Кимдир легионерга айланди, яна кимдир ўзимизнинг про-лигада...Чемпион футболчиларимиз бугун қаерда?

Ўзбек футболи тарихида ёрқин ғалабаларимиз ҳам бўлган. Улардан охиргиси 2018 йилнинг январь ойида Хитойда ўтказилган U-23 Осиё чемпионатидаги ғолиблик бўлди. Ҳалигача ушбу муваффақиятимизни ширин хотиралар билан эслаймиз, аммо бу тарихга муҳрланиб бўлган.

Бизда олдиндан шундай бир салбийлик бор. Яъни, қайсидир мусобақада ўсмирлар ёки ёшлар терма жамоамиз муносиб иштирок этса, футболчиларимизни кўкларга кўтарамиз-у, лекин кейинчалик уларни йўқотиб қўямиз. Бунга илгари гувоҳ бўлдик ҳам.

Биз юқорида Хитойдаги чемпион бўлган жамоамизга бежизга тўхталмадик. Равшан Ҳайдаров олиб борган 22 нафар футболчи ҳозир қаерда? Уларнинг аксарияти миллий терма жамоамизнинг эртаси сифатида қаралганди. Ҳозир ўша айтилган гаплар амалда исботини топяптими? Қуйида 22 нафар чемпион футболчиларимизнинг бугунги ҳолати ҳақида тўхталамиз.

Исм-фамилияси: Ботирали Эргашев

Позицияси: Дарвозабон

Клуби: “Қўқон-1912”

Истеъдодли посбон, шундай эмасми? Камтар йигит. Шубҳасиз, 2018 йилги Осиё ўйинлари унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди. У ўша мусобақада биринчи рақамли дарвозабонга айланганди. Дастлабки учрашувда захирада қолган бўлса-да, кейин қолган барча ўйинларда унга тўлиқ ишонч билдирилган. “Навбаҳор” ва “Динамо”даги фаолиятидан кейин ҳозирда “Қўқон-1912” шарафини ҳимоя қиляпти.

Исм-фамилияси: Дилшод Ҳамроев

Позицияси: Дарвозабон

Клуби: “Навбаҳор”

Ҳамроевни “Қизилқум”да тўп сураётган Шерали Жўраевнинг укаси эканлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. Унинг бўйи бироз пастлигини ҳисобга олмаганда, иқтидорига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Ҳамроев ўша Осиё чемпионатида дастлабки турда Қатарга қарши баҳсда асосий таркибда майдонга тушган, аммо ўшанда вакилларимиз ягона гол эвазига мусобақани мағлубият билан бошлаганини барча яхши билса керак.

Исм-фамилияси: Раҳим Давронов

Позицияси: Дарвозабон

Клуби: “Машъал”

Мусобақага учинчи рақамли дарвозабон сифатида олиб кетилган Раҳимжон Давронов бугунги пайтга келиб анча ўсди. У “Бухоро”да тажрибасини оширди ва эндиликда “Машъал”нинг сардори сифатида яққол етакчисига айланди-қолди. Натижада Давронов миллий терма жамоага ҳам жалб этилди. Бу эса чиндан ҳам унниг “Машъал” клуби тарбияланувчисининг ривожланаётганидан дарак.

ёшлар

Исм-фамилияси: Рустам Ашурматов

Позицияси: Ҳимоячи

Клуби: “Квангжу” (Ж.Корея)

Осиё ўйинларида терма жамоамиз сафида тўлиқ ўйин ўтказган ягона футболчи. Яъни, у алмаштиришларсиз барча учрашувларда 100 фоиз тўп сурган. Финалда эса Вьетнам дарвозасига гол урганини унутмагандирсиз-а? Табиийки, мусобақадан сўнг кўпчилик қатори Ашурматовга бўлган қизиқишлар ҳам ортди. Айни пайтда у Жанубий Кореянинг “Квангжу” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Қолаверса, миллий терма жамоага ҳам номзод ҳисобланади ва йиғинларга чақирилмоқда.

Исм-фамилияси: Ҳожиакбар Алижонов

Позицияси: Ҳимоячи

Клуби: “Пахтакор”

Хитойдаги турнирдан кейин фаолиятида энг катта ўсишга эришган ўйинчиларимиздан бири, десак муболаға бўлмайди. Алижонов “Пахтакор”да кучли рақобат юзага келганига қарамай, етакчиларидан бирига айланди. Ўз қанотида тўлик ҳукмронликни ўрнатди. Осиё ўйинларида эса у учта учрашувда майдонга туширилган. Шунингдек, ўз ҳисобига битта гол ҳам ёзиб қўйган. Унинг келажаги порлоқ эканлигига кўпчилик ишоняпти.

Исм-фамилияси: Акром Комилов

Позицияси: Ҳимоячи

Клуби: “Пахтакор”

Қўқонлик яна бир истеъдод эгаси. Осиё ўйинларида терма жамоамиз лисобида тўртта беллашувда майдонга тушган. Ярим финалда Жанубий Корея дарвозасига урган голини ҳали унутмаган бўлсангиз керак-а? Чемпион бўлишимизга катта ҳисса қўшган. Шундан кейин у “Бунёдкор”ни тарк этиб, “Пахтакор”га кўчиб ўтди. Ҳозирча футболчи ушбу клубда ўз ўрнини топишга уринмоқда.

ашурматов_3

Исм-фамилияси: Аббос Отахонов

Позицияси: Ҳимоячи

Клуби: “Металлург”

 “Навбаҳор”дан кейин “Металлург”га кўчиб ўтган Отахонов ҳақида ҳам кўпчилик илиқ фикрларни айтишяпти. Ҳимояда рақибларига ютқазишни сира хушламайди. Равшан Ҳайдаров уни бежизга Осиё биринчилигига олиб кетмаганди. Натижада бешта учрашувда унинг хизматидан фойдаланишган ва майдонда жами 467 дақиқани ўтказган. Ҳозирча у бор эътиборини “Металлург”га қаратган. Ўзи эса хорижда легионер сифатида тўп суришни истамоқда.

Исм-фамилияси: Ислом Қобилов

Позицияси: Ҳимоячи

Клуби: “Бунёдкор”

2018 йилги мусобақада анча ёш кўринган Қобилов бу йил Таиландда ташкил этилган турнирда терма жамоамиз сардори ва етакчиси сифатида қатнашди. Равшан Ҳайдаров Хитойдаги мусобақада ундан иккита учрашувда фойдаланганди. Ўтган вақт давомида эса Қобилов анча ўсишга эришди ва бу ҳол давом этаётгани қувонарли. Эндиликда Вадим Абрамов уни миллий терма жамоага ҳам жалб қилмоқда. Муҳими, у клубида барқарор ўйин кўрсатяпти. Шу боис миллий термага жалб этилаётгани ҳам бежиз эмас.

Исм-фамилияси: Ойбек Рустамов

Позицияси: Ҳимоячи

Клуби: “Қўқон-1912”

Иқтидорли футболчига ўша турнирда учта ўйинда майдонга тушиш насиб қилган. Мураббийлар ундан асосан иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириш мақсадида фойдаланишган. Кейинчалик Ислом Қобилов сингари у ҳам навбатдаги U-23 Осиё мусобақасида етакчилар ролида гавдаланганини ҳали унутмагандирсиз. Клубида ҳам Рустамов ўз ўрнига эга. Балки уни ҳам легионер сифатида кўрсак бундан ажабланмаймиз. У кўпроқ таянч ярим ҳимоясида ўйнайди ва миллий термада бу позицияда рақобат катталигини ҳам унутмаслик лозим.

Исм-фамилияси: Ҳусниддин Ғофуров

Позицияси: Ҳимоячи

Клуби: “Сурхон”

“Сурхон” жамоасида тўп сураётган футболчи Равшан Ҳайдаров олиб кетган таркибда бор эди. Бироқ мусобақа давомида унга бирорта ўйинда майдонга тушиш насиб қилмаган. Чунки рақобат ҳам кучли эди. Лекин бу унинг салоҳиятсиз ўйинчи эканлигини билдирмайди. Мана, ҳозирда Ғофуров “Сурхон”да ўша чемпион мураббийи – Ҳайдаров билан бирга ишламоқда.

Исм-фамилияси: Достон Турсунов

Позицияси: Ҳимоячи

Клуби: “Бусан Парк” (Ж.Корея)

Ҳимоячи сифатида барча фазилатларга эга. Осиё чемпионатида бешта учрашувда жами 510 дақиқани майдонда ўтказган ва гуруҳдаги охирги баҳсда Уммонга қарши кечган ўйинда жуда муҳим голни урганди. Ўша чемпионликдан кейин Турсуновнинг фаолиятида ўсиш сезилди. Эктор Купер уни миллий терма жамоага жалб қила бошлади ва шунингдек, Япония биринчи дивизион вакили – “Ренофа Ямагучи” жамоаси аъзосига айланганди. Ҳозир эса Жанубий Кореяда “Бусак Парк” клуби учун ўйнамоқда. Аммо миллий термага Вадим Абрамов келгач, ҳозирча Достонни йиғинларга чақирмаяпти. Сабабини мураббийнинг ўзи билади.

Исм-фамилияси: Азиз Ғаниев

Позицияси: Ярим ҳимоячи

Клуби: “Шабаб Ал-Аҳли” (БАА)

Унинг ярим финалда Жанубий Корея дарвозасига урган чиройли голини ҳали ҳам эслаб турамиз. Ўша таркибда Ғаниев муҳим фигурага айланганди. Равшан Ҳайдаров ўзининг ўйин услубини Азизнинг атрофида шакллантирганди. “Насаф”да порлаганидан кейин у БААнинг “Шабаб Ал-Аҳли” жамоаси билан шартнома имзолади. Қувонарлиси, у янги клубида ҳам ўз ўрнини топди. Бунга Осиё Чемпионлар лигасидаги мусобақада ҳам гувоҳ бўлдик. Шунингдек, миллий терма жамоамизга ҳам номзод ва Абрамов уни ҳам йиғинларга жалб қилаётганини яхши биласиз.

Исм-фамилияси: Одил Ҳамробеков

Позицияси: Ярим ҳимоячи

Клуби: “Пахтакор”

Ғаниев сингари Ҳамробеков ҳам терма жамоанинг етакчиси бўла олган. У Осиё чемпионатида шу қадар ишончли ўйин кўрсатгандики, якунда мусобақанинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилган. Одил барча ўйинларда иштирок этган ва 596 дақиқа давомида майдонда тўп сурган. Айни пайтда эса, “Пахтакор”да ҳам Ҳамробеков тажрибасини оширганча, жамоасининг етакчиларидан бирига айланиб қолди. Унинг келажагини эса шубҳасиз хорижнинг кучли чемпионатларидан бирида кўраётганимиз ҳам бежиз эмас.

Исм-фамилияси: Жавоҳир Сиддиқов

Позицияси: Ярим ҳимоячи

Клуби: “Пахтакор”

Тиниб-тинчимас ижрочи. Равшан Ҳайдаровнинг яна бир ишонган ўйинчиларидан бири, шу сабабли Сиддиқов ҳам барча учрашувларда тўп сурган ва чемпионлик учун муносиб ҳиссасини қўшганди. Ўша пайтда “Қўқон-1912”да тўп сурарди ва эндиликда мамлакатимизнинг энг кучли клуби – “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилмоқда. Аммо Сиддиқовга осон бўлгани йўқ. Боиси, “Пахтакор”даги дастлабки мавсумида оғир жароҳат сабабли бир неча ой даволанишига тўғри келди. Мана, энди аста-секин яна асосий таркибга қайтишни бошлади. Аслида ундан ҳам умидимиз катта.

Исм-фамилияси: Абдужамол Исроилов

Позицияси: Ярим ҳимоячи

Клуби: “Навбаҳор”

Чорак финалда Японияга қарши учрашувнинг охирги дақиқаларида захирадан майдонга тушган Абдужамол Исроилов учун расмий баҳслардаги ягона ўйин бўлиб қолди. Биламизки, ўша баҳсда вакилларимиз 4:0 ҳисобида японларни тор-мор келтиришганди. Исроилов бугунги кунда “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қиляпти. Аммо оғир жароҳат туфайли у ҳам анча вақтни даволаниш билан ўтказди.

Исм-фамилияси: Дониёр Нарзуллаев

Позицияси: Ярим ҳимоячи

Клуби: “Металлург”

Ўша мусобақадан кейин “Насаф” устози Рўзиқул Бердиевнинг куёви бўлган Дониёр Нарзуллаев бу йилги мавсумни “Металлург”да ўтказяпти. 2018 йилги Осиё чемпионатида эса ушбу ўйинчи ҳам терма жамоамизнинг муҳим фигураларидан бирига айланганди. У 6 та ўйинда 325 дақиқа давомида майдонда тўп сурган. “Металлург”га ўтганидан кейин Нарзуллаевнинг ўйини янада “очилгани” диққатга сазовор.

Исм-фамилияси: Достон Ҳамдамов

Позицияси: Ярим ҳимоячи

Клуби: “Пахтакор”

Ҳозирда “Пахтакор” учун ўйнаб келаётган Ҳамдамов ҳам ўша пайтда Равшан Ҳайдаровнинг ишонган йигитларидан бири эди. Шу сабабли мураббий уни барча ўйинларда майдонга туширган. Табиийки, Достон бунга жавобан ўйинлари ва голлари билан ёрдам берган. Ўша чемпионликдан сўнг унга қизиқувчилар янада ортди. Натижада 2018 йилнинг март ойида Россия премьер-лигаси вакили – “Анжи” клубига кўчиб ўтди. “Тосно”га қарши баҳсда эса ҳамюртимиз дебютини ўтказган. Лекин унинг Россиядаги фаолияти узоқ давом этмади. Ўтган йили “Пахтакор” Ҳамдамовга таклиф билан чиқди ва шундан буён “Шерлар” таркибида ўйнаб келмоқда. Лекин миллий терма жамоамизда мураббийлар унга ҳам жой топишяпти.

ҳамдамов

Исм-фамилияси: Суҳроб Нуруллоев

Позицияси: Ярим ҳимоячи

Клуби: “Динамо”

Раҳим Давронов ва Ҳусниддин Ғофуров сингари Суҳроб Нуруллоевга ҳам Осиё чемпионатида майдонга тушиш насиб қилмаган. Ушбу йигит “Металлург”да ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди, лекин маълум сабабларга кўра у ердан кетди. Ҳозир эса про-лигада “Динамо” шарафини ҳимоя қиляпти.

Исм-фамилияси: Жасур Яхшибоев

Позицияси: Ҳужумчи

Клуби: “Шахтёр” (Беларусь)

5 та ўйинда 3 та гол уриб терма жамоамизнинг тўпурари бўлган. Шубҳасиз, энг иқтидорли футболчилардан бири эди ва голлари билан терма жамоамизга катта фойда келтирган. Лекин унинг “Пахтакор”даги фаолияти бир текис кетмади. Шундан сўнг ярим мавсум АГМКда ўйнагач, омадини излаш учун Беларусь томонларга кетди. Айнан ушбу чемпионатда Яхшибоев легионер сифатида янги қирраларини очишни бошлади. Аввалига “Энергетик-БГУ”да, сўнгра “Шахтёр”да тўпурарлик қобилятини кўрсатиб келмоқда. Натижада миллий термага ҳам жалб қилинмоқда. Унинг келажаги порлоқ эканига ҳамма ишонмоқда. Қолаверса, бу йил Таиланддаги U-23 Осиё чемпионатида ҳам иштирок этиб қайтди.

Исм-фамилияси: Забиҳилло Ўринбоев

Позицияси: Ҳужумчи

Клуби: “Навбаҳор”

Терма жамоамиз сардори ҳисобланган ушбу ҳужумчи барча учрашувларда деярли тўлиқ ўйнаган. Ҳозирда эса “Навбаҳор”да тўп сурмоқда. Ўринбоев хусусида шуни айтишимиз керакки, у асосан турли ёшдаги терма жамоаларда муваффақиятли ўйнаб келган, фақат миллий термадан ташқари. Чунки унга ҳали бош жамоамизда ўйнаш насиб қилгани йўқ. Клублар миқёсида эса Ўринбоевнинг фаолиятини ўртача баҳолаш мумкин. Асли “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Лекин бир қатор клубларда тўп сурган. Масалан, “Металлург”да фаолият олиб борди. Ўтган йили эса Япония жей-лига 2 да ўйнаб қайтди. Бу йил эса “Навбаҳор” таркибида. Гол уриш борасида эса самарадорлиги қониқарли эмас.

Исм-фамилияси: Андрей Сидоров

Позицияси: Ҳужумчи

Клуби: “Динамо”

Биз уни нима учун ҳалигача яхши кўраверамиз? Буни ҳамма билади, ўша қорли финалда захирадан майдонга тушиб охирги сонияларда ҳал қилувчи голни ура олган ва якунда Ўзбекистон чемпионликни тантана қилган. Сидоров эса ўша мусобақада иккита ўйинда захирадан майдонга туширилган. Афсуски, унинг фаолиятида кўтарилиш кузатилмаяпти. Клубларини тез-тез алмаштирмоқда. Бу йилги мавсумни Тожикистоннинг “Хўжанд” клубида бошлаганди, энди бўлса, про-лигада “Динамо” сафида ўйнамоқда.

сидоров_3

Исм-фамилияси: Бобир Абдуҳолиқов

Позицияси: Ҳужумчи

Клуби: “Насаф”

“Насаф” ҳужумчиси ўша турнирда барча ўйинларда иштирок этган, шулардан бештасида захирадан майдонга туширилган. Аммо ҳисобига бирорта гол ёзиб қўя олмаган. Ҳозир эса “Насаф”да тўпурарлик салоҳиятини кўрсатяпти. Шунингдек, у ҳам йил бошида Таиланддаги чемпионатда қатнашган ва битта гол урганди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)