Канчельскис Шомуродовга Европа футболида ўйнаш усулини ўргатди. Элдорни Роналду билан рақобат кутмоқда

“Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис “Женоа”га ўтиши ҳал бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовга Европа футболида ўйнаб кетиш бўйича қимматли маслаҳатларни берди.

9051584337091_1

- Менга Элдор Шомуродов жуда ёқади. У ўткир гол сезиш қобилиятига эга ажойиб ҳужумчи. Пандемия туфайли ўйини пасайган эди. Бу вирус бутун дунёга таъсирини ўтказди. Ҳозир оптимал формасини тиклаб олди ва А Серияда ўзини кўрсатишга қодир. Элдор Генуяга кетяпти ва у ерда денгиз маҳсулотларининг энг саралари бор. Шомуродовга ушбу шаҳар ҳаётига киришиб кетишини ва тезроқ итальянчани ўрганиб олишини тилайман. “Женоа”нинг ажойиб стадиони ва яхши ривожланган инфратузилмаси бор. Элдор у ерда ўз устидан ишлаб, нималарга қодирлигини исботласа бўлди. Бу зўр ҳужумчига жуда яхши янги синов бўлади, - деди Андрей Канчельскис.

Таъкидлаш жоизки, Андрей Канчельскиснинг ўзи Англияда “Манчестер Юнайтед”, “Эвертон”, “Манчестер Сити”, “Саутгемптон”, Италияда “Фиорентина” ва Шотландияда “Рейнжерс” жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Машҳур футболчи Англия ва Шотландия чемпионлигига сазовор бўлган. Канчельскис ўз вақтида футболчи сифатида Европа футболида ўз ўрнига эга бўлгани инобатга олиб, унинг маслаҳатлари Элдор учун фойдали бўлиши аниқ.

960-600-andrej-kanchelskis

Шу ўринда, Элдорнинг янги иш жойига айланиши кутилаётган “Женоа” жамоаси ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтамиз. “Женоа” 1893 йилда тузилган Италиянинг энг қадимги клубларидан бири. 1898  йилда ташкил этилган биринчи чемпионатдаги дебютини “Торино”га қарши учрашувдаги ғалаба билан бошлаган. Генуяликлар ўша даслабки мавсумда чемпионликни қўлга киритган ва кейинги икки чемпионатда ўз  унвонини муносиб ҳимоя қила олган эди. Генуяликлар умумий ҳисобда тўққиз маротаба Италия чемпиони бўлган ва бир марта мамлакат кубогини қўлга киритган. Лекин бу музаффар онлар узоқ ўтмишда қолиб кетган.

Янги тарихда “Женоа” катта ғалабалардан узоқда юрибди. Бугунги кунда “Женоа” А Сериянинг ўртамиёна жамоаларидан бирига айланиб қолган. Уй  ўйинларини 36 мингдан зиёд мухлисни ўз бағрига сиғдирадиган "Луижи Феррарис" стадионида ўтказадиган ушбу жамоага жорий мавсумда Роландо Маран бош мураббийлик қилмоқда.

Жамоанинг ҳозирги таркибида Маттиа Перин, Федерико Маркетти, Кристиан Сапата, Доменико Кришито, Давиде Дзаппакоста, Лука Пеллегрини, Валон Бехрами, Горан Пандев каби машҳур футболчилар тўп сурмоқда.

BB17gj4g

Сўнгги маълумотларга қараганда, Италия клуби Элдор Шомуродов учун 9 миллион евро ва қўшимча бонуслар тўлайдиган бўлди. Бундан ташқари, генуяликлар келажакда ўзбекистонлик ҳужумчини бошқа жамоага трансфер қиладиган бўлса,  келиб тушадиган суммадан 15 фоиз улушни "Ростов" клубига ўтказиб беради.

Элдор Шомуродов Италияга кўчиб ўтадиган бўлса, ўзбекистонлик мухлислар орасида А Серияга бўлган қизиқиш кескин ортиши аниқ. Энг қизиғи эса, Элдор Шомуродов ҳужумчи сифатида гол уриш бўйича Криштиану Роналду, Златан Иброҳимович, Андреа Белотти, Чиро Иммобиле, Ромелу Лукаку, Лаутаро Мартинес каби юлдузлар билан рақобатлашишига тўғри келади.

Ўзбек футболининг бугунги кундаги энг зўр ҳужумчисининг нималарга қодир эканини, албатта, вақт кўрсатади. 

Шомуродовнинг нархи қанча? “Ростов” “Женоа”нинг 8 миллионини менсимади ёхуд Элдорга Европадан яна учта таклиф бор

"Женоа" Элдор Шомуродовни оляпти

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)