Италия А Сериянинг кучли жамоаларидан бири “Женоа” Россия премьер-лигасида “Ростов” шарафини ҳимоя қилаётган Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олишга яқин турибди.

Италиялик Журналист Жанлуижи Лонгарининг хабар беришича, Шомуродовнинг трансфери бўйича томонлар ўртасидаги музокаралар якуний босқичга етиб келди. Transfermarkt порталида трансфер нархи 6,5 миллион еврога баҳоланган 25 ёшли ҳужумчимиз учун италияликлар 8 миллион евро таклиф қилаётгани айтилмоқда.

13177

Асли сурхондарёлик Элдор Шомуродов "Машъал" футбол академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Истеъдодли ҳужумчи 2014 йилдан 19 ёшида "Машъал"нинг асосий таркибига жалб қилина бошлади ва ўша йили миллий чемпионатимизда ўнта учрашувда майдонга тушди. 

2015 йилда Элдорни "Бунёдкор" ўз сафига қўшиб олди. 2017 йилгача бу жамоа таркибида 66 та ўйин ўтказган ҳужумчи рақиблар дарвозасини 18 бор аниқ нишонга олди. Пойтахтликлар таркибида 2016 йилги чемпионатнинг кумуш медалига сазовор бўлди. 

Ўзбек футболининг энг ёрқин тарбияланувчиларидан бири бўлган Элдор Шомуродов 2017 йилдан буён “Ростов” жамоаси таркибида тўп сурмоқда. Ҳамюртимиз шу кунга қадар ростовликлар сафида барча турнирларда 91 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 18 маротаба аниқ нишонга олган ва жамоадошларига 12 та голли пас оширган.

Элдор Шомуродов ўтган йилдан буён Европа жамоалари нишонида турибди. 2019 йилнинг охирида терма жамоамизнинг асосий ҳужумчисига, Россия грандларидан ташқари, Германиянинг қатор клубларидан қизиқиш бўлган эди. Хусусан, “Шальке” жамоаси Элдорни ўз сафида кўришни истаган эди.

Ёзги трансферлар вақтида эса Бельгия чемпионати вице-чемпиони ва Чемпионлар лигаси иштирокчиси “Гент” Шомуродовни олиш учун “Ростов”га 5 миллион евролик расмий чорлов жўнатди. Дастлабки уринишда рад жавобини олган бельгияликлар яқинда ҳамюртимиз учун янги таклиф тайёрлаётгани ҳақида ҳам маълумотлар тарқатилганди.

Жорий мавсумда Элдор Шомуродов Европа майдонларидаги голлари ҳисобини очишга муваффақ бўлди. Европа Лигаси саралаш турнирининг учинчи раундида Исроилнинг “Маккаби Хайфа” жамоасига қарши ўтказилган ўйинда Элдор Шомуродов жамоадоши Матиас Норманнинг супер узатмасидан сўнг, рақиб дарвозасига чиройли гол урди. Бу ўзбек ҳужумчисининг Европа миқёсидаги даслабки учрашувидаги дебют голи бўлди.

1600_1000_max_5_1

Элдор Шомуродов 2022 йили Қатарда бўладиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ҳужумчиси ҳисобланади. Моҳир тўпурар мамлакатимиз бош жамоаси сафида 43 та учрашувда рақиблар дарвозасига 20 та гол урган.

Агар Элдор Шомуродов  А Серияси кўчиб ўтадиган бўлса, Италия футболидаги иккинчи ўзбекистонлик футболчи бўлади. Илгари Ўзбекистон терма жамоасининг истеъдодли ярим ҳимоячиси Илёс Зейтуллаев “Ювентус” ва Италиянинг бошқа жамоалари сафида Италия кубоги ва миллий чемпионатнинг турли дивизионларидаги ўйинларда майдонга тушганини мухлисларимиз унутгани йўқ.

Хусусан, Илёс Зейтуллаев бугунги кунда Элдор Шомуродовни ўз таркибига чорлаётган "Женоа" таркибида ҳам 12 та учрашувда майдонга тушган. Шунингдек, Илёс "Реджина", "Кротоне", "Виченца", "Верона", "Пескара" ва "Виртус Ланчано" каби жамоаларда ҳам ўйнаган. 

 

“Арсенал” Шомуродовни унутгани йўқ!

Қуруқ серияга барҳам берган гол Шомуродов учун тарихий бўлди

Шомуродов “танк"ми?

Шомуродов, Жалолиддинов ва Ўруновга Европа эшиги очиладими?

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)