Италиянинг энг даҳшатли дербисида Шомуродов яна қаҳрамон бўлоладими?

Элдор Шомуродовни Италия футбол жамоатчилигига таништирган ўйин айнан “Сампдория” ва “Женоа” дербиси эди. Эсингизда бўлса, ўтган йилнинг ноябрь ойида Италия кубоги доирасидаги баҳсга мезбонлик қилган “Сампдория” ҳисобни очган бўлса-да, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган. Ўшанда, Элдор Шомуродов бутун майдонни босиб ўтиб, Жанлука Скамаккани қулай позицияга олиб чиққан ва ўзбек футболчисининг меҳнати ортидан урилган айнан мана шу гол учрашувда бурилиш ясаган эди.

bb787c670a6a7781ecb54cbab2faca485f8df9021341e670340955

Бугун “Женоа” Генуя дербисига мезбонлик қилади. Аслида “Луижи Феррарис” стадиони ҳар икки жамоа учун уй ўйинларини ўтказадиган майдон ҳисобланади. Италияда бу жамоаларнинг ўзаро баҳсини “Фонарь дербиси” деб аташади.

Чунки, Генуянинг асосий рамзи портдаги  Lanterna di Genova маёғидир. “Lanterna” сўзи итальянчада маёқ, фонарь маъноларини беради.  Бу шаҳар марказидаги ва чеккасидан келган футболчию мухлисларнинг ўзаро рақобати. Улар бир-бирига ашаддий рақиб.

Мамлакатнинг  энг ёши катта жамоаси ҳисобланган “Женоа” тарафдорлари Италия футболи пайдо бўлган дастлабки даврларда клуб гегемонлик ўрнатгани ва чемпионлик борасида “Сампдория”дан ўзиб кетгани билан фахрланади. Маълумки,  “Женоа” 1893 йили ташкил этилган ва 1924 йилгача тўққиз марта чемпион бўлган. 1937 йилда Италия кубоги қўлга киритган.

“Сампдория” анча кеч – иккинчи жаҳон урушидан кейин, 1946 йилда тузилган. Бир марта – 1991 йилда чемпион бўлган. “Сампдория” мухлислари жамоа 1990 йилда Европа кубок эгалари кубогини Генуяга олиб келгани билан фахрланади. Улар “Женоа” халқаро майдонда бирорта совринни қўлга кирита олмаганини пеш қилиб, рақиб фанатларини изза қилади.

Бу жамоалар тўқнашувининг “Фонарь дербиси” деб номланиши “Женоа” мухлисларининг дастлабки учрашувлардан кейин клуб байроғини маёққа осиб қўйганига бориб тақалади. Ўшанда маёқ назоратчиси ва қоровули ҳам “Женоа” мухлиси бўлгани учун бунга қаршилик қилмаган. Кейинчалик “Сампдория” ишқибозлари ҳам шу ишни такрорлашни одатга айлантирган. Ўйинга тушолмаган мухлислар натижани шу байроққа қараб билиб олган.

Бир сўз билан айтганда, дербининг аҳамияти ҳеч қачон паст бўлмаган. Жорий мавсум ҳам бундан мустасно эмас. Айни пайтда жамоалар мусобақа жадвалида бир-бирига жуда яқин жойлашган. Орадаги фарқ тўрт очкони ташкил қилмоқда.

dzhenoa-bolelychiki

“Сампдория” 24 та учрашувдан сўнг, 30 очко билан 10-поғонада бормоқда, Шомуродов жамоаси эса шунча ўйинда 26 жамғариб, 13-ўринда қайд этилган. Биринчи давра ўйинида мезбон вазифасини “Сампдория” бажарган ва ўйин 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланган.

Умумий ҳисобдаги устунлик ҳам “Сампдория” томонида. Томонлар шу кунга қадар 98 марта куч синашган. Шулардан 26 таси бу галги мезбонлар фойдасига ҳал бўлган, 33 та учрашувда дуранг қайд этилган ва “Сампдория” 39 марта зафар қучган. Тўплар нисбати ҳам шунга яраша – 103:119.

“Фонарь дербиси”га оид қизиқарли фактлар ҳам бор:

1.“Женоа” барча совринларини “Сампдория” ташкил этилгунича қўлга киритган.

2.Ҳар икки жамоа уй учрашувларини ўтказадиган стадионга “Женоа”нинг афсонавий сардори Луижи Феррарис номи берилган.

3.Уюшган мухлисларга берилган “ультрас” терминини айнан “Женоа” ишқибозлари ўйлаб топган.

4.“Фонарь дербиси”да фақат бир марта хет-трик қайд этилган. “Женоа”да порлаган аргентиналик Диего Милито рақиб дарвозасини уч марта ишғол қилган.

sapdoriya-bolelychiki

Хуллас, Италия футболида ўз ўрнига эга бўлган дербида биз Элдор Шомуродовдан яна бир қаҳрамонлик кутяпмиз.

Учрашув Тошкент вақти билан тунги соат 00:45 да бошланади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)