Жасур Ҳасанов: АГМКдан юзим ёруғ ва

«Сўғдиёна» жамоаси иккинчи даврани кўтаринки руҳда ўтказаётгани учун эндиликда уларда бронза учун курашиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Бунга яраша таркибда тажрибали ўйинчилардан бири сифатида Жасур Ҳасановнинг ҳам таклиф этилгани жиззахликларнинг ўйинини сезиларли даражада кучайтираётгани ўз таъсирини кўрсатмоқда. Маълумки, ушбу ўйинчи чемпионатни АГМКда бошлаб, биринчи давра тугамасиданоқ у ердан кетганди. Ўшанда Ҳасановнинг олмалиқликлар сафидан кетиши кутилмаган ҳолат бўлганди. Кейинчалик футболчи ўзи туғилиб ўсган Жиззахга қайтиб, «Сўғдиёна» учун тўп суришга розилик билдирди. Ушбу ўйинчи билан анчадан бери суҳбатлашишни режалаштириб юргандик. Ўтган турда «Сўғдиёна» ўз уйида АГМК устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганидан сўнг ниҳоят, Жасур Ҳасанов билан ўзимиз истаган мавзуларда суҳбатлашишга эришдик.

- Собиқ жамоангиз – АГМКга қарши учрашувда «Сўғдиёна» чиндан ҳам мардонавор ўйин намойиш этиб, якунда ҳақли равишда уч очкони қўлга киритди. Ўша баҳс ҳақида нималарни айта оласиз?

- АГМКнинг ҳозирги пайтда турнир жадвалидаги ҳолати оғир. Улар бу учрашувга «настрой» қилиб келишган. Олдинги турда улар «Пахтакор»га ютқазишди ва Жиззахдан очко олишмоқчи эди. Биз эса бу тўқнашув қийин кечишини билардик. Мен ҳам, бош мураббий Улуғбек Бақоев ҳам футболчиларнинг руҳини кўтардик. «Сўғдиёна»га эса АГМКдан келганман. Майдонда эса йигитларга мен далда бериб турдим. Биз ўйинга жуда яхши тайёрлангандик. Айрим пайтларда имкониятлардан фойдалана олмадик. Лекин учрашув охирида барибир омад биз томонда бўлди. Шахсан мен мана шундай ўйинлардан завқланаман. АГМКга нисбатан ҳурматсизлик қилмоқчи эмасман, аммо бу жамоани ютганимиздан завқландим. Тўғриси, Олмалиқдан бекордан-бекорга кетганим йўқ. У ерни тарк этганимдан бери ҳали ҳеч кимга интервью ҳам бермагандим. Арқонни узун ташлаб қўйгандим, вақт ўтсин деб. Бемалол айтишим мумкинки, АГМКдан юзим ёруғ, «тилим узун» бўлиб кетдим. Аслида бу клубдан кетганимдан сўнг олдимда 2-3 та яхши вариантлар ҳам бор эди. Ҳаммасини ўйлаб чиққанимдан сўнг «Сўғдиёна»ни танладим.

- Ижтимоий тармоқлар орқали ўйиндан сўнг ечиниш хонасида ўйин-кулгу роса авжига чиққани ва «Сўғдиёна» футболчиларининг ғалабани тантана қилган ҳолда рақсларга тушишган видеоси тарқалди. Аслида ҳар бир учрашувдан кейин ечиниш хонасида мана шундай тарзда байрамона муҳит ҳукм сурадими ёки айнан ўша куни вазият шундай бўлдими?

- Ҳар ғалабадан кейин ечиниш хонамизда байрам бўлади-ю, аммо ҳали АГМКни ютганимизчалик байрам бўлмаганди. Ўйиндан-ўйинга мухлисларимиз ҳам кўпайиб боришяпти. Ўша куни учрашув тугаши биланоқ майдоннинг ўзида мухлисларимиз билан байрам қилишни бошладик. Кейин ечиниш хонамизда ҳам байрамни нишонладик.

- «Сўғдиёна» мавсумни яхши бошлай олмаган клублардан бири эди. Лекин клубда вақтида юз берган ўзгаришлар ўз самарасини беряпти. Айниқса, иккинчи даврани ажойиб руҳда ўтказмоқда. Ҳаттоки, клубнинг олдида учинчи ўринга курашиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Натижада чемпионатимизда «Сўғдиёна» орқали яна бир интрига юзага келмоқда.

- Йилнинг бошида мен «Сўғдиёна» таркибида эмасдим. Балки АГМК жамоасида эдим. Биламан, бир нечта турдан кейин Улуғбек Бақоевни олиб келишган. Бу мураббий ўйиндан кейин борган сари жамоа ўйини кучайиб бораётганини ва ҳар бир рақибга ҳурмат билан муносабатда бўлаётганини айтди. Мен ҳам йигитларни руҳлантираётган шу гапларни айтаман ва қандай бўлмасин ютишимиз керак деб, бир-биримизни руҳлантирамиз. Иккинчи даврада жамоамиз олдига кучли олтиталикка кириш вазифаси қўйилганди. Аммо айни пайтга келиб биз янада максимал натижани кўзлаяпмиз. Бақоев билан олдин майдонда бирга ҳам ўйнаганмиз. Лекин футболчилик пайтида бошқа эди. Ҳозир эса у мураббий. Ўйин пайтида эса қаттиққўл, биздан талаб қилади. Бу футболнинг бир бўлаги. Аммо учрашувдан сўнг ҳамма билан хотиржам ва илиқ муносабатда бўлади. Уни жамоада ҳамма ҳурмат қилади. Чунки мураббийга кўп нарса боғлиқ. Агар иккита футболчига бошқача қараб, тўрттасига бошқача муносабатда бўлса, у ҳолда жамоа шакллана олмайди. Бақоевни эса яхши биламан. Унинг ўзига хос принциплари бор. Ўйин чоғида эса ҳақиқий ролга киради ҳамда вазифасини бажаради.

Жасур Хасанов

- Демак, «Сўғдиёна» бир бош баланд сакраган ҳолда катта маррани кўзлаяпти, шундайми?

- Албатта. Ўйиндан-ўйинга ютиб бораверсак, иштиёқ ҳам ўсади ва мухлисларимизнинг далдаси ҳам бошқача бўлади. Биз ким учун ўйнаймиз? Фақат ишқибозлар учун. Уларнинг олқишлари эса бизга катта куч беряпти.

- Футболда бир ўйинчи ҳеч нима қила олмаслиги мумкин. Бироқ иккинчи даврада клубга қўшилганингиз «Сўғдиёна»га катта фойда келтираётганини ҳам кўп эшитяпмиз. Ҳар ҳолда ўзингиз ҳам жиззахлик бўлганингиз учун она шаҳрингиз жамоасига ёрдам беришни истаганингиз табиий. Ҳозирги пайтга келиб ушбу клубда тўп сураётганингиз фаолиятингизнинг охирги дамлари ўтаётганини билдирадими?

- Қайси жамоага борсам ҳам ўз олдимга вазифа қўяман: яхши ўйнаш ва совринли ўринларни эгаллаш. Мен соврин ютишни яхши кўраман. Мен ҳақимда турли гапларни ҳам тарқатишган. Масалан, пул учун у ерга ёки бу ерга борди дейишган. Лекин гап пулда эмас. Пул бугун бор бўлса, эртага йўқ бўлади. Жиззахни танлаганим шуки, бу менинг туғилиб ўсган шаҳрим. Барибир қачондир бу жамоани ҳам кўтаришимиз керак эди. Ишонч учун раҳбариятга, мураббийга ва мухлисларга миннатдорчилик билдираман.

- Аслида АГМКдан кетишингиз нима билан боғлиқ эди?

- Кетишимнинг ҳеч қанақа сабаби йўқ. Футболда ҳар хил вазият бўлади. Кимнидир кетгиси ёки қолгиси келади. Жамоада шундай вазият бўлдики, мен бунга чидаб тура олмасдим. Шу боис ўзим раҳбариятдан мени қўйиб юборишларини сўрадим. Чунки ўтган йилги АГМК билан бу йилги АГМК бошқача. Таркибга қаранг-чи, ўтган йилги футболчилардан ким ўйнаяпти? Битта Зафар Полвонов ўйнаяпти. Ўтган йили АГМК осонгина Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди деб ҳам гапиришди. Аммо биз ҳаммасига меҳнатимиз билан эришдик. Ўтган йили бизда жамоа бор эди. Биз битта оила эдик. Шунинг ҳисобига Ўзбекистон Кубогини ютганмиз. Боя айтганимдек, АГМКдан юзим ёруғ ва «тилим узун» бўлиб кетдим.

- АГМК бу йил таркибда жиддий ўзгаришларни қилди. Легионерлар ҳам олиб келинди. Аммо ҳозирги пайтда жамоа эгаллаб турган ўрни мутлақо қониқарли эмас. Сиз эса ўз жамоангиз билан умуман бошқа ўриндасиз…

- Ҳозир айтдим-ку, футбол жамоавий ўйин. Бир ўзим ҳеч нима қила олмайман ва 11 нафар рақибни ютолмайман. «Сўғдиёна»да эса жамоа бор. Жамоа – бу нима? Бир оила.

- Айтинг-чи, «Сўғдиёна»га қайтишингизнинг асосий сабабчиси ким бўлди?

- Биринчи давра тугашига учта тур қолганида Олмалиқдан бутунлай кетгандим. Менга биринчи бўлиб, Улуғбек Бақоев алоқага чиқди. Ўзинг туғилиб ўсган шаҳринг, жамоага ёрдам берсанг мен ҳам, ҳалқ ҳам хурсанд бўлади, ўйлаб кўр деди. Якунда ҳаммасини ўйлаб кўриб «Сўғдиёна»ни танладим. Мухлисларни ҳурмат қилган ҳолда шу клубни танладим ва бунинг сабабчиси Улуғбек Бақоев бўлди.

-  Фаолиятингиз давомида бир қатор жамоаларда ўйнадингиз ва легионер сифатида ҳам хорижда тўп сурдингиз. Қайси клубда ўзим истаган даражада маза қилиб футбол ўйнаганман деб айта оласиз?

- Мен дарҳол учта жамоани айтаман: «Навбаҳор», «Насаф» ва «Бунёдкор». Жиззахдан кетиб, «Навбаҳор»да давом эттиргандим. Уларнинг мухлислари қандай ва жамоаси қанақа, жуда яхши биламан ва уларни ҳалигача ҳурмат қиламан. Наманганда футбол бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. «Бунёдкор»да 6-7 йил тўп сурдим. Футболчининг ўзида иштиёқ бўлса, у борган сари «очилиб» бораверади. «Насаф»ни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтаман. Қаршида бир йил ўйнаган бўлсам, яхши хотиралар қолди. У ерда доим яхши жамоа бор. 2017 йили иккинчи ўринни олди. Чунки жамоа бор. Жамоа бор жойда эса натижа бўлади. Ҳамма бир оила.

- Шунингдек, қизиқарли кечган фаолиятингиз давомида бир қанча мураббийлар билан ҳам ишлагансиз. Шундай экан, ўзингиз бирга ишлаган ва сизга ёққан уч нафар мураббийни ҳам айта оласизми?

- Рўзиқул Бердиев, Вадим Абрамов ва Улуғбек Бақоев. Булар мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки улар футболчилар билан қандай гаплашишни билишади. Жамоани ўзига келтира оладилар.

Жасур Хасанов3

- «Бунёдкор»да ўйнаган пайтингизда жаҳонга машҳур Луис Фелипе Сколари билан ҳам бирга ишлагансиз ва ўшанда у ўйинингизни ўзгартира олганди…

- Бу мураббийга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Тўғри у ўсишимга ва ўйиндан-ўйинга кучайиб боришимга сабабчи бўлганди.

- У кетганидан кейин ҳам гаплашиб турдингизми ёки алоқа узилганми?

- У кетганидан кейин мен Қатарга йўл олдим. Ўшанда ўзимиздаги таржимонлар ёрдамида Сколари билан салом-алик қилгандик. Шундан сўнг бошқа алоқа қилмадик.

- У топ-савиядаги мураббий саналади. Айтинг-чи, бу каби мураббийлар қандай хусусиятлари билан бошқалардан ажралиб туришади?

- Хорижлик мураббий Ўзбекистонга қандай тактика олиб кириши мумкин? Тезкор футбол, тезкор ўйлаш…Хориждаги топ-клубларда ҳам мураббийлар алмашади. Нима учун? Ҳаммаси натижага бориб тақалади. Узоққа бормайлик, ўзимизнинг чемпионатимизда мавсум бошидан бери нечта мураббий алмашди? Доим мураббийга ҳамма нарса боғлиқ. Шунинг учун ҳам учрашувдан кейин савол-жавобга кирадиган ҳам мураббий. Мураббий кўрсатма беради, аммо майдонда биз футболчилар ўйнаймиз. Лекин ҳамма ҳар хил. Буни тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. 20 йил бўляпти футбол ўйнаётганимга. Кимгадир мураббийнинг тактикаси тушади, кимгадир тушмайди. Мураббий жамоа ва футболчилар билан қандай муносабат ўрната олишига ҳам кўп нарса боғлиқ. Исталган футболчи мураббийнинг берган кўрсатмасига қараб ўйнайди. Лекин мураббийларнинг мураббийиси ҳам бор.

- Шунингдек, миллий терма жамоамизда ҳам самарали фаолият олиб боргансиз. Шу боис терма жамоамиз ҳақида ҳам сўрамасак бўлмасди. Эктор Купер бошчилик қилаётган жамоамиз ҳақида фикрингиз қандай?

- Терма жамоада ҳам бир қатор мураббийлар билан ишлаганман. Бизнинг асосий мақсадимиз нима? Жаҳон чемпионатига чиқиш. Ҳамма мундиалга боришни орзу қилади. Бу йўлда эса терма жамоамизга фақат омад тилайман. Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига астойдил тилакдошман. Масалан, мен Эктор Купер билан ишламаганман ва кўришмаганман. Уни асосан телевизорда кўрганман ва эшитганман. Тилагим битта: терма жамоамиз албатта жаҳон чемпионатига чиқсин.

- Футболчиликни тугатганингиздан кейин қандайдир иш билан шуғулланиш борасида режаларингиз ҳам борми?

- Ҳа, режаларим бор. Ҳозирча бу сир. Худо куч-қувват бергани учун ўйнаб турибман. Футболни тугатганимдан кейин ё бизнесда ишларман ёки футболда қоларман (кулади).

- Юқорида соврин ютиш учун келганман дедингиз. Ҳозирда эса «Сўғдиёна» билан шунга қараб кетяпсиз. Вазиятга реал қарасак, бронзани қўлга киритишингларга қанчалик ишонасиз?

- Бу – футбол. Олдимизда ҳали 8 та тур бор. Мен Жиззахга биринчи навбатда соврин ютгани, иккинчидан жамоани шакллантириш учун ҳам келганман. Ўйиндан-ўйинга кучайиб, ютаётган жамоага ким ҳалақит беради? Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Борган сари юқорилаб боряпмизми, энди пастга тушмаслигимиз керак. Мақсадимизга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
04/09/2019 10:35
Ашурматов даврида зур эди эдичи оо про лига тушиб кетасан косимов Билан ха-ха
&
Фан
04/09/2019 10:07
Утган йилги Ашурматов бошчилигидаги (???кубок сохиби???)АГМК таркиби сакланиб колинганда бемалол Пахтакор кусатган(грухда колиб кетиш) натижасини курсатган буларди.
Кубокни кулга киритган жамони мураббийини ишдан олиниши таркибни 90% га узгартирилиши бу кубокни кайси ва канака йуллар б/н, кайси каналлар оркали кулга киритганлигига яккол жавоб була олади, ахир кайси замонда машакатлар б/н кубок кулга критган жамоа мураббийи ишдан олиниб таркиб бутунлай янгиланган.
Бунака ахмокона карорлар факат бизни футболдагина юз бериши мумкин.
Ж. Хасановни келгуси фаолиятига омад.