Карантинда томоша қилиш учун ретро ўйинлар топ-10 лиги

Шундай ўйинлар борки, орадан неча йил ўтган бўлса-да, ҳалигача ҳаяжон билан кўрса бўлади. Ҳар сафар қайта кўраётганда, аввал кўрмаган жиҳатларингизни илғашингиз мумкин.

Ҳозир сизларга футбол тарихидаги энг эсда қоларли ўйинлар ўнталигини тавсия қиламиз.

10. “Манчестер Юнайтед” – “Реал Мадрид” – 4:3

Чемпионлар Лигаси чорак финали – 2002/2003, жавоб учрашуви

Мадриддаги 3:1 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг манчестерликлар “Орзулар театри”да 2 та гол фарқи билан ғалаба қозониши керак эди. Аммо “Реал” ўз номи билан “галактикос” эди: Зидан, Фигу, Роналдо, Роберто Карлос, Рауль ва Макелеле.

“Қизил иблислар” ўз юришларини тўхтатишди. Аммо бошини тик тутган ҳолда мусобақани тарк этди. Ўйинни албатта томоша қилишингиз керак, ҳеч бўлмаганда Дэвид Бекхэмнинг жарима зарбасидан урган ажойиб голи учун.

Бу ўйинни Роман Абрамович трибунадан туриб томоша қилган эди. Ҳаяжонга бой ўйиндан завқланган Абрамович тез орада “Челси”ни сотиб олишга қарор қилди ва Англия трансфер бозорида “катта портлаш” ҳосил қилди.

9. “Челси” – “Бавария” – 1:1, пен. 4-3

Чемпионлар Лигаси финали – 2011/2012

Жуда ғалати ўйин бўлган эди. Сценарий бўйича бутун Европада кучли ҳисобланаётган “Бавария” ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмаслиги керак эди. Бундан ташқари финал ўз уйида – “Альянц-Арена”да бўлаётганди. Лондон клуби устозининг таржибаси ҳам ҳамин қадар.

Лекин Юпп Хайнкес шогирдлари мўжиза туфайли совринни қўлдан чиқаришди. “Аристократлар”нинг олтин авлоди бўлмиш Чех, Терри, Лэмпард ва Дрогба учун Чемпионлар Лигаси совринини қўлга киритиш учун охирги имконият эди. Улар бу имкониятдан унумли фойдаланишди.

Сиз бу ўйинда “автобус” ҳимояни, Мюллернинг голини, Дрогбанинг бош билан урган голини кўришингиз мумкин. Андрей Шевченко кейинчалик бу ўйин ҳақида фикр билдираётганда: “Бир дўстимга ўйиндан олдин “Челси” биринчи бурчак зарбасидаёқ гол уришини айтиб ўтгандим” – дейди.

88 дақиқадаги биринчи бурчак зарбаси Дрогбанинг голи билан якунланди. Кейин эса қўшимча дақиқалар, Роббен пенальтидан унумли фойдалана олмайди, пенальтилар сериясида эса Дрогба ҳал қилувчи голни уради.

8. Испания – Италия – 4:0

Евро-2012 финали

Ispaniya

Бу - Испаниянинг Европа чемпионлигини ҳимояси учун майдонга чиққан ўйин эди.  Киевдаги “Олимпийский” стадионида бўлиб ўтган баҳс Висенте Дель Боске қўл остидаги жамоа учун охирги шоҳсупага чиқиш имконияти эди. Шундан сўнг терма жамоанинг ўйинлари пасайиб кетди.

Аммо испанлар қисқа муддатда жуда ажойиб тарих ярата олишди. Майдонда тўртта ҳимоячи ва олтита ярим ҳимоячи бор эди. Жамоа ҳужумчисиз ҳаракат қилди. Хаби Алонсо, Бускетс, Хави, Иньеста, Сильва ва Фабрегас. Бирорта номинал ҳужумчи йўқ! “Алдамчи тўққизлик”да эса Сильва, Фабрегас ва ҳатто Иньеста вақти-вақти билан алмашиб турар эди.

Бу ўйинни албатта кўринг!

7. “Барселона” – “Динамо” Киев – 0:4

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи – 1997/1998

Ван Гал бошчилигидаги “кўк-анорранглилар”ни ўртамиёна Европа клуби шунчаки ер билан яксон қилишди. Киевликлар мўъжиза кўрсатишган эди. “Динамо”чилар шундай ҳаракат қилишардики, гўё улар майдонда битта кўп бўлиб ҳаракатланаётгандек таассурот уйғотишарди.

Ўйинни энди кўзга кўринаётган бўлажак юлдуз – Шевченко учун ҳам кўриш зарур. Ўша ўйинда у хет-трик қайд этган.

6. “Ливерпуль” – “Барселона” – 4:0

Чемпионлар Лигаси ярим финали – 2018/2019, жавоб учрашуви

“Энфилд” – мистик стадион. Венгер, Фергюсон, Гвардиола – бу мураббийларнинг ҳар бири стадион атмосфераси метафизик даражада эканлиги, бу ерда мўъжизавий нимадир борлигини таъкидлашган.

Худди шундай воқеа ўтган мавсумда ҳам содир бўлди. “Қизиллар”нинг ажойиб прессинглари, Алиссоннинг сейвлари, Арнольднинг бурчак зарбаси – ўйинни кўриш учун сабаблар бисёр. Энг қизиғи – бу мўъжиза етакчи футболчилар бўлмиш Муҳаммад Салоҳ ва Роберто Фирминосиз амалга ошди.

“Reply” тугмасини босиш учун муносиб сабаб.

5. “Бавария” – “Атлетико Мадрид” – 2:1

Чемпионлар Лигаси ярим финали – 2015/2016, жавоб учрашуви

Гвардиола Симеонега қарши. Бу ўйин ҳақида афишаларда шундай ёзилганди: “Идеал ҳимояга қарши идеал ҳужум”. Мадридликллар Мюнхенга ўз уйларидаги 1:0 ҳисобини сақлаб қолиш учун ташриф буюришганди.  “Бавария” эса иложи борича 2 та гол уришни мақсад қилган.

Аммо ўша куни ҳимоявий тактика иш бермади. Мюнхенликлар ўз мақсадларига эришди. Лекин Симеоне жамоаси муносиб қаршилик қилган эди. Гвардиола учун эса немислар билан халқаро аренадаги сўнгги ўйин эди. Кейинги манзил эса "Туманли Альбион" бўлди.

4. Бразилия – Германия – 1:7

Жаҳон Чемпионати-2014 –  ярим финал

Brazil

Нафақат трибунадагиларни, балки бутун дунёни шокка тушириб қўйган ўйин. “Бундестим” шунчаки фантастик тарзда ҳаракат қилди ва Мирослав Клозенинг Жаҳон Чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурарга айланишига ёрдам берди.

Попкорнни ғамлаб олинг ва ўйинни томоша қилинг.

3. “Барселона” – “ПСЖ” – 6:1

Чемпионлар Лигаси чорак финали – 2016/2017, жавоб учрашуви

Ўша куни 8 март эркаклар учун энг яхши кунга айланганди. “Барселона” ўз уйида ғалаба қозонишини ҳамма тушуниб турган эди, шу билан бирга парижликлар ҳам  4 та голни йўққа чиқарадиган ҳаваскор футболчилар эмаслигини ҳам. Аммо ўйин бутунлар бошқача кечди.

Серхи Робертонинг голи бутун стадионни “портлашига” сабаб бўлди. “Каталония мўъжизаси” карантин пайтида кўришга арзийдиган энг зўр ўйинлардан бири.

2. “Манчестер Юнайтед” – “Бавария” – 2:1

Чемпионлар Лигаси финали – 1998/1999

MYU

Гари Невилл ўз автобиографиясида бу ўйин ҳақида шундай ёзади:

“Биз ҳаммамиз чарчаган эдик. Билмадим, қаердан пайдо бўлди, аммо мен ўзимда куч топдим. Тасодифан чап қанотда пайдо бўлдим ва бурчак зарбаси ишлаб олдим. Бу афсонавий камбек эди. Шеррингем гол урди. Ҳаяжон билан голни нишонладик. Биз ўйинга қайтган эдик. Кейин эса Сульшер ғалаба голини урди ва треблга эришдик ”

Орадан 20 йил ўтган бўлса ҳам бу ўйин миллионлаб томошабинлар қайта ва қайта томоша қиладиган, ҳаяжонга бой финаллардан биридир.

1. “Милан” – “Ливерпуль” – 3:3, пен. 2-3

Чемпионлар Лигаси финали – 2004/2005

Фильм олса бўладиган классик ўйин!

Карло Анчелотти ўз хотиралари билан ўртоқлашди: “Мен шогирдларимга жуда қимматли маслаҳатни бераман: ҳеч қачон хотиржамликка берилмаслик керак. Мен 3:0 ҳисобида олдинда бориб ҳам, Чемпионлар Лигасини финалида ютқазганман.”

Рафаэль Бенитес танаффус вақтида тактикани ўзгартирди. Жеррарднинг позицияси ўзгарган эди. Бу нарса ўйин тақдирини ҳал қилди. Истанбулда “You will never walk alone” куйланган эди!

Агар кимдир энди футбол кўришни бошлаётган бўлса ва қай ўйинни кўришни билмай боши қотган бўлса, “Истанбул мўъжизаси”ни қўйиб беринг. Бемалол у билан ўзингиз ҳам томоша қилсангиз бўлади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)