Исроил Мадримов навбатдаги жанги учун кимни нишонга олгани ёхуд америкалик журналистлар ҳамюртимиз билан қизиқарли интервью уюштирди

Исроил Мадримов (5-0,5 КО) 15 август куни (Тошкент вақти билан 16 август тонгда) Эрик Уокерга қарши навбатдаги жангини ўтказади. Америкалик журналистлар бевосита ZOOM тармоғи орқали Мадримов билан суҳбат қурди.

Қуйида, ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз. 

- Дивизион равнақи учун қўшаётган ҳиссангиз туфайли, атрофингизда ҳайратланиш ҳолатлари жуда кўп. Айтингчи, ўз вазн тоифангиздаги етакчи боксчилардан алоҳида ажралиб турадиган жиҳатингиз нимада?

- Рингда мен доимо кучли жанг кўрсатишга ва бошқалардан ажралиб туришга ҳаракат қиламан. Шунчаки, яхши бокс тушишга уринаман. Шу холос.

 - Биз билган қайси боксчилар сиз учун намуна бўлган?

 - Василий Ломаченко ва Геннадий Головкин. Бу боксчиларни жуда ҳурмат қиламан ва мен ҳам уларга ўхшаб ҳаракат қилишга интиламан. Менга Ломаченконинг оёқ ҳаракатлари ёқади. Головкинда эса кучли зарба бор.

- Эрик Уокер ҳақида нималарни биласиз? Унинг ва сизнинг услубингиз бир-бирига мос келадими?

- Уокер яхши боксчи ва жуда тез ҳаракат қилади. Нима бўлишини рингда кўрамиз. Барчаси рингда ҳал бўлади.

Ҳаваскор боксдаги ажойиб фаолиятингиз профессионал йўналишда ёрдам бердими? Чунки ҳозир профида тажрибали рақибларга қарши жанг олиб бормоқдасиз?

- Тўғри, ҳаваскор боксда жуда кўп жанг ўтказганман. Бундан ташқари, WSB яъни, ярим профессионал йўналишда ҳам жанг қилганман. Бу ҳам жуда катта ёрдам бермоқда.

- Сиз элиминатор жангида рингга кўтариласиз. Айтингчи, қачон жаҳон чемпионлиги ва барча йўналишларда титул учун чемпионлик жангларини ўтказасиз?

- Мен ҳар доим тайёрман. Aгар, муҳим чемпионлик жангларини беришса, чиройли ва томошабоп бокс намойиш этишга ҳаракат қиламан.

 - Чарли Наварро ва Эрик Уокерга қарши жангларнинг фарқи нимада?

 - Чарли жуда бақувват боксчи эди. Мен буни кутмаган эдим. Наварро қулай ва у қадар тезкор эмасди.  Уокер эса жуда тез ва ноқулай рақиб.

- Aмалдаги жаҳон чемпионлари: Эрисланди Лара, Жермелл Чарло, Хейсон Росарио ҳақида қандай фикрдасиз?

- Жуда ажойиб боксчилар. Лара қандай ҳаракатланишини ҳамма билади. У ўз мактабига эга, жуда тезкор боксчи. Чарлонинг зарбаси жуда кучли ва хавфли. Росарио ҳақида ҳозирча кўп ҳам билмайман. Aммо у чемпион ва унинг ўзига хос услуби бор.

- Жангда омад. Сиз аллақачон WBA рейтингида иккинчи рақамдасиз... Сизни титул учун жуда тез олиб келишмадими ва сиз муҳим чемпионлик жанги учун тайёр бўласизми?

 - Раҳмат, буни эшитганимдан хурсандман.  Мен профессионал йўналишдаги дебют жангимданоқ чемпионлик жангига тайёрланишни бошлаганман. Чемпионлик жангига қадар тажриба тўплаб бормоқдамиз. Aгар, улар бундай жангини беришган тақдирда ҳам, ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

- 6 ҳафтадан сўнг, Чарло-Росарио ўртасида камарларни бирлаштирувчи жанг бўлиб ўтади. Мазкур тўқнашув ҳақидаги фикрингиз қандай? Aгар ғалаба қозонсангиз, унда сиз қайси камар учун тўғридан-тўғри даъвогарга айланасиз: WBA ёки WBA Super?

- Саволингиз учун раҳмат. Чарло - Росарио? Менимча, Чарлонинг ғалаба қозониш учун имкониятлари жуда кўп. Унинг кучли зарбаси бор. Aммо бу бокс, ҳар қандай нарса бўлиши мумкин. Балки Росарио уни тўхтатиб қолар. Кўрамиз, лекин жуда яхши жанг бўлиши аниқ. Менга келсак, биз кўпроқ Эрисланди Ларани нишонга оляпмиз.

 - Пандемия пайтида Индиода қолдингизми?

 - Йўқ. Ўзбекистонда эдим. Кейин бу ерга келдим ва машғулотларни бошладим.

- Индиода бўлсангизда, сизнинг атрофингизда ўзбекларнинг борлиги учун қандайдир устунликни ҳис қиляпсизми?

 - Ҳа, дўстларим билан бирга яшаймиз ва тайёргарлик кўрамиз. Бутун жамоа билан илиқ муносабатларга эгамиз. Мураббийлар, Жоэль Диас ҳамда Aнтонио Диас бизга ўзининг яқинлари каби қарашади. Менга бу муносабат жуда ёқади. Олдимда доимо дўстларим бўлади.

 - Ҳа, бу сиз учун муҳим омил. Омад тилайман!

- Раҳмат.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)