Кечаги куннинг муҳим хабарлари

Кеча сайтимизда ўзбек ва хориж спортига оид кўплаб хабарлар чоп этилди. Улар орасида сайтимиз кузатувчилари қуйидагиларни кўпроқ мутола қилишди.

Сиз кечаги кунинг муҳим хабарларини ўтказиб юборган бўлсангиз, унда бу сиз учун айни муддао.

• "Навбаҳор" клуби ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов инстаграмдаги саҳифаси орқали жамоадан кетганини айтди. SPORTS.uz сайти воқеага аниқлик киритиш мақсадида футболчи билан боғланиб кўрди. Аммо бунинг иложи бўлмади. Бироқ "Навбаҳор" клуби матбуот котиби Остоннинг жамоа билан 1 йиллик шартномаси борлигини маълум қилди.

• Зинедин Зиден бошчилигидаги “Реал” клуби мураббийлар штабида ўзгариш юз берди. Жамоанинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Антонио Пинтус “Интер”га ишга ўтган. Унинг ўрнини эса ЖЧ-2018да Франция терма жамоасида жисмоний тайёргарлик бўйича фаолият олиб борган Грегори Дюпон эгаллади.

• Жорий йилнинг 25 август куни профессионал боксчимиз Олим Назаров WBO international Flyweight Title чемпионлик камари учун жанг ўтказади. “Кичик Тайсон” номи билан машҳур ҳамюртимизга филиппинлик Иван Сориано рақиблик қилади.

• Бразилия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Каземиро Америка кубоги финали олдидан мезбонлар Неймарнинг йўқлигига қарамай, албатта, ғалаба қозонишлари ва цсиз ҳам вазифани бажаришлари шарт эканлигини айтди.

• Ҳамюртимиз Анвар Бойназаров АҚШда чемпионлик камари учун таиландлик Петчпаномрунг Киатмоокаога яъни "Петч"га қарши рингга кўтарилди. Афсуски, ушбу қарама-қаршиликда юртдошимизга бироз омад етишмади. Беш раунддан иборат бўлган жангда рақиб ғалаба қозонди.

• "Атлетико" ва "Барселона" клублари Антуан Гризманнинг трансфери бўйича ишни тезроқ якунлашни мақсад қилишган. Каталонияликлар 28 ёшли жаҳон чемпионининг трансферини 10 июль куни расман эълон қилишади. Унинг “Камп Ноу”даги тақдимот маросими эса орадан 2 кун ўтиб ўтказилиши режалаштирилган.

• Кеча Ўзбекистон лига кубоги гуруҳ босқич охирги туридан ўрин олган 3 та беллашув ўтказилди. “Қизилқум” гарчи “Металлург”ни енгиб, илк ғалабасини қўлга киритса-да, бекободликлар плей-оффга йўл олишди. “Сурхон” бу гал ҳам ғалаба қозона олмади. “Динамо” сафарда “Шўртан”га имкониятни бой берса-да, юришни давом эттирадиган бўлди.

• Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов соҳадаги муаммолар ҳақида гапирди. Мураббий терма жамоа ёшараётгани, чемпионатнинг бугунги ҳолати, ёшларга қаратилаётган эътибор, футзалимиздаги асосий муаммолар, бизга яна хорижлик мураббий керак ёки йўқлиги борасида ўз фикрларини билдирди.