Илҳом Мўминжонов:

Бугун про-лиганинг 7-турида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ўз майдонида “Шўртан”ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув якунига етганидан кейин “Нефтчи” устози Илҳом Мўминжонов баҳс хусусида шундай деди:

 - Бугунги ғалаба билан барча мухлисларимизни табриклаб қоламан. Ўйин қийин кечди, деб ўйлайман. Чунки ҳар бир футболчи ва мураббий жамоаларнинг натижаларини ҳисобга олиб ҳаракат қилади. Шундан келиб чиқиб, бугун руҳан тайёр эмаслигимиз билинди. Лекин қийинчилик билан бўлса ҳам барибир жамоамиз бугун ғалаба қозонди.

Очко йиғиб олдинга интиламиз. Мақсадимиз эса биринчи ўринни қўлга киритиб, Суперлигага йўл олиш. Кейинги "Оқ-тепа" жамоаси билан бўладиган ўйинимиз осон кечади, деб ўйламайман. Чунки "Оқ-тепа" клуби яхши шаклланган. Шунинг учун бу беллашувга жиддий тайёргарлик олиб борамиз.

Достон Тошматовга келсак, унинг дисквалификацияси якунига етди. Эртадан бошлаб жамоамизнинг машғулотларига қўшилиши кутилмоқда. Уни иккинчи давра ўйинларига тайёрлаймиз ва рўйхатга киритамиз. Достон ўтган йили про-лиганинг тўпурари бўлган ва савияси юқори даражали футболчи.

Позицион ўйинга тайёргарлик кўрган эдик. Сабаби, бизга қарши беллашувда ҳар бир жамоа ҳимоядан ўйин кўрсатади. Бугун марказда ва ҳужум чизиғимизда кўплаб хатоларга йўл қўйдик. Лекин киритган ҳар иккала голимиз ҳам ҳимоячиларимиз ёрдамида амалга оширилди.

Бугунги ўйинни қайтадан кўриб, ўрганиб чиқамиз. Футболчиларимиз ҳам ўзларидан хулоса чиқаришади ва кейинги учрашувларда бундай хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қилишади.

Бугунги рақибимизни ҳимоявий ўйин услубида ҳаракатланишини ўйлагандик. Бу каби жиҳатлар футболчиларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Аммо якунда барибир ғалаба қозониб, 3 очкога эга бўлдик, - дейди Мўминжонов.

"Нефтчи" матбуот хизмати

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию