Кумиков билан Хомяковнинг фарқи нимада? Жамоа сардори бош мураббий ўзгаришига муносабат билдирди

 

“Андижон” клуби янги бош мураббий Виктор Кумиков бошчилигида Янгиерда тайёргарлик кўраётгани хусусида хабар бериб ўтгандик.

Яқинда Виктор Балютович Sports.uz сайтига берган интервьюсида янги жамоаси билан танишиш жараёнини ўтказаётганини ҳамда футболчиларнинг имкониятларини кўриб чиқаётгани хусусида ҳам тўхталганди.

Хўш, янги мураббийни жамоа аъзолари қандай қарши олишди? “Андижон” жамоасининг етакчиси ва сардори Фарҳод Бекмуродов эса Кумиковнинг режаларида асосий роллардан бирини бажариши кутилмоқда.

Биз эса ушбу ўйинчидан айрим масалалар хусусида фикр билдиришини сўрадик. Аввало, Виктор Кумиков Александр Хомяковнинг ўрнида иш бошлаганидан сўнг қандай ўзгаришларни ҳис қилаётгани тўғрисидаги фикрларини билишга қизиқдик.

-  Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш сезганим йўқ. Янги мураббий билан эндигина иш бошладик ва ҳали бу борада кўп вақт бўлани йўқ. Шу боис ҳали мураббий ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Аммо кўриниб турибдики, Виктор Балютович анча талабчан ва қаттиққўл. Лекин ҳали Хомяков билан Кумиков ўртасидаги фарқни сезмадим.

Ўз ўрнида Бекмуродов Хомяковнинг кетиши ҳамда Кумиковнинг келиши ҳақида гапирар экан, бундай ўзгаришга жамоанинг муносабати қандай бўлганлигини қуйидагича маълум қилди.

-  Александр Хомяковнинг кетишини ҳеч ким кутмаганди, очиғи биз ҳам. “Навбаҳор”га қарши учрашувдан сўнг биз билан хайрлашаётганини айтди. Буни эса футболчилар тўғри қабул қилишди. Бу унинг қарори эди. Бизни қўлимиздан эса ҳеч нима келмасди. Виктор Кумиковнинг келишини эса жамоа аъзолари яхши қабул қилишди. Муҳими, жамоадаги барча футболчилар ўз вазифаларини яхши билишади. Мураббийнинг иши эса бизни ўйинларга тайёрлаш, биз футболчиларнинг вазифамиз эса ўйинда унинг кўрсатмаларини бажариб, ғалаба қозонишдан иборат. 

бекмуродов

Уч ойга яқин вақт давомида футболчилар карантин қоидаларига амал қилиб, асосан ўз уйларида якка тартибда шуғулланишга мажбур бўлишди. Орадан шунча вақт ўтгач, яна жамоа бўлиб машғулот ўтказишларига рухсат берилди. Карантиндан кейинги машқлар эса қандай туюляпти? Бу ҳақида Бекмуродов ўз муносабатини билдирар экан, барибир жамоа бўлиб шуғулланишнинг гашти бошқача эканини айтди.

-  Албатта, карантиндан кейинги машғулотлар бироз қийин кечмоқда. Аммо бизнинг вақтимиз кам. Шу боис иложи борича тезроқ спорт формамизни тиклаб олишга ҳаракат қиляпмиз. Барибир алоҳида шуғулланган бошқа, жамоа бўлиб машғулот ўтказган бошқа.

“Андижон”ни 4-турда “Бухоро”га қарши муҳим беллашув кутмоқда. Қизиғи, иккала жамоа ҳам ҳали янги мавсумдаги Суперлигада ғалаба нималигини билишгани йўқ. Шундай экан, 4-турда қайсидир клуб дастлабки ғалабасига эришиши мумкин. Андижонликлар эса Кумиковнинг дебют учрашувида мавсумдаги илк ғалабасини тантана қилишни жуда-жуда исташмоқда. Бу хусусида жамоа етакчиси шундай деди:

-  Ҳозир ҳамма бир хил ҳолатда ва машғулотлар ҳам шунга яраша. Ким ўша ўйингача яхшироқ тайёрлана олса, ғалаба ўша жамоа томонида бўлади деб ўйлайман. Албатта, “Бухоро” билан учрашувда ғалаба қозониб, раҳбарларимиз ва мухлисларимизни хурсанд қилишимиз керак. Ҳозирда бутун диққат-эътиборимизни шунга қаратганмиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)