Кеча “Турон” – “Қизилқум” (0:1) ўртасидаги учрашув тугаганидан кейин  мезбонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов истеъфога чиқди. Бу Суперлигадаги навбатдаги истеъфо сифатида қабул қилинди.

“Турон” Суперлига дебютанти, ўтказилган 8 та ўйинда жамоа ҳали ғалаба қозона олгани йўқ. Шу боис, Исмоилов жамоадан кетишга қарор қилди. Sports.uz мухбири “Турон”ни тарк этган ёш мутахассис билан боғланди. Исломбек, аввало, жамоадан кетиши ҳақида гапирди.

- Жамоада уч йил фаолият кўрсатдим. Бунинг учун клуб раҳбарларига миннатдорлик билдираман. Ёш бўлишимга қарамасдан, менга ишонч билдиришди. Олимхон ака ва Қодирхон ака Аҳмедовлар футболнинг ҳақиқий фидойи инсонлари. Футболга нафақат маблағларини, балки меҳрларини ҳам беришяпти. Уч йил давомида бизни ҳам маънавий, ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлашди. Барча қулайликларни яратиб беришди. Уларга ўзимнинг чуқур ташаккуримни билдираман. Жамоамиздаги фаолиятимга тўхталсам, биз уч йил мобайнида ёмон ишларни амалга оширмадик. Бу вақт ичида клубни кўзга кўринадиган даражага келтира олдик. “Турон” Ўзбекистонда ўз ўрнига эга бўлган жамоалар қаторига кирди. Бу йўлда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Бу йил олдимизга катта мақсадларни қўйгандик. Аммо бу – футбол. Унда ҳар доим яхши ўйнаган жамоа ютавермас экан. Қўлдан келганича ғалаба учун барча ҳаракатни амалга оширдик. Қаердадир озгина омад етишмади, яна қаердадир бошқа сабаблар...шулар таъсир қилди. Вазиятни кўриб шуни билдимки, жамоага янги қон керак, деб ўйладим. “Турон”нинг тақдирига бефарқ қарамайман. Вазият яна шундай давом этишига кўз юмиб тура олмасдим. Ниманидир ўзгартириш керак бўлса, бу фақат мураббий билан боғлиқ эди. Агар мураббий ўзгариши орқали жамоанинг натижалари яхшиланса, бундан фақат хурсанд бўламан. Бу тўғрисида раҳбариятга ҳам айтдим. Катта футболга кириб келишимда клуб раҳбарлари тамал тошини қўйиб хизмат қилишди. Бу инсонлардан умримнинг охиригача миннатдор бўламан. Фақат маблағ билан эмас, балки ҳар куни ёнимда туришди, машғулотларда, сафарда ва уйдаги ўйинларда далда бўлиб турдилар. Кўпчилик раҳбарият нотўғри қарор қабул қилди, бу мураббийга яна имконият бериш керак эди, деб айтишлари мумкин. Аммо улар барча имкониятларни беришди. Бу нотўғри қарор бўлгани йўқ. Футболга қаратилаётган эътиборларини шахсий манфаатимдан кўра, биринчи ўринга қўйдим. Бу натижалар шу руҳда давом этадиган бўлса, эртага клубга жиддий зарар етиши мумкин эди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда истеъфо беришга қарор қилдим. Ўзи футболда шунақа бўлади: жамоа яхши ўйин кўрсатади-да, омад ёки маълум сабаблар ғалабага тўсқинлик қилади. Балки бошқа мураббий билан жамоанинг йўли очилиб кетар. “Турон”нинг имконияти юқори, ҳали ғалабалар келади ва Суперлигада муносиб ўринларни эгаллайди.

исмоилов1_1

Биламизки, “Турон”да Ислом Исмоиловдан ташқари унинг дадаси – Мурод Исмоилов ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бош мураббий клубдан кетиш қарорини ўзи мустақил қабул қилдими ёки?..

- Истеъфога чиқиш қарорини ўйлаб юргандим. Агар “Қизилқум” билан ўйинда ҳам натижа яхшиланмаса, кетишимни эълон қилмоқчи эдим. Ота барибир фарзандига яхши бўлишини хоҳлайди. Улар ҳам қароримни қўллаб-қувватлашди. Бу мураббийнинг қисмати, бунга тўғри ёндашиш керак. Менда барибир орият ва ғурур биринчи ўринда туради. Аҳвол бундай давом этишини ўзим ҳам хоҳламайман. Айтяпман-ку, жамоа манфаатини биринчи ўринга қўйдим.

Ислом Исмоилов “Турон” билан бирга илк марта Суперлигада кўриниш берди. У ёш бўлишига қарамай, бир қанча жабҳаларда футбол оммасининг эътиборига тушди. Айниқса, “Сўғдиёна”га қарши учрашувдан кейинги матбуот анжуманидаги гаплари матбуотни “ёндирди”, футболга қизиқмайдиганларни ҳам эътиборини тортди. “Турон”нинг натижаларига ҳакамлар қанчалик таъсир кўрсатди, бу борада Исмоилов шундай деди:

- Бу нарсалар ўтиб кетди, уларга яна тўхталиш нотўғри бўлса керак. Футболда натижалар учун барча омиллар таъсир қилади. Ҳаракатлар фақатгина майдонда машғулот ўтказишга боғлиқ эмас. Ҳаммага инсоф берсин. Мураббий сифатида қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Жамоанинг ғалабаси учун барча ишларни амалга оширдик. Қаердадир омад келади, қаердадир йўқ. Буни тўғри қабул қиламан. Маълум вақт давомида келажак фаолиятим учун хатоларни такрорламаслик мақсадида таҳлил қилиб чиқаман.

илхом3_1

Шунингдек, АГМКга қарши баҳсдан сўнг, у ўзининг фейсбукдаги саҳифасида футболдан бир умрга кетишим мумкин, агар кетсам бошқаларни ҳам ўзим билан тортиб кетаман, қабилида ёзган гапи ҳам яна диққат-марказимизда бўлди. “Турон”нинг собиқ устози бу вазиятни шундай изоҳлади:

- Тўғри, у ерда ҳиссиётларга берилиб ёзилган. Ҳолат шунақа давом этадиган бўлса, шу қарорга келаман, дегандим. “Қизилқум” билан учрашувда ҳакамга ҳеч қанақа эътироз билдирмайман. Жамоа мағлуб бўлди, бу вазиятда ҳакамлар томонидан ортиқча нотўғри хатти-ҳаракатлар амалга оширилгани йўқ. Тўғри, олдинги учрашувларда бўлган бўлиши мумкин. Фақат яна шу ҳолат давом этса, деган мазмунда ёзганман. Қароримни эълон қилиб бўлдим, кимларнидир айбдор қилиб кўрсатишни хоҳламайман. Ҳамманинг ўз ҳаёти бор. Майли, барчасини вақт кўрсатади. Ҳақиқат қачондир юзага чиқади. Четда бўлсам ҳам, бошим тик ҳолда кетдим. Чунки жамоада қинғир ишларга аралашмадим. Ўйинни сотмадим ёки ўйинни сотиб олмадим. Ёки тотализаторга аралашганим йўқ. Хуллас, футболни бузадиган ишларга аралашмадим. Клубнинг бир сўм пулига ҳам хиёнат қилганим йўқ. Виждоним Худонинг олдида доим тоза. Уч йил давомида футболда ҳалол меҳнат қилдим. Кетганимдан афсусланмайман, ҳеч кимдан тилим қисиқ жойи йўқ. Кимнидир олдида бўйин эгмадим. Фақат шундан хурсандман, холос.

“Турон” таркибида тажрибали ўйинчилар жамланди. Анча-мунча жамоаларникидан қолишмайди. Ёшлар билан маҳоратли футболчилар уйғунлашуви кузатилди. Лекин натижа бўлмагач, таркибдаги футболчиларда ҳам қандайдир нуқсонлар борми? Исмоиловдан қайси трансфер хато бўлгани, кейинги режалар ва жамоанинг имкониятлари ҳақида ҳам сўрадик.

