Жириновский: Лукашенко бутун Ер юзи устидан куляпти

Россиялик машҳур сиёсатчи Владимир Жириновский коронавирус сабаб оммавий тадбирларни, жумладан, спорт тадбирларини бекор қилмаётган Беларусь президенти Александр Лукашенкони жиддий танқид қилди.

“Лукашенко бутун Ер юзи устидан куляпти. Ҳамма жойда қатъий чоралар кўрилган, спорт тадбирлари бекор қилинган, ҳамма жойда одамлар уйда сақланмоқда. Беларусда эса ҳамма кўчада, стадионларда. Унинг ўзи эса хоккей ўйнаяпти. У ерда аллақачон бир неча ўнлаб кишилар вирусдан зарарланган. Кейин улар юзлаб, минглаб бўлиши мумкин.

Бундай бўлиши мумкин эмас, Александр Григоревич. Худди бутун сайёра аҳмоқ ва битта сиз ақлли одамдек”, - деб ёзди Жириновский ўз телеграм каналига.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь чемпионати айни дамда давом этаётган Европадаги ягона чемпионат ҳисобланади. Бироқ, Лукашенко ҳозирги эпидемиологик вазият у қадар хавфли эмас, деб айтмоқда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)