Италия А Сериясининг 24-тури доирасида "Женоа" "Интер" майдонига сафар қилиб, йирик ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Учрашувдан кейин ташкиллаштирилган матбуот анжуманида "гриффонлар" устози Давиде Баллардини қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Биз "Женоа"ни яхши формада ушлаб туришимиз лозим. Ўзимизга бўлган ишончни ушбу мағлубият сабаб йўқотмаслигимиз керак. Боиси, "Интер" А Сериянинг энг зўр жамоаси. 

Биз шу пайтгача эришиб келган натижаларимизда хурсандмиз. Аммо олдинга қадам ташлашда давом этишимиз керак. Акс ҳолда, ёқимли натижаларимиз тезда унут бўлиб кетиши мумкин. 

Бу ўйин жамоам учун катта синов бўлди. Улар ўзларини техник ва жисмоний тарафдан кучли футболчиларга қарши синаб олди. Биз ўз ўйинимизни "Сан Сиро"да намойиш этишга қийналдик. 

Яхши натижаларга эришишнинг ягона йўли - эртанги кунни яхши ҳолатда кутиб олиш ва машғулотларни давом эттириш. Бизнинг бор эътиборимиз яхши футбол намойиш этишга қаратилган. 

Биз дербида таркибимизни бирмунча ўзгартирамиз. Аммо мақсадимиз ўйин услубимизни аслидагидек сақлаб қолиш", - деди Баллардини. 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)