Имконсизликда имкон топганлар - ҳақиқий матонат ва жасорат соҳиблари

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни соғлом жамиятга қўшиш масалалари эътибор марказда бўлиб келмоқда. Шу йўлда фаол ҳаракат қилаётган Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси бугун 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан паралимпия спортчиларига бағишлаб “Имконсизликда имкон топганлар” номли байрам тадбирини ташкил этди.

Пойтахтимиздаги муҳташам “Универсал” спорт саройида бўлиб ўтган тадбирда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти, спортчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Байрам тадбирини очиб берган Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

“Ўзбекистонлик паралимпия спортчиларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлашда барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ана шунинг натижаси ўлароқ Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларни қўлга киритиб қайтди.

Бу йил бўлиб ўтиши режалаштирилган Токио Паралимпиадаси пандемия муносабати билан бир йилга кечиктирилди. Шундай бўлса-да, спортчиларимизнинг ҳар бир куни мамлакат ва ҳукумат раҳбарияти томонидан доимий назоратда бўлиб турибди. Айни пайтда, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ҳисобида Паралимпия ўйинларига 16 та лицензия мавжуд. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Олдинда пара-атлетларимизни кўплаб лицензион мусобақалар кутиб турибди. Ўйлайманки, келгуси йилда Кунчиқар юртда бўлиб ўтадиган 4 йилликнинг энг муҳим спорт анжуманида ҳамюртларимиз ўз натижаларини ҳар томонлама яхшилай олишади”.

Шундан сўнг таниқли хонандалар иштирокида концерт дастури бошланди. Жумладан, Юлдуз Усмонова, Алишер Файз, Зиёда, Райхон ва Рашид Ҳолиқов каби санъаткорларнинг ватанни мадҳ этувчи гўзал тароналари йиғилганларнинг олқишларига сазовор бўлди. Тадбирда шунингдек, имконияти чекланган спортчилар иштирокидаги саҳна чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди.

Тадбирнинг иккинчи қисми байрам дастурхони устида давом этди. Спортчилар гўзал куй-қўшиқларга жўр бўлиб, рақсларга тушди. Шу билан тантанали байрам ўз ниҳоясига етди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар