўлди, деб ўйлайман. Ҳар бир очконинг қадри баланд бўлди. Жамоалар кам бўлгани учун ҳатто кўз очишга ҳам вақт йўқ эди. Мусобақа шиддати Суперлиганикидан ўтса ўтдики, аммо кам бўлмади. Албатта, ўйин якуни биз учун яхши бўлди, бироқ ташкилотчиликка таъсир қилди. Раҳбарларнинг кайфиятига таъсир қилди. Чунки ўйинга кўплаб мартабали меҳмонлар келганди. Спорт принципларига хос бўлмаган ҳатти-ҳаракатлар бўлди. “Нефчти”дек клубнинг номига ярашадиган иш бўлмади. Бироқ ўтиш ўйинида бу жамоага омад тилаймиз.

-  Энди мураббийлик фаолиятингизда янги босқич бошланди. Суперлигада ишлаш учун “Про” лицензияси бўлиши шарт. Бу масалада режангиз қандай ва элитада “Турон” қай тариқа шаклланади?

-  Менда “А” лицензияси мавжуд. ЎФА вакиллари билан гаплашганман, январда “Про” лицензиясига ўқиш бошланар экан. Бунга номимни ёздириб қўйганман. Ўқиш жараёнида Суперлигадаги фаолиятимни ҳам давом эттираман. Умид қиламанки, ЎФА ва ПФЛ бунга имконият яратиб беради. Ёш мураббиймиз ва ҳаммасини яқинда бошлаганмиз. Шу кунгача лицензияларни қонун қоидаси билан ўз муддати бўйича ўқиб келяпмиз. Менимча, қарши бўлишмаса керак, Суперлигада ҳам “Про”си бўлмаган мураббийлар ишлаб келяпти. Ниятларимиз эса улкан. Доим янги тарих яратиш мақсадида ҳаракат қиламиз. Кунлар келадики, “Турон” жамоасини ҳам “Нефтчи”дек тарихи бўлади. Мақсадимиз клубни шу даражага олиб чиқиш.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
998915993686
01/12/2020 21:59
Omadizni bersin gap bòlishi mumkin emas òzimizni jaydari yigitlar. Ģalaba muborak Superliga muborak. Òtish òyinida Neftchiga omad. Yoshlikdan Neftchi muhlisi bòlganmiz bugungi vaziyat katta xato bòldida.