- Қайсидир трансфер хато бўлди, десам футболчининг нафсониятига тегиши мумкин. Барибир бизда вақт қисқа эди. Жамоа янги, тезроқ шакллантириш керак эди. Ҳа, моддий томондан аҳвол яхши, муаммо йўқ. Лекин янги клубни шакллантиришда кўп футболчиларда бизга нисбатан ишончсизлик бўлди. Яхши савиядаги ўйинчиларни жамоамизга жалб қилганмиз, лекин ҳозир айтганимдек, уларда бизга нисбатан ишончсизлик сезилди. Янги клуб қандай бўларкин, деган мазмундаги саволлар юзага чиқди. Футболчилар илгари бундай ҳолатларга тушиб, қатиқни пуфлаб ичадиган бўлиб қолишган. Вақт қисқа бўлишига қарамай, бор имкониятдан фойдаланиб футболчиларни жалб қилдик. Таркибга тўплаган ўйинчилардан кимлардир ўзини оқлади, кимлардир оқламади. Уларни номма-ном айтсам, футболчига нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Жамоага келаётган ҳар бир ўйинчи ёрдам беришни истайди. Ҳеч ким турист сифатида келаман, демайди. Барибир қаердадир савия ва маҳорат етишмовчилиги кўзга ташланди. Жамоа ҳали Суперлигада ўз сўзини айтади. Мавсум олдинда, “Турон” ҳеч нарса йўқотгани йўқ. Муносиб ўринларни эгаллаш учун жамоада барча имкониятлар етарли даражада. Кейинги турларда ғалаба қозонади, деган умиддаман. Жамоадан кетган бўлсам ҳам, унинг ютуқлари мен учун қадрли бўлиб қолаверади.  

исмоилов2_3

Энди озгина танаффус эълон қиламан. Соғлигим билан боғлиқ муаммолар бор. Даволаниб олганимдан кейин ёзда про лицензиясига ўқиш бошланади. Ўқиб, изланиб янада кучли бўлиб қайтишга ҳаракат қиламан.

Ёнимда етарли мутахассислар бўлган, улар мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Бизга фақат омад етишмади. Тўғри, биргина “Насаф” билан учрашувда жамоа ёмон ўйин намойиш этди. Аммо қолган беллашувларда барчага манзур бўладиган ўйин кўрсатди. Буни мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам эътироф этишяпти. Қисқа муддат давомида ўйин услубимизни футболчиларга сингдира олдик. Барча ўйинларда ҳужумкор футбол кўрсатдик. Барибир рақибларни Суперлига ҳавосидан баҳраманд бўлганлиги ва тажриба ўз сўзини айтди. Дарвозамиздан ўтказиб юборган голларимиз кўпроқ охирги дақиқаларга тўғри келади. Лекин “Насаф”ни ҳисобга олмаганда қолган учрашувларда ўйин томонлама ҳеч кимга мағлуб бўлмадик. Ҳаттоки, АГМКдан яхшироқ ўйнагандик. “Қизилқум” билан баҳсда ҳам йигитлар яхши ҳаракат қилдилар. Жамоамиз учун тақвим тиғиз эди, бир ҳафта ичида учта ўйин: “Пахтакор”, АГМК ва “Қизилқум”! Барибир “Қизилқум”га қарши баҳсда йигитларда чарчоқ аломати сезилиб қолди. Таркибимизда ёш футболчиларни ўстиришга муваффақ бўлдик. Аслиддин Тоштемиров, Асилбек Қаюмов ва яна бошқаларни асосий таркиб футболчиси сифатида шакллантира олдик. “Турон” – шундай лойиҳаки, буни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашса, ўзбек футболи учун керакли жамоалардан бири. Бу каби клубларни қадрлаш лозим. Барибир ўзбек футболининг эртаси мана шундай жамоалар бўлади, - деди Ислом Исмоилов.     

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар