Иорданияда таэквондочиларимиз 4 та медаль қўлга киритишди

Иорданиянинг Амман шаҳрида таэквондо бўйича G1 тоифасига кирувчи халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада Токио Олимпиадасига рейтинг очколари ўйналгани учун ҳам турнир кескин ва муросасиз рақобатга бой бўлди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси. 

Эътиборлиси, ушбу мусобақада иштирок этган 4 нафар таэквондочимизнинг барчаси совринли ўринларни қўлга киритди. Қизларимиз Нигора Турсунқулова (-67 кг) ҳамда Светлана Осипова (+73 кг) ўз вазн тоифаларида финалгача етиб бориб, якунда кумуш медаль билан тақдирланишди. Шоҳруҳ Ражабов (+87 кг) ва Никита Рафалович (-80 кг) эса бронза медалига сазовор бўлдилар. Шунингдек, барча вакилларимиз Токио Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини ҳам ўз ҳисобларига қўшиб қўйишди.