“Женоа”: Шомуродов учди!

Италия кубогининг 1/16 финал босқичи Генуя шаҳрининг икки забардаст жамоаси – “Сампдория” ва “Женоа”ни ўзаро рўбарў қилди. Бу икки жамоа учрашуви Генуя дербиси сифатида доимо кескин ва муросасиз ўтади.

“Сампдория” ва “Женоа” Италия чемпионати мусобақа жадвалида қайси поғонада бўлишидан қатъи назар рақобат доим кескин бўлган. 1 ноябрь куни А Серия доирасида “Сампдория” майдонида ўтган учрашувда “Женоа” бир очко олишни уддалаган эди.

Италия кубогидаги тўқнашув ҳам дербига хос ўтди. Мезбонлик масъулиятини бўйнига олган “Сампдория” футболчилари биринчи бўлимнинг ўрталарида Валерио Верренинг узоқ масофадан йўллаган аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очди.

Биринчи бўлим мезбонлар устунлигида ўтди. Лекин Роландо Маран танаффусда шогирдларини ғалабага руҳлантира олди.

Ўйиннинг  олтмишинчи дақиқасида Элдор Шомуродовнинг маҳорати ҳисоб тенглашишида асосий омил бўлди. Тезкорлиги эвазига рақибларни алдаб ўтган ҳужумчимиз тўпни қулай вазиятда турган жамоадоши Жанлука Скамаккага ажойиб  тарзда етказиб берди. Ёш ҳужумчи Элдорнинг туҳфасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди.

le-pagelle-dellitalia-scamacca-continua-a-segnare-ottimo-rovella-bellanova-mai-domo_5fb177e35704a

Ниҳоят, Шомуродов “Женоа”даги биринчи самарали ҳаракатини амалга ошириб, голга ҳаммуаллиф бўлди.

Ўйиннинг қолган дақиқаларида устунликни ўз томонига оғдирган “Женоа” Лукас Лерагер ва Скамакканинг яна бир аниқ зарбаси эвазига 3:1 ҳисобида зафар қучди.

Учрашувдан сўнг, “Женоа” расмий сайти ғалабага катта ҳисса қўшган футболчиларни алоҳида тилга олди.

- Ўйиннинг биринчи қисмида асосий эътибор ҳимояга, “Сампдория” ҳужумларини қайтаришга қаратилди. Дарвозабон Федерико Маркетти айрим вазиятларда маҳорат кўрсатишига тўғри келди. Танаффусдан кейин бош мураббий Роландо Маран вазиятни ўзгартириш учун тактик ўзгаришларга қўл урди. Майдонга Милан Бадель ва Филиппо Мелегони туширилди.  

Аввалига майдон марказидаги устунликни қўлга олиш қийин бўлди. Сал вақт ўтиб, Генуя “портлади”. Шомуродов  рақиб ҳимоячиларидан “учиб” ўтди ва шу жараёнда Скамаккага зўр пас бера олди. Жанлука эса ишини бажарди. Кейинроқ, Лерагер ва Скамакка муваффақиятни мустаҳкамлади. Лука Пеллегрини ҳам жуда фаол ўйнади. Шу куни “Женоа” футболнинг ҳақиқий гўзаллигини намойиш этиб бера олди, - деб ёзмоқда “Женоа” расмий сайти.

TAN_3961

Энди “Женоа”ни нимчорак финал баҳсида катта синов кутиб турибди. Генуяликлар бош соврин учун курашда Италиянинг энг номдор ва кучли клуби “Ювентус” синовидан ўтиши керак бўлади.

“Ювентус” – “Женоа” учрашуви 2021 йилнинг 13 январь куни ташкил этилади. Бу жуфтлик ғолиби ярим финал йўлида “Сассуоло” ва СПАЛ ўртасидаги ўзаро баҳсда зафар қучган жамоага қарши ўйнайди.

Эслатиб ўтамиз, Италиянинг энг қадимги жамоаси ҳисобланган “Женоа” ўз тарихида бир маротаба мамлакат кубогини қўлга киритган ва бир марта финалда ютқазган. Шунингдек, “Женоа” тўққиз карра Италия чемпионидир.

“Феррари”лар юртида Шомуродовнинг тезлиги тортмаяпти! Лекин яхши ўзгариш ҳам бор...

“Ростов” даромад олиши учун Шомуродов Италияда гол уриши керак

Элдор ўйинга тайёр!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
998915993686
27/11/2020 13:33
Uchishdan tòxtama Eldor gazingni bos butun Òzbek xalqi sen bilan.