Карвон оғир, йўл узоқ...

Ўтган мавсум мухлисларини ранжитган ҳолда Суперлигани тарк этган “Динамо” бу йил про-лигада иштирок этиб, яна ҳаммасини қайтадан бошламоқчи. Лекин юз берган пандемия самарқандликларнинг ҳам режаларини ўзгартириб юборди.

Табиийки, ҳозирча бу мусобақа қачон бошланиши номаълум. Асосий вазифаси Суперлигага қайтиш бўлган “Динамо”нинг менежери Илҳом Шарипов ҳозирги вазиятдан чиқиш йўлларини ўйлаб қўйган. Унинг фикрлари сизни ҳам  бефарқ қолдирмайди. 

Карантиндан ортиқча вазн билан қайтганлар жазоланади

- Жамоамизда жисмоний тайёргарликка масъул Рафаэль Баласанян бор, - дея гап бошлади Шарипов. - Бош мураббий Тачмурод Агамуродов қандай кўрсатмалар асосида шуғулланиш кераклиги юзасидан дастур берган. Карантинда Баласанян футболчиларга юклама беришни бошлади. Ўйинчилар билан доимий равишда алоқадамиз. Улар уйда машқ бажаришяпти. Биласизми, профессионал футболчи, албатта машғулотларни бекаму-кўст ўташи керак. Биз уларга  ишоняпмиз. Қачондир уларни йиғамиз ва ўшанда футболчиларимизда профессионализм қай даражада экани кўринади. Агар кимдир ўз устида ишламаган бўлса, ортиқча вазн билан келади. Бундай пайтда биз ана шундай ўйинчиларни жаримага тортамиз. Ҳаммаси профессионаллигини кўрсатиши керак. Тушунамиз, бундай пайтда ўйинчиларга ҳам оғир. Барибир уй шароитида спорт формасини йўқотиши табиий. Аммо имкон қадар улар учун керакли кўрсатмалар бериб бориляпти.

“Динамо” ПФЛга қандай таклиф билан чиқмоқчи?

- Куни кеча бўлган онлайн йиғилишда про-лига масаласи кўтарилди. Энди мусобақа ўтказиш формати ўзгариши аниқ. Бу масалада биздан маслаҳат сўрашяпти. Клублар ўз таклифлари билан чиқишди. Масалан, “Шўртан” ҳам ўз таклифини билдирди. Водий вилоятлари ҳозирча қизил ҳудудда. Фарғонанинг ўзида тўртта жамоа бор. Тошкент ва водий жамоаларини бир жойга йиғиб, ўйинларни ўтказса ҳам бўлади. Бу томондаги жамоалар - “Динамо”, “Зомин”, “Хоразм” ва “Шўртан” эса Қашқадарёда ўйнаши мумкин.

шарипов

Мана шундай қилиб про-лигани бошласа ҳам бўлади. Аммо бир жамоанинг маълум муддатга  бошқа вилоятга бориб ўйнаши ва бошқа ташкилий масалаларга пули етадими? Бу ҳам муаммоли вазият. Лекин бир иложини қилиб, про-лигани бошлаш керак. Бизнинг таклиф ҳам икки гуруҳга бўлиниб, қайсидир вилоятда мусобақани ўтказишдан иборат. Чемпионатга рухсат берилган тақдирда ҳам Самарқанд қизил ҳудудга киритилгани боис бу ерга ҳеч қайси жамоа кела олмайди. Биз эса Фарғонага бормаймиз. Шундай экан, иккита гуруҳга бўлиниб, Тошкент ва Қашқадарёда ўйнаб турсак бўлади.

Ҳар бир жамоанинг тайёргарлиги учун камида 14 кун вақт талаб этилади. Агар ҳукуматимиз рухсат берса, ҳар бир клуб ўз базасида изоляция қилинган ҳолда ҳеч қаерга чиқмасдан шуғулланарди. Бу орқали мусобақагача спорт формасини тиклаб олиш мумкин.

Бизнинг таклифларимиздан яна бири мухлислар билан боғлиқ. Биз ким учун ўйнаймиз? Табиийки, ишқибозлар учун. Албатта, мухлисларсиз ўйнаш футболчиларнинг кайфиятига таъсир қилади. Биз про-лиганинг барча ўйинларини “Спорт” телеканали орқали эфирга узатилишини хоҳлаймиз. Жамоалар иккита гуруҳга бўлиниб, иккита вилоятда ўйнаса, учрашувларни эфирга узатиш ҳам осонроқ кечади. 

Клубнинг молиявий ҳолати ҳақида

- Бизда ҳам молиявий аҳвол оғир. Бироқ аста-секин қарзларимиз ёпиляпти. Ҳокимиятни ҳам тушунамиз. Шунга қарамай, ёрдам беришяпти. “Динамо”да шундайки, футболчилар катта ойлик маош олмаслиги мумкин, аммо ҳаммаси тўланади. Шунинг учун бизда пулимни бермади, қабилида ёзди-чиздилар йўқ.

“Насаф”дан Алишер Юсупов “Динамо”га таклиф этилди

- Жамоадан саккиз нафар ўйинчи кетган. Лекин ўтган йилги таркибнинг 75 фоизини сақлаб қолганмиз. “Насаф”, “Машъал” сингари жамоалардан “Динамо”ни кучайтира оладиган ўйинчиларни олдик. Ишонаманки, ушбу таркиб билан биз Суперлигага қайтамиз. “Шўртан”дан Аваз Агалиевни қайтардик. “Насаф”да тўп сурган Алишер Юсупов билан ҳам шартнома туздик. Шунингдек, африкалик легионер Файсал Траоре ҳам жамоамизда шуғулланиб юрганди. Аммо ҳали ҳам уни ҳужжати етиб келмаган. Унинг масаласи бироз муаммо туғдириши мумкин. Ҳар бир легионерни рўйхатдан ўтказиш учун ПФЛга 50 миллион сўм пул ўтказиш керак. Фараз қилайлик, пулни тўласаг-у, аммо чемпионат бошланмаса?! Шунинг учун ҳозирча легионер масаласи тўхтаб турибди.

динамо2

Мақсад ўзгармаган...

- Пандемиями ёки бошқами, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Динамо”нинг мақсади битта – Суперлигага қайтиш! Шунинг учун ҳокимият Тачмурод Агамуродовни ҳам жамоада қолдирган. Жамоамизнинг ушбу мураббий билан Суперлигага чиқишини исташяпти. Бизда бундан бошқа вазифа йўқ.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
vatan@
11/05/2020 19:20
Dinamo klubi qachon mutadil super ligada uynaydi bizni viloyat sharafini qachon munosib himoya qiladi buni viloyat mutasaddilari uylab kurishini iltimos qilardim zero Samarqanddek viloyatning N1 klubu pro ligada yursa buyam yetmaganday super ligaga chiqib olganda ham tarkib maksim
Darajada kuchaymasa bu hanham yetmaganday 2-davrada umuman uynau
uynamay quysa biz muxlislarni ham eshtib bizni ham uylaydiganlar bor degan umiddamiz.