Жасур Яхшибоев, чемпионлик муборак!

Беларусь чемпионати Яхшибоев учун ажойиб нуқтада якунланди. Сўнгги дақиқага қадар чемпион номи ноаниқ бўлиб турган паллада ҳаммаси легионеримиз учун жуда яхши тугади. Бир умр унутилмайдиган ўйин бўлди.

Ушбу мамлакат олий лигасини кузатаётган мухлису мутахассисларнинг эътибори, асосан икки учрашув – Солигорскдаги “Шахтёр” –  “Минск” ва пойтахтдаги “Динамо-Минск” – БАТЭ учрашувига қаратилди.

Солигорскдаги учрашув ҳақиқатан драматик тарзда ўтди. “Минск” футболчилари чемпионликни тақдим этиши мумкин бўлган ғалаба илинжида тўп сурган мезбонларни роса қийнади. Меҳмон жамоа учрашув давомида икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олди. Глеб Жердев ва Антон Шрамченко биттадан гол уриб, “Шахтёр”нинг орзусини армонга айлантиришига бир баҳя қолди.

Солигорскликлар Юрий Кендиш ва Артём Архиповнинг голлари эвазига ҳисобни тенглаштирди.

Учрашув дуранг билан якунланиши арафасида стадион “портлади”. “Шахтёр” вакили Роман Бегунов 90-дақиқада фаолиятидаги энг муҳим голни урди – 3:2. Учрашув якунланиши арафасида, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Артём Архипов ҳафсаласи пир бўлиб, курашдан тўхтаган меҳмонлар дарвозасини яна бир бор ишғол қилди ва якуний ҳисобни ўрнатди - 4:2.

Чемпионлик учрашувида Жасур Яхшибоев бир соатдан кўпроқ тўп сурди.

orig_514221

Солигорсклик мухлислар чемпионликни узоқ кутди. "Шахтёр" жамғармасидаги ягона олтин медални 2005 йилги чемпионатда қўлга киритган эди. Шундай буён анча вақт ўтди. Олтита кумуш ва саккизта бронза медаль ҳам чемпионлик чанқоғини босолмайди, албатта. 

“Шахтёр” футболчилари узоқ кутилган чемпионлик учун “Динамо-Минск” жамоасидан миннатдор бўлиши керак.

Кетма-кет олтита ғалабадан сўнг, Беларуснинг чемпионлик бўйича рекордчиси – БАТЭга қарши учрашувда “Динамо-Минск” футболчилари ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди. Жами 19 та гол билан тўпурарлар пешқадами бўлган Максим Скавиш ҳам харчанд уринмасин, рақиб дарвозасига йўл топа олмади. Тўғриси, Максим шу куни биргина аниқ зарба учун 19 та голини бериб юборишга ҳам тайёр эди.

Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган баҳсда ҳисоб очилмади. Натижада БАТЭ оғзидаги ошини “Шахтёр”га олдирди.

Сўнгги тур якунларига кўра, “Шахтёр” очколари сонини 59 тага етказиб, БАТЭдан бир очкога ўзиб кетди. Шу билан бирга чемпионат олтин медали ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди. Мусобақада учинчи ўрин 56 очко жамғарган “Торпедо-БелАЗ”га насиб қилди.

photo_2020-11-28_15-51-59-h4bz9

Биз учун аҳамиятлиси, Жасур Яхшибоев легионер сифатида Беларусь чемпиони бўлди.

Ҳамюртимизнинг шахсий ютуқлари ва натижалари ҳам ҳавас қилгулик. У тўпурарлар баҳсида 16 та гол билан иккинчи ўринни эгаллади.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик легионер гол+пас тизимида 22 балл билан етакчилиги ва чемпионатнинг энг фойдали футболчиси номинациясидаги устунлигини сақлаб қолди.

Тарихий чемпионлик муборак, Жасур!

Яхшибоевда чемпионлик учун сўнгги имкон. Бугун Беларусь чемпионати якунланади

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Bek Mahdiy
28/11/2020 18:30
Бундай мухим уйинларга рухан таер булиш КК жасурда бу етишмади шунинг учун уни алмаштириб хато килмади