Жаҳонгир Зокиров:

Жорий йилги ҳаваскор бокс бўйича мамлакат чемпионати жуда қизғин жангларга бой бўлди. Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ажойиб ҳаракатларига ҳам гувоҳ бўлдик. Мисол учун, илк бор катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида иштирок этган Логин Петров, Аълохон Абдуллаев, Шаҳзод Музаффаров, Иброҳим Ишчанов, Жаҳонгир Зокиров мухлислар ва мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, ўз вақтида ажойиб натижалар қайд этган жиззахлик Лазизбек Зокировнинг фарзанди Жаҳонгир энг оғир вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди ва келажаги порлоқ боксчи эканлигини барчага намоён қилди.

Биз ушбу ёш истеъдод эгаси билан боғланиб, бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

Sports.uz маълумотномаси

Жаҳонгир Зокиров

2003 йил 17 майда Жиззах вилояти Жиззах туманида таваллуд топган. 9 ёшидан буён бокс билан шуғулланиб келади. Мураббийлари: Ҳамид Тангриберганов ҳамда отаси Лазизбек Зокиров. Ўсмир ва ёшлар ўртасида 5 карра Ўзбекистон чемпиони, ёшлар ўртасида Осиё чемпионлигини қўлга киритган. Жорий йилги катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг кумуш медали соҳиби.

Жаха2

- Катталар ўртасидаги илк чемпионатдаги иштирокингиз муваффақиятли чиққани билан табриклаймиз!

- Раҳмат. Жуда хурсанд бўлдим.

- Нега, финал жангида рингга чиқмадингиз? Эҳтимол, олтин медални қўлга киритишингиз мумкин эди?

- Мен жуда хоҳлагандим. Лекин отам буни истамади.

- Балки, сабабини ҳам айтгандир?

- Жароҳатим бор эди. Асосий сабаб шу бўлди.

- Финалдаги рақибингиз тажрибали Лазиз Муллажонов эди. У билан жангдаги имкониятингизни қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Ютқазмасликка ҳаракат қилардим.

- Ярим финал жангида анчагина кучли Жамшид Худойбергановни мағлуб эта олдингиз. Ваҳоланки, жангдан аввал, унинг имконияти юқори баҳоланаётган эди...?

- Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Мураббийим Ҳамид Тангриберганов ютишимга ишонтира олди ва тўғри кўрсатмалари эвазига ғалаба қозондим.

- Сиз ўз вақтида ажойиб натижалар қайд этган Лазизбек Зокировни ўғли эканлигингизни инобатга олсак, мухлислар ва мутахассислар томонидан отангиз билан таққослаган ва жанг олиб бориш услубларингизни ўхшатиб турадиганлар ҳам топилса керак?

- Йўқ. Отам тезкор ва очколар ҳисобига ютган. Мен эса ҳужумкор ва кучли зарба беришни маъқул кўраман.

- Катталар ўртасидаги мусобақаларга қадар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида 5 маротаба чемпион бўлгансиз. Бу йўлда сизга кимлар жиддий рақобат туғдирганди?

- Ҳозирча, ундай боксчи йўқ.

Жаха1

- Сизнинг вазн тоифангизда Баҳодир Жалолов шубҳасиз, биринчи рақамли ҳисобланади. Лекин у катта эҳтимол билан, Токио Олимпиадасидан кейин фаолиятини профессионал боксда давом эттирса керак. Демоқчиманки, ундан кейин сиз биринчи рақамли бўлиш имкониятингизни қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Шунга ҳаракат қиламан.

- Бу йўлда асосий рақобатчингизни ким?

- Лазизбек Муллажонов.

- Биз учун вақт ажрата олганингиз учун ташаккур ва ўз ўрнида келажакдаги фаолиятингизга омадлар тилаб қоламиз!

- Албатта, эътибор учун миннатдорман ва халқаро ареналардаги ғалабалар билан юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар