Карточкалар борасида ким етакчи? Роналду ёки Месси?

Лео ўзининг клуб сафидаги 753 учрашувида илк қизил карточкасини олди. Суперкубокнинг сўнгги дақиқаларида аргентиналик футболчининг асаблари дош беролмай қолди. Оқибатда, у рақиб юзига зарба бериб юборди. Тез орада бу карточка Мессини нечта учрашувга четлатишини билиб оламиз. Маълумотларга қараганда, бу рақам 4-12 ўйин атрофида бўлиши кутилмоқда.

Тўғри, аслида Лео қизил карточка билан биринчи маротаба тўқнаш келмаяпти. Бунга қадар, футболчи неча бор сариқ ва қизил карточка олган. Бу кўрсаткичларни унинг азалий рақобатчиси Криштиану Роналдуники билан солиштирса нима бўлади? Бугун шу саволларга жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Сариқ карточкалар

Роналду - Месси 124:86

Roni21

Бу йигитлар ҳужум ташкил этиш ва уни якунлаш учун маъсул. Шу боис, бу карточкаларининг барчаси ҳиссиётларни жиловлай олмаган эпизодлардан эсдалик бўлиб қолган десак, адашмаган бўламиз. Роналду қизиққон футболчи. Шунинг учун, унинг ҳакамлар билан диалоглари кўпинча сариқ карточка билан якун топади. Лео эса, анча босиқ. Айниқса, аргентиналик футболчи ёшлик чоғида рақибларнинг агрессив ҳаракатларига умуман эътибор бермас эди. Улғайгач, ўзи учун ишлатилган фолларнинг бирортасини босиқлик билан қабул қилмайдиган бўлиб бормоқда.

Қизил карточкалар

Роналду – Месси 11:3

roni1

Лео профессионал даражадаги ўзининг деярли 900 ўйинида 3-қизил карточкасини олди. Эътиборлиси шундаки, Лео бундан 14 йил аввал қизил карточкага лойиқ кўрилган эди. Бу вақт оралиғида Криш нақд 10 бор учрашувни эрта якунлашга улгурди. Португалиялик футболчининг ҳисобида 11 та қизил карточка мавжуд. Уларнинг барчаси клуб сафида олинган. Роналду терма жамоасини ҳали бирор маротаба оғир аҳволда ташлаб кетмаган.

Roni3

Шундай бўлса-да, уни терма либосида ўзгача футболчи, деб бўлмайди. 24 сариқ карточка бежиз кўрсатилмаган. Месси эса, унинг тамомила акси. Шу кунга қадар, Лео 2005 ва 2019 йилда терма жамоа сафида майдондан четлатилган эди.

Қизил карточкалар кетма-кетлиги

1. Роналду — 15 май 2004 йил. АПЛ. «Астон Вилла» — МЮ (0:2)
2. Месси — 15 август 2005 йил. Венгрия — Аргентина (0:2)
3. Роналду — 14 январь 2006 йил. АПЛ. «Манчестер Сити» — МЮ (3:1)
4. Роналду — 15 август 2007 йил .АПЛ. «Портсмут» — МЮ (1:1)
5. Роналду — 30 ноябрь 2008 йил. АПЛ. «Манчестер Сити» — МЮ (0:1)
6. Роналду — 5 декабрь 2009 йил. Ла Лиги. «Реал» — «Альмерия» (4:2)
7. Роналду — 24 январь 2010 йил. Ла Лиги. «Реал» — «Малага» (2:0)
8. Роналду — 17 май 2013 йил. Қирол кубоги. «Реал» — «Атлетико» (1:2)
9. Роналду — 2 февраль 2014 йил. Ла Лиги. «Атлетик» — «Реал» (1:1)
10. Роналду — 24 январь 2015 йил. Ла Лиги. «Кордоба» — «Реал» (1:2)
11. Роналду — 13 август 2017 йил. Испания суперкубоги. «Барселона» — «Реал» (1:3)
12. Роналду — 19 сентябрь 2018 йил. ЕЧЛ. «Валенсия» — «Ювентус» (0:2)
13. Месси — 6 июль 2019 йил. Копа Америка Аргентина. — Чили (2:1)
14. Месси — 17 январь 2021 йил. Испания суперкубоги. «Барселона» — «Атлетик» (2:3)

Roni5

Факт ва статистикалар

- Роналду ва Месси ўзининг илк қизил карточкаларини 15-санада ва 15 ой фарқ билан олган.

- Лео Месси «Барселона» сафида бир бор, терма жамоа либосида 2 бор майдондан четлатилган. Роналду эса, «Реал»(6), «Манчестер Юнайтед» (4), ва «Ювентус» (1) клублари либосида ўйиндан четлаштирилган.

- Лео ўзининг Аргентина терма жамоасидаги дебют учрашувида 64-дақиқада ҳакам томонидан четлатилган. Эътиборлиси шундаки, 18 ёшли Месси майдонга тушганидан 18 дақиқа ўтиб, уни тарк этишга мажбур бўлган.

- Криштиану ҳам дебют учрашувда ўйиндан четлатилиш нима эканлигини яхши билади. У «Ювентус» сафидаги ўзининг ЕЧЛ доирасидаги илк учрашувида қизил карточкага лойиқ кўрилган. «Валенсия»га қарши баҳсда португалиялик футболчи майдонда атиги 29 дақиқа ҳаракат қилган.

- Роналду "Манчестер дербиси"да икки бор ўйинни қолганлардан эртароқ якунлашга мажбур бўлган. Ҳужумчи бошқа бирорта дербида қизил карточка олмаган.

- Месси олган қизил карточкаларнинг барчаси тўғридан-тўғри кўрсатилган. Бу кўрсаткич Роналдуда 7 тага тенг. Шунингдек, Криш 4 бор иккинчи сариқ карточка сабабли майдондан четлатилган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар