Жамшид Искандеров Жанубий Корея клубига қай тариқа ўтди ва унинг

 

Жанубий Кореяга футбол қайтди ва “Кей” лигасида тўрт ҳамюртимиз – Икром Алибоев (“Сеул”), Рустам Ашурматов (“Гвангжу)”, Достон Турсунов (“Пусан И Парк”) ва Жамшид Искандеров (“Сеонгам”) тўп сурмоқда.

Илк бор легионер мақомини олган Искандеров “Сеонгам” таркибида дастлабки учрашувини ўтказиб, ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, Жамшид ва унинг жамоаси яна бир ҳамюртимиз Рустам Ашурматов тўп сураётган “Гвангжу” билан ўйнади. Кореядаги “ўзбек дербиси” ҳақида Искандеров ўз таассуротларини қуйидагича изоҳлади:

- Дебют ўйиндаёқ мавсумни ғалаба билан бошлаш жуда ёқимли. Айниқса, ҳамюртимизга қарши ўйнаш одамни янада хурсанд қилди. Чунки иккита ўзбек бошқа юртда бир-бири билан куч синашишининг гашти бошқача. Жанубия Корея чемпионатида ўзбекистонлик футболчилар янада кўпайишини хоҳлардим. Таассуротларим ҳам ижобий. Янги мамлакатдаги биринчи ўйинимда табиийки ўзига яраша ҳис-ҳаяжонлар бўлади. Жаҳон чемпионати ўтказилган майдонда тўп суриш ҳам ёқимли туюлар экан. Бундай майдонларнинг сифати ҳам аъло даражада бўлади. Футболчилар учун ҳамма шароитлар бор. Фақат стадионда мухлислар йўқлиги ёқмади.

искандеров_2

Искандеров анчадан бери фаолиятини хорижда давом эттиришни ўйлаб юрарди. Аста-секин унинг ўйлаган мақсадлари амалга ошмоқда. Тўғри, янги мамлакат, янги чемпионат ва янги менталитетга бирданига кўникиш ҳам осон эмас. Бу борада ҳамюртимизга бироз вақт керак. Ўзаро мулоқот жараёнида эса Жамшид у ерда футболчилардан аввало нима талаб қилиниши ва бизнинг чемпионатдан ажралиб турадиган жиҳатлари ҳақида ҳам гапирди.

- Бу ерда футболчилардан талаб қилинадигани тартиб-интизом ва мураббийлар томонидан бериладиган кўрсатмаларни тўғри бажаришдан иборат. Агар Ўзбекистон билан Жанубий Корея чемпионатини солиштирадиган бўлсак, бу ерда кўпроқ жисмоний кучга таянилади. Техник томондан эса бизнинг футболчиларимизда устунлик бор, деб ўйлайман. Янги жамоамда ҳаммаси аъло даражада. У ерда йигитлар билан таржимон орқали гаплашяпман. Асосан инглиз тилида мулоқот қиламиз.

искандеров3_1

Бир сўз билан айтганда унинг фаолиятида янги саҳифа очилди. Лекин ҳалигача ушбу ўйинчимизнинг “Сеонгам” таркибига қўшилиши тарихи қандай бўлгани ҳақида ўзидан бирор-бир фикрни эшитмагандик. Шундай экан, ундан аслида бу вариант қандай юз бергани хусусида ҳам тўхталиб ўтишини сўрадик.

- Ҳар бир футболчи яхши клубларда легионер бўлиб ўйнашни орзу қилади. Менда ҳам шундай орзу ва истак йўқ эмасди. Мана, менга ҳам Корея чемпионатида ўйнаш насиб қилган экан, бундан жуда хурсандман. Таклиф ҳақида тўхталсам, 2019 йилги Ўзбекистон чемпионати тугаганидан сўнг, менга 2-3 та хориж клубларидан қизиқиш бўлиб, ушбу вариантлар кўриб чиқилаётганди. Агентим билан бу борада маслаҳатлашиб иш тутдик ва ўзимиз учун 100 фоизлик аниқ таклиф бўлишини кутгандик. Мен эса “Локомотив” жамоаси билан шартнома туздим ва 3 январь куни хориж йиғинини ўтказиш учун Дубайга жўнаб кетдик. Ўша ерда шуғулланаётганимизда менга Кореядан ўзимиз кутгандек 100 фоизлик таклиф келиб тушди. Шундан кейин “Локомотив” раҳбарлари билан гаплашдик ва биз ўзаро келишган ҳолда дўстона равишда хайрлашиб, Корея клубига розилик билдирдик. Мени тўғри тушуниб, кетишимга рухсат беришгани учун “Локомотив” раҳбарларига раҳмат айтмоқчиман.

искандеров2_1

Яна бир гап: дунёда юз бераётган коронавирус пандемиясига қарамай, Жанубий Кореяда вазият яхшиланди ва чемпионатга ҳам рухсат берилди. Натижада дунёда футбол баҳслари давом этаётган кам сонли чемпионатлардан бири бўлиб турибди. Ўз навбатида Жамшид Искандеров мазкур ҳолатга ҳам ўз муносабатини билдиришни лозим топди.

- Коронавирус ҳаммамиз учун яхшигина бош оғриқ бўлди. Чунки бу вирус бутун дунёни тўхтатиб қўйди ва ҳамма жойда карантин жорий этилди. Натижада барча ўзининг яхши кўрган иши билан шуғуллана олмай қолди. Худо хоҳласа, барчамиз биргалашиб коронавирусни енгиб ўта оламиз. Дардини берган, шифосини ҳам беради дейишади. Кореяда тиббиёт соҳаси кучли. Шунинг эвазига ва тартиб-интизомга ҳам қатъий амалга қилингани учун чемпионатни ўтказишга рухсат беришди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)