Камару Усман-Хорхе Масвидаль жангида кимнинг имконияти юқори? Ўзбекистон яккакураш олами вакиллари жавоб берди

25 апрель куни “UFC 261” турнири бўлиб ўтади. Мазкур жанг кечасининг марказий жанги ярим ўрта вазн тоифаси чемпиони Камару Усман ҳамда BMF чемпионлик камари соҳиби Хорхе Масвидаль ўртасида ташкил этилади. Улар иккинчи бор жанг қилади. Дастлабкисида нигериялик Усман очколар ҳисобида ғалаба қозонганди.

Бу сафар имкониятлар қандай? Биз бу борада Ўзбекистон яккакураш олами вакилларининг фикрига қизиқдик.

Жасур Неъматов – Ўзбекистон К-1 федерацияси раиси

- Тўғриси, Хорхе Масвидалнинг жанг олиб бориш услуби жуда ёқади ва мен унга мухлислик қиламан. Камару Усман жуда кучли жангчи ҳисобланади, буни исботлаб ҳам келмоқда. Дивизиондаги барча кучли рақибларни жумладан, Тайрон Вудли, Колби Ковингтон, Гилберт Бёрнс ва биринчи жангда Масвидални ҳам мағлуб эта олган. Шундай бўлса-да, бу сафар Хорхени ғалабасига ишоняпман ва умид қиламан.

жасурбек

Ҳумоюн Тўхтамуродов – ММА жангчиси

- Масвидаль ўзига хос ажойиб жангчи. Унда кутилмаган зарбалар, юқори тезлик, характер ва ноодатий ҳаракатлар бор. Албатта, Камару Усманнинг ҳам ўзига яраша устунлик томонлари мавжуд. У жуда чидамли жангчи ҳисобланади. Агар, Масвидаль аввалги жангдаги хатоларини тўғирлай олган бўлса, Усманни мағлуб этиш имконияти бор. Умуман олганда, ҳар иккиси жуда кучли ва улар ўртасидаги тўқнашувни октагон ҳал қилади. Шу ўринда таъкидлаб ўтишим мумкинки, Масвидаль менинг кумирим ҳисобланади.

хумо_1

Ҳумоюн Ибрагимов –ММА жангчиси

- Тахминимча биринчи жангдаги натижа яна такрорланади. Усман бошланғич раундларда Масвидални октагон четига олиб бориб, чарчатишга ҳаракат қилади ва сўнгги раундларда фаоллашади. Натижада ҳакамлар қарорига мувофиқ ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Аммо бу ММА! Шундай экан сюрпризлар бўлиб туради. Мен ҳам Масвидалдан шундай сюрприз кўришни хоҳлардим. Бироқ бу қийиндек туюлмоқда!

хумо1

Мавлон Қаҳҳоров – К-1 бўйича мураббий ва рефери

- Жуда зўр жанг бўлади. Аввалгиси ҳам ажойиб тарзда бошланганди. Бироқ Масвидални жисмоний ҳолати панд бериб қўйди. Бу сафар Масвидални “форма”си ва “кардио”си етса, у ҳам кўп иш қила олади. Аммо Усман кураш томонлама устун. “Партер”га тушира олса, Масвидалга қийин бўлади. Имкониятларни 50/50 баҳолаган бўлардим.

мавлон

Бекзод Абдураҳмонов – эркин курашчи, ММА жангчиси

- Яхши савиядаги жангчилар... Усман анчадан буён бу вазн тоифасида яққол етакчи эканлигини исботлаб келмоқда. Қатор кучли рақибларни мағлуб этди ва хақли тарзда чемпион бўлиб турибди. Масвидаль ҳам оддий жанги эмас, унинг кутилмаган юришлари мавжуд. Бироқ бу камлик қилади назаримда! Демоқчиманки, бу сафар ҳам Усман ютади.

бек_2

Мавлуд Тифиев –профессионал муайтай, К-1 жангчиси

- Ўйлайманки, иккинчи жанг ҳам мухлисларни зериктириб қўймаса керак, юқори даражадаги жангчилар тўқнашуви ҳар доим томошабоп бўлади. Масвидаль яхши жангчи лекин Усманни ютиш қийинроқ, деб ўйлайман. Усман биринчи ва иккинчи раундаларда “тэйк-даун”лар билан чарчатиб, учинчи раундда ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Албатта, бу шахсий фикрим!

мавлуд

Қодирхон Ғозихонов – ММА жангчиси

- Реванш жангида ҳам барибир Усманнинг имкониятлари юқори. Чунки унинг устунлик жиҳатлари кўп. Мисол учун, Усман “стойка”да ҳам яхши жанг қилади. Кураш борасида ҳам бир бош устун. Қолаверса, “кардио”си ҳам яхши даражада. Юқорида айтиб ўтганимдек, Усман бу сафар ҳам ғалаба қозонади.

қодирхон

Бакир (Вечный) – Ринг анонсери

 - Биринчи жангда Усман кўпроқ ютишни хоҳлагани биринчи раунддаёқ кўзга ташланганди. Масвидаль эса ҳимояга таянган ҳолда жанг олиб борди. “Партер”дан қочиб, иккала жангчи ҳам ”стойка”га таяниб, олдиндан таёрлаган тактикасига ишониб қолди. Лекин жангни яримидан кўпи октагон четида “клинч” ҳолатида ўтди. Бироқ Усман ҳакконий тарзда ғалаба қозонганди.

 Энди, реваншда олдиндан бир нима дейиш қийин. Лекин Масвидаль кўпроқ ҳаракат қилиши аниқ. Усман бўлса, эҳтиёткорликка кўпроқ эътибор қаратса керак. Лекин айтишади-ю, "Барчаси биринчи зарбага қадар", дея... Масвидаль қасос олиш илинжида октагонга кўтарилса, кўп хато қилиб қўйиши мумкин! Яққол фаворит бўлмаса ҳам, Усман кучлироқ кўринмоқда.

 IMG_20210421_150952_516_1

Баҳодир Тиллабоев – ММА жангчиси

- Камару Усман ютади. Сабаби, нигериялик жангининг “стойка”си ҳам яхши, “партер”да ҳам ажойиб ҳаракат қилади. Бир маротаба Масвидални мағлуб эта олган ва буни иккинчи марта ҳам уддалай олади. Масвидаль ҳам борини бериб ҳаракат қилади. Чунки бир марта ютқазган ва иккинчи бор ҳам муваффақиятсизликка учраса, обрўйи ва рейтинги тушиб кетади. Устунлик кўпроқ Камару Усманда, деб ўйлайман.

баходир

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар