Яқинда “Андижон” клуби молиявий инқироз сабабли Coca-Cola Суперлигадаги иштирокини тўхтатишига бир баҳя қолганди. Лекин вилоят ҳокимлигининг саъйи-ҳаракатлари билан клуб қутқариб қолинди ва янги ҳомийга бириктирилди. Шу билан жамоанинг ҳаёти сақлаб қолинди. Афсуски, чемпионатимизда яна шунга ўхшаш ҳолат кузатилди ва бу сафаргиси анча жиддий бўлиб чиқди.

Гап шундаки, про-лигада иштирок этаётган Фарғонанинг “Истиқлол” жамоаси фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Клубнинг уй стадиони йўқлиги, бош ҳомийси эса Covid-19 пандемияси даврида молиявий қийинчиликларга учрагани сабабли про-лигадаги иштирокини тўхтатиш юзасидан ЎзПФЛга мурожаат қилганидан хабарингиз бўлса керак. Аслида бундай ҳолат футболимиз учун жуда оғриқли вазият ҳисобланади. Ахир Ўзбекистон чемпионатида бир клубнинг молиявий муаммолари сабабли фаолиятини тугатиши ҳеч қачон футболимизнинг фойдасига хизмат қилмайди.

Инкор этмаймиз, ҳар бир жамоада маблағ масаласида маълум бир қийинчиликлар бўлиб туради. Бироқ вазият бир клубнинг тугатилишигача етиб борар экан, буниси энди жуда ачинарли ҳолат. Аслида эса вазият шу даражага етиб боришига йўл қўймаслик керак эди. Лекин клубнинг хусусий сектор томонидан молиялаштириб борилиши ва бунинг қанчалик машаққатли бўлганини англаш қийин эмас. “Истиқлол”даги муаммолар эса тўсатдан юз бергани йўқ. Маълум бўлишича, қишки тайёргарлик чоғида ҳам жамоа мана шундай қийинчиликлар билан курашиб келган. Бунинг устига Фарғонада муҳташам “Истиқлол” стадиони бўла туриб, турли сабабларга кўра жамоа уй стадионидан фойдалана олмай келган. Оқибатда, уй учрашувларини ўтказиш учун “Нефтчи”дан кўмак сўраган ва бу борада вилоятнинг бош жамоаси уларга ёрдам қўлини чўзган. Лекин бу ҳол узоқ давом этмаслиги маълум эди. Яъни, “Истиқлол”даги молиявий муаммолар ўз ечимини топмас экан, жамоа боши берк кўчага кириб қолиши табиий эди ва мана шундай ҳолат юз берди ҳам.

Ачинарлиси, “Истиқлол” айрим жамоаларга ўхшаб кун ўтса бўлди, қабилида иш кўрмаётганди. Уларнинг аниқ мақсади ва режалари бор эди. Про-лигада эса доимий равишда етакчилар қаторида курашиб келаётганди. Ҳар холда у ердаги рақобатни тушиб кетмаслигига ҳам хизмат қилиб келаётган жамоа эди. Суперлигага чиқиш “Истиқлол”нинг асосий орзусига айланган бир пайтда клубнинг “чўкиб” кетиши футболимиз жамоатчилиги учун оғир зарба бўлди, аслида. Наҳотки, “Истиқлол” ҳеч кимга керак бўлмай қолган бўлса?!

“Истиқлол” про-лигадаги иштирокини тўхтатиши муносабати билан мазкур клуб ҳамда унинг футболчилари ўртасида тузилган меҳнат шартномалари муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, клуб футболчиларининг бошқа клублар сафида рўйхатдан ўтказилишига рухсат берилади, бу ҳақида ПФЛ расмий маълумот берди. Жамоа тугатилиши ортидан футболчиларнинг ишсиз қолишини олдини олиш учун ҳам ПФЛ “Истиқлол” ўйинчиларининг бошқа жамоаларга кўчиб ўтишига рухсат берди. Шунга кўра, жамоанинг кўплаб ўйинчиларига таклифлар тушганлиги ва аксарияти янги клубига эга бўлганлиги маълум бўлди.

Sports.uz сайтига маълум бўлишича, “Истиқлол”нинг етакчиси ва тўпурари ҳисобланган Мўйдин Мамазулумов про-лиганинг яна бир етакчиларидан бири – “Оқтепа” жамоасига ўтди. Бу ҳақда унинг ўзи маълум қилди ва ҳаттоки ўтган турда дебют ўйинини ўтказишга ҳам улгурди. Ярим ҳимоячи Умид Қодиров эса “Турон”дан тушган таклифни қабул қилди. Улуғбек Худойбердиев билан Тимур Маматмуродов “Динамо”да Сергей Лушан қўли остида ўйнашади. Рустам Абдуҳамидов ҳамда Умар Адхамзодага “Нефтчи” қизиқиш билдиргани сабабли Фарғонанинг бош жамоасига кўчиб ўтдилар. Шунингдек, Суперлига иштирокчиси “Бухоро” Файзулла Жуманқўзиевни ўз сафига қўшиб олди.

Кўриб турганингиздек, “Истиқлол” футболчилари жамоасиз қолиб кетишмади ва қисқа фурсатлар ичида янги клубларига эга бўлдилар. Аммо бизни ўйлантираётгани “Истиқлол”нинг кейинги тақдири қандай кечади? Клуб энди бутунлай тугатиладими ёки кейинги йилдан биринчи лигада иштирок этиши мумкинми? Бу борада ҳам ПФЛ уларга имконият бериш ниятида. Бизга маълум бўлишича, “Истиқлол”ни сақлаб қолиш учун охиригача ҳаракат қилинган, лекин етарли даражада кўмак бўлмаган. Бу эса Фарғона футболи учун ҳам жиддий зарба, аслида. Суперлигада бу вилоятдан ҳеч ким йўқ, про-лигада эса учта вакил бор эди, энди эса иккита қолди.

Хабарингиз бор, куни кеча Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасига тайинланди. Яхши биламизки, у инсон футбол шинавандаси. Шу боис дарҳол одамлар орасида Фарғона футболи ривожланиши, “Нефтчи” яна олдинги мавқеига қайтиши ҳақидаги гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. Агар вилоят футболи яна олдинги мавқеини тикласа бундан фақат хурсанд бўламиз. Лекин бир нарсани ҳам тушунишимиз керакки, футбол ривожи ҳокимларнинг қўлига қараб қолиши керак эмас. Яъни, вилоят футболида ҳам, клубда ҳам тизим ишлаши лозим. Ҳоким фақатгина футболни кўтарсин деб тайинланмайди. Тўғри, Хайрулла Бозоров футболни яхши кўради ва бу борада ҳам нимадир қилиши мумкин. Аммо клублар ҳоким қандай ёрдам бераркин, деб қўлига қараб қолмагани маъқул. Чунки ҳар бир жамоанинг ўз раҳбари бор. Шундай экан, кўп нарса уларнинг қандай ҳаракат қилишига боғлиқ.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар