Ҳусниддин Ғофуров:
Ads

«Локомотив»да бир ярим йил давомида тўп сурган иқтидорли футболчи Ҳусниддин Ғофуров яқинда «Пахтакор» сафига қўшилди. Барчага яхши маълумки, ҳозирги кунда чемпионлик учун курашда «Локомотив»нинг асосий рақобатчиси «Пахтакор» ҳисобланади. Қишда ҳам у клубдан, бу клубга футболчилар кўчиб ўтишганди. Бу ҳол иккинчи даврада ҳам давом этди ва буни Ҳусниддин Ғофуров мисолида кўриб турибмиз. Бир неча йил давомида Сербия чемпионатида тўп суриб тажриба тўплаган ўйинчи юртимизга қайтгач, «Локомотив» сафидан жой олганди ва ўтган йили мамлакат чемпиони бўлишга муваффақ бўлди. Қолаверса, Ғофуров бу жамоа таркибида «йўқолиб» қолгани йўқ. Очиғини айтганда, унинг жорий мавсумнинг иккинчи даврасида ҳам темирйўлчилар таркибида тўп суришда давом этиши кутилаётганди ва жамоасини ўзгартириши кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Шу тариқа, фарғоналик футболчининг «Пахтакор»даги ҳаёти ва фаолияти бошланди. Футболчи «шерлар»га айлангач, дастлабки интервьюни олдик.

- Фаолиятингизда янги саҳифа очилди ва сиз расман «Пахтакор» аъзосига айландингиз. Ушбу клубга ўтишингизда воқеалар ривожи олдиндан шунга қараб кетаётганмиди?

- Аввало «Локомотив» жамоасини тарк этишим ҳақида тўхталсам, бу ҳолат тезда ёки олдиндан юз бергани йўқ. Аслида жамоадан кетишимга сабаб ҳам йўқ. Ўзинглар яхши биласизлар, жамоага кимдир келади, кимдир кетади. Шунинг учун менинг клубни алмаштиришим ҳам оддий ҳолат.

- «Локомотив»дан «Пахтакор»га кўчиб ўтишингизга бағишланган видеоролик ҳам намойиш этилди. Бу кимдан чиққан ғоя эди?

- Ролик ҳақида гапирадиган бўлсам, албатта бу «Пахтакор»нинг ташаббуси. Ушбу клубда ишлаётган инсонлар томонидан ўйланган зўр ғоя. Лекин бу вазиятда «Локомотив»га нисбатан ҳеч қандай ҳурматсизлик бўлгани йўқ. Шуни алоҳида айта оламанки, «Локо» доим юрагимда қолади. Шу ўринда «Локомотив» жамоасида барча билан бирга ишлаган инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

- «Пахтакор»да сизни қандай қарши олишди? Шота Арвеладзе билан илк бор бирга ишлаяпсиз ва у билан учрашувингиз қандай ўтди?

- Менинг фаолиятимда тўп сураётган жамоамнинг номи ўзгарди холос. «Пахтакор»даги барчани яхши танийман. У ерга борганда ҳаммаси билан кўришдим. Клубнинг деярли барча аъзолари танишларим. Бу вазиятда ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Мени ҳаммаси жуда илиқ қарши олишди. Қолаверса, жамоага мослашиб кетишимда ҳам ортиқча қийинчиликлар сезилмаяпти. Албатта, мураббий билан ҳам гаплашдим. Табиийки, у билан ўртамизда ҳаммаси аъло даражада. Ахир у ерда