Ислом Исоқжоновнинг янги жамоаси

Бугунги мақоламиз иқтидорли ҳужумчи Ислом Исоқжоновга бағишланади. 26 ёшли футболчи бекободликлар сафида 24 та учрашувда иштирок этиб, учта гол урди. Лекин шунга қарамай, унинг фойдали ўйинчи эканлигини бир нечта учрашувларда кўрсата олгани ҳам эътиборга молик. Айни пайтда таътилда бўлиб турган футболчининг фаолиятида навбатдаги ўзгариш юз берса ҳам ажаб эмас.

«Мавсум сустроқ ўтди деб ўйлайман»

«Металлург» клуби кетма-кет иккинчи йили чемпионатда 5-ўринни банд этишди. Исоқжонов эса дастлаб жамоасининг жорий мавсумдаги иштироки хусусида фикр билдирди.

- Бу йилги чемпионатга келадиган бўлсак, олдинги йилга қараганда, биз учун бироз бўшроқ ўтди. Медаллар учун курашган етакчиларга қарши кўплаб жамоалар рақобат кўрсата олишмади. Бунинг устига «Пахтакор» 6-7 тур қолганида мамлакат чемпиони бўлди. Шунинг учун ҳам мавсум сустроқ бўлди деб ўйлайман. Олдинги мавсумдаги каби шиддатли ва қизиқарли ўйинлар кам бўлди. Лекин 3-5 – ўринлар учун кураш жиддий кечди. Ўйлайманки, ушбу ўринларга клублар ўртасида яхшигина рақобат юзага келди. «Металлург»га келадиган бўлсак, олдимизга қўйилган вазифани бажардик. Лекин биз бундан ҳам кўпроғига лойиқ эдик. Фақат ўз майдонимизда яхши ўйнаб, ютқазган ўйинларимиз ҳам талайгина бўлди. Афсуски, юқори ўринлар учун курашиш имкониятини қўлдан чиқардик деб ўйлайман. Албатта, жамоамизда ўйин борасида олдинги йилларга қараганда анчагина ўсиш бўлди. Клубга тажрибали футболчилар келишди. Уларнинг олдида ёшларимиз ҳам ўсишга эришишди.

«Металлург» билан шартномам якунланган»

Исоқжонов бекободлик мухлисларнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилди. Қолаверса, жамоасининг етакчиларидан бирига ҳам айланди. Лекин ўзининг айтишича, у ўз ўйинидан у қадар қониқмаган, бунинг устига режалари борасида ҳам гапирди.

- Бу йилги мавсумда жамоамизнинг ўйини ва эгаллаган ўрнидан келиб чиқиб, қониқиш ҳосил қилдим десам бўлади. Аммо шахсий ўйинимга келсак, кўплаб учрашувларда ўзимнинг ҳатти-харакатларимдан қониққаним йўқ. Чунки мен бундан-да, яхшироқ ўйинлар кўрсата олишимга қодир эдим. Агар ўйинимга янада қўшишда давом этганимда ва ўзимга бўлган ишонч бундан ҳам кучлироқ бўлганида ўз ўйинимдан қониқиш ҳосил қилдим деб айтган бўлардим. Энди таклифларга келадиган бўлсак, албатта, янги чақирувлар бўляпти. Ўзига яраша кучли жамоалардан таклифлар борлиги рост. «Металлург» билан эса шартномам якунланган. Ҳали бекободликлар жамоасида қолиш ёки қолмаслигим номаълум. Лекин шуни айта оламанки, мухлисларнинг меҳрини қозониб, шу даражага етишишимда клубнинг ўрни катта.

исоқжонов

«Янги мавсумни «Навбаҳор»да бошлашим мумкин»

Охирги пайтларда Исоқжонов борасида турли хабарлар тарқалмоқда. Яъни, унинг «Металлург» билан хайрлашиб «Навбаҳор»га кўчиб ўтиши борасидаги гап-сўзлар ҳам йўқ эмас. Наманганлик футболчи эса булар ҳақиқат эканлигини яширмади.

- Мен ҳам интернет орқали янгиликларни ўқиб боряпман. Наманганда чемпионликка хос бўлган ва ғолиб жамоа сифатида унинг ўйинларини томоша қилишга арзийдиган мухлислари бор. Ўйлайманки, наманганлик барча футболчилар бундай жамоада ўйнашни хоҳлашади. Бундай мухлислар ва яратилган шароитлардан келиб чиққан ҳолда «Навбаҳор» чемпионликка муносиб. Осиё Чемпионлар лигасида ўйнашга арзийдиган жамоа. Тўғрисини айтадиган бўлсам, янги мавсумни «Навбаҳор»да бошлашим эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агар жамоамни ўзгартирадиган бўлсам, катта эҳтимол билан янги мавсумни «Навбаҳор»да бошлайман.

«Локомотив»дан ҳам қизиқиш бўлди»

Бундан ташқари, Исоқжоновга «Локомотив»дан ҳам чорлов бўлганди дейиш мумкин. Яъни, клубинг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян «Металлург» ҳужумчисига қизиқиш билдирган. Футболчи ўз ўрнида ушбу масалага ҳам тўхталиб ўтди.

- Тўғри, мавсум ўрталарида, аниқроғи «Локомотив» билан ўйиндан кейин менга улардан таклиф кела бошлади. Ўшанда Самвел Бабаян билан Тошкентда бир марта кўришдик ва телефон орқали ҳам гаплашиб турдик. Чиндан ҳам «Локомотив» томонидан қизиқиш бўлди. Кейин эса Бабаян Хитойга кетгач ҳам менга яна «Локомотив» клубидан қўнғироқ бўлиб, ўз жамоасида кўришни истаётганини маълум қилишди. Лекин боя айтганимдек, агар «Металлург»дан кетадиган бўлсам, ўйлаб ўтирмасдан «Навбаҳор»га ўтаман. Қолаверса, шунчалик меҳнатимни қадрлаб, мени ўз жамоасида кўришни хоҳлашгани учун Бабаян ва «Локомотив» жамоасига миннатдорчилик билдираман.

«Шипилов билан кейинги тақдирим борасида гаплашиб турибмиз»

Албатта, футболчи ўзининг кейинги фаолияти ҳақида «Металлург» устози Андрей Шипилов билан ҳам гаплашаётган бўлса ажаб эмас. Бундай вазиятда мураббийнинг қандай муносабатда бўлиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

- Ҳозирча кейинги тақдирим ҳақида аниқ бир нима айта оламасам керак. Назаримда, яқин кунларда ҳал бўлиб қолади. Бу борада Андрей Шипилов билан ҳам гаплашиб турибман. Менинг «Навбаҳор»га ўтишим борасидаги гап-сўзлардан «Металлург» устози ва бошқа мутасаддиларнинг ҳам хабарлари бор. Албатта, бекободликлар келаси мавсум учун ҳам мени ўз жамоасида сақлаб қолишга ҳаракат қилишяпти. Бу тўғрисида мураббий билан гаплашяпмиз.

исоқжонов2

«Чиройли голлар тасодиф бўлади»

Ҳужумчи «Металлург» сафида учта гол урди. Аммо унинг киритган голлари бир-биридан чиройли чиққанини ҳам айтиш керак. Ҳар қандай футбол учрашувларини безай оладиган ажойиб голлар муаллифига айлана олди. Исоқжонов эса бундай голлар одатда тасодиф бўлишини айтди.

- Европа чемпионатларини ҳам томоша қилиб тураман ва уларда ҳам ажойиб голлар гувоҳи бўламиз. Чиройли голлар эса тасодиф бўлади деб ўйлайман. Лекин ҳар бир ўйиндан олдин футболчиларнинг ўз олдига қўйилган мақсади бўлади. Тўғриси, машғулотларда ҳам бунга кўп эътибор қаратаман. Яъни, зарба позициясига чиққан пайтимда дарвоза томон тепишни хоҳлайман. Чирой томондан урган голингиз тасодиф бўлса, аммо зарба йўллаш позициясида ўзимга бўлган ишоч ортган бўлади. Менга энг ёққан голларимга келсак, шахсий фикрим шундайки, киритган голларим жамоамнинг ғалабаси учун фойда келтирган бўлса, шулар мен учун энг чиройлиси бўлиб қолади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
25/12/2019 09:47
Олга
Абдусамат Жураев
25/12/2019 09:36
НАВБАХОР янги Мисрлик бола жиловласа одам булади лекин Исокжонов машгулотда куринмади
Абдусамат Жураев
25/12/2019 09:35
КЕЧА МАШГУЛОТ пайтида куринмади
Muhammad Rahmatillaev
24/12/2019 23:15
Хозир Навбахордаги шароит Ўзбекистонда йўқ бирон жамоада фақат Пахтакорда бўлиши мумкин шунга келсанг кам бўлмайсан.