Исроил Мадримовдан

Мамлакатимизнинг энг машҳур спортчиларининг карантин ҳолатида қандай фойдали машғулотлар билан банд эканлиги ва  ўз ўрнида қай тарзда вақтини унумли ўтказиш кераклиги борасидаги тавсияларини эътиборингизга ҳавола этишда давом этамиз. Бу сафар бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, профессионал боксда 5 та жанг ўтказиб, барчасида нокаут билан ғалаба қозонган, WBA интерконтинетал камари соҳиби Исроил Мадримов ўзининг маслаҳатлари билан ўртоқлашди.

- Айни кунда биз ҳам жисмоний ҳолатимизни бир маромда ушлаб туришга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун уй шароитида машғулотларга эътибор қаратмоқдамиз. Қолаверса, мураббийларимиз билан маслаҳатлашиб, маълум бир режа асосида тайёргарлик кўришга ҳаракат қиляпмиз.

Ёш спортчиларимизга, умуман олганда мамлакатимиздаги барча болаларга жисмония тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишларини, яхши билим олишларини айтган бўлар эдим. Алоҳида, қайсидир китоб ёки фильмни кўринг, дейиш фикридан йироқман. Фақат шуни айта оламанки, кўрган кино ёхуд ўқиган китобингиз сизга ижобий жиҳатдан  мотивация бера олсин. Лўнда қилиб айтганда, ибрат бўла оладиган мазмундагиларини ўқинг ва кўринг, дейишим мумкин.

Китоб ўқиш орқали ақл чарҳланади, фикрлашингиз кенгаяди. Бу ҳолатлар спортчиларнинг ҳам муваффақиятларида асосий роль ўйнайди.

Якуний сўз ўрнида, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз устингизда ишлашдан тўхтаманг. Вақтингизни фойдали ишларга сарфланг. Энг асосийси эса, карантин қоидаларини бузманг ва уйда қолинг!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)