Камбэк қилишни ўрганган ПСЖ, ярим финалдаги дебютант, рок н-роллга қиёсланган

12-15 август кунлари Лиссабонда мусобақанинг 1/4 финал баҳслари бўлиб ўтди. Битта ўйиндан иборат беллашувларда кутилмаган натижалар қайд этилди. Қуйида ушбу учрашувларга тўхталамиз.

ПСЖ ҳам камбэк қила олади

“Аталанта” – ПСЖ учрашувида италияликлар ёмон ўйин намойиш этишмади. Марио Пашалич 27-дақиқада ҳисобни очди. Унинг голи 89-дақиқагача жамоасига ғалаба келтираётганди. Бироқ парижликлар охирги дақиқа ва қўшимча вақтларда икки бор дарвозани ишғол этишди ва ярим финалга йўл олишди.

ПСЖ ушбу мусобақада бир неча йиллардан бери камбэклар қурбони бўлаётганди. Мана энди жамоа тажриба тўплади ва ўзи ҳам ирода намойиш этишни бошлади.

Париж клуби сўнгги бор 1994/95 йилги мавсумда ярим финалга чиққан ва ўшанда “Милан”га (0:1, 0:2) имкониятни бой берганди. Шу тариқа, ПСЖ 25 йил деганда яна ярим финалда ўйнайдиган бўлди. Қайд этиш жоиз, 12 августда ПСЖ клубининг ташкил этилганига 50 йил тўлди.

EfP_4GSXgAEJKA2

Парижликлар ЕЧЛ доирасида кетма-кет 33 ўйиндан бери гол уриб келмоқда. Клуб охирги марта 2016 йил апрелида “Манчестер Сити”га қарши чорак финалнинг жавоб ўйинида (0:1) дарвозани ишғол этолмаганди.

Мусобақа рекорди эса “Реал”га тегишли. Мадрид клуби 2011 йил майидан 2014 йил апрелига қадар кетма-кет 34 учрашувда гол урган.

Италия клублари Чемпионлар Лигаси бош совринини кетма-кет 10 йилдан бери қўлга кирита олмаяпти. Сўнгги бор А Cерия жамоаларидан “Интер” 2009/10 йилги мавсумда ЕЧЛда ғолиб бўлганди. Бундан узунроқ cерия эса 16 йилни ташкил этади. 1968/69 йилги мавсум “Милан” бош совринга эга чиққан. Орадан 16 йил ўтиб, 1984/85 йилги мавсумда эса “Ювентус” мусобақа ғолибига айланган.

Дебютант ярим финалда

«Лейпциг» Испаниянинг «Атлетико» жамоасини мусобақадан чиқариб юборди. Аввалига немис клуби 50-дақиқада Дани Ольмонинг голи эвазига ҳисобни очганди. 71-дақиқада Жоао Фелиш пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. 88-дақиқада эса Тайлор Адамснинг голи «Лейпциг»га ғалаба келтирди.

Мусобақанинг амалдаги ғолиби «Ливерпуль»ни олдинги босқичда ортда қолдир «Атлетико» чорак финалда тўхтади. “Матрасчилар” қаторасига 3 мавсумдан буён ярим финалга чиқа олмаяпти. 2018/19 йилги мавсумда Диего Симеоне шогирдларини 1/8 финалда "Ювентус” (2:0, 0:3) доғда қолдириб кетган бўлса, 2017/18 йилги мавсумда эса улар ҳатто гуруҳдан ҳам чиқа олмаган эди. Ла Лига клублари 13 йилда илк бор ярим финалда иштирок этмайдиган бўлди.

EfUvZDqWAAMANQg

“Лейпциг” ўз тарихида илк бор ЕЧЛ ярим финали йўлланмасига эга чиқди. Клубга 2009 йилда асос солинган. Жамоа фақат 2019/20 йилги мавсумга келиб ЕЧЛда дебют қилди.

Жамоа гуруҳ босқичида “Зенит”, “Лион” ва “Бенфика” билан кураш олиб борди. Плей-оффга гуруҳ босқичида 1-ўринни қўлга киритган ҳолда чиқди. 1/8 финалда эса Жозе Моуриньо қўл остидаги “Тоттенхэм”ни (3:0, 1:0) таслим қилди.

Немис клуби бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ярим финал йўлланмасини қўлга киритган энг ёш мураббийга айланди.

Рок н-ролл

“Барселона” – “Бавария” учрашуви рок н-роллга қиёсланмоқда. Авваллари каталонияликлар рақибларини шундай мағлуб этарди. Ҳозир эса жамоанинг ўзи шу аҳволга тушиб қолди. “Барселона”да инқироз даври. Бундан мюнхенликлар фойдаланишди.

«Барселона»ни 8:2 ҳисобида енгган «Бавария» яримфиналга чиқди. Биринчи бўлим тўлиқ «Бавария»нинг устунлиги остида ўтди. Дастлабки 31 дақиқанинг ўзида немислар тўртта гол уришди. Томас Мюллер дубль қайд этган бўлса, Иван Перишич ва Серж Гнабри дарвозани бир мартадан ишғол этишди. 7-дақиқада эса Давид Алаба ўз дарвозасига гол уриб қўйди. Иккинчи бўлим аввалига Суарес ҳисобни қисқартирганди, аммо Киммих 63-дақиқада Дэвиснинг рейдидан сўнг ҳисобни яна йирик кўринишга келтирди – 2:5.

EfaOEKHX0AAJZZ0

Кейин фақат «Бавария» гол урди. Коутиньо дубл қайд этган бўлса, Левандовский ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Мазкур баҳс мусобақа тарихидаги энг сермаҳсул ўйинлар рейтингида учинчи ўриндан жой олди.

Учрашувдан кейин Франциянинг нуфузли L’Equipe нашри футболчи ва мураббийларни ўз рейтинг баллари билан баҳолади. Каталонияликларнинг ўртача натижаси 2,7 баллни ташкил этган. Луис Суарес (4) энг яхши, Тер Штеген, Хорди Альба, Клеман Ленгле ва Лионель Месси эса 3 баллдан баҳоланди. Жамоа бош мураббийи Кике Сетьенга эса атиги бир балл қўйилди. Аввалроқ, нашр ҳеч қайси мутахассисга бунчалик паст балл бермаганди.

“Лион” ҳазиллашмаяпти

1/8 финалда «Ювентус»ни турнирдан чиқариб юборган «Лион» чорак финалда Гвардиоланинг «Манчестер Сити»сини мағлуб этди. Корне ва Дембеленинг (2 та) голлари французларни кейинги босқичга олиб чиқди. «Шаҳарликлар»нинг ягона жавоб тўпини Де Брюйне киритди.

Француз клуби ярим финалга чиқди ва 10 йил ўтиб, еврокубоклардаги энг яхши натижасини такрорлади. «Лион» 2010 йили ҳам 1/2 финалгача етиб келган ва «Бавария»га (0:1, 0:3) мағлуб бўлган. Эътиборлиси, ярим финалда «шерлар»ни бу сафар ҳам Мюнхен клуби кутиб турибди.

Шунингдек, «Лион» 1964 йили Кубок эгалари кубогида, 2017 йили Европа Лигасида ҳам ярим финалгача етиб келган.

Effl1Q9XgAEwmOX

ЕЧЛ. 1/4 финал

12 август
Аталанта - ПСЖ 1:2
Голлар: Марио Пашалич 27 – Маркиньос 90, Эрик Шупо-Мотинг 90+3

13 август
Лейпциг - Атлетико 2:1
Голлар: Дани Ольмо 51, Тайлер Адамс 88 – Жоау Феликс пенальти 71

14 август
Барселона - Бавария 2:8
Голлар: Давид Алаба автогол 7, Луис Суарес 57 – Томас Мюллер 4, 31, Иван Перишич 22, Серж Гнабри 28, Йозуа Киммих 63, Роберт Левандовски 82, Филиппе Коутиньо 85, 89

15 август
Манчестер Сити - Лион 1:3
Голлар: Кевин де Брюйне 69 – Максвель Корне 24, Мусса Дембеле 79, 87

Шу тариқа, турнирнинг биринчи ярим финалида ПСЖ 18 август куни «Лейпциг»га қарши, иккинчи ярим финалда «Лион» 19 август куни «Бавария» билан тўқнаш келади. Финал учрашуви 23 август куни “Эштадиу ду Бенфика”да ўтказилади.

Ярим финаллар
18 август
“РБ Лейпциг” – ПСЖ

19 август
“Лион” – “Бавария”

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар