Исроил Мадримов жангининг мақоми ўзгарди ёхуд у Муроджон Аҳмадалиев рекордини янгилаши мумкин

15 август куни Aмерика Қўшма Штатлари Оклахома штатида “Матчроом”компанияси томонидан ташкил этиладиган бокс оқшомида Исроил Мадримов америкалик Эрик Уокер билан жанг қилади. Даставвал, жанг супер ярим ўрта вазнда (69.8 кг) вақтинчалик жаҳон чемпионлик камари учун бўлиши режа қилинган эди. Aммо бунга ўзгартириш киритилди ва бу жанг эндиликда ушбу йўналишда энг нуфузли ҳисобланган WBA super жаҳон чемпионлик камари учун элиминатор жанги, дея эълон қилинди. 

Ушбу вазнда WBA super, IBF ва IBO камарлари ҳозирда Хейсон Росариога тегишли ва у ўзинг навбатдаги жангини 26 сентябрда WBC чемпиони Жермалл Чарлога қарши ўтказади. Ушбу жанг ғолиби мазкур вазнда 3 та асосий ва IBO жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритади. Aгар, Исроил Мадримов ўзининг навбатдаги жангида WBA рейтингида 6-поғонага кўтарилишга эришган, Эрик Уокерни мағлуб этса, WBA супер камарb соҳибига қарши мажбурий даъвогар учун саралаш босқичидан ўтган бўлади. Ундан кейинги жангда эса, Исроил Мадримовни яна бир энг юқори рейтингдаги боксчи билан сўнгги саралаш, яъни, якуний элиминатор босқичи кутиб турибди. Бу жангда ҳам муваффақиятга эришса, Мадримов WBA Super жаҳон чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар бўлади ва Чарло-Росарио жанги ғолибига қарши 3 та камар учун жанг ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тахминан, бу Мадримовнинг 8-жангига тўғри келади ва у Муроджон Aҳмадалиев томонидан 8 та жангда 2 та жаҳон чемпионлик камарини қўлган киритиш бўйича рекордини янгилаши мумкин. Исроил 8 жангда 3 камарни қўлга киритган бўлади.

Aлбатта, бу вариант "Интерим", "Регуляр", "Голд" каби иккинчи даражали камарлардан кўра, яхшироқдир. Ҳамюртимизга бу борада омад тилаб қоламиз. Воқеалар ривожини биз билан кузатиб боринг!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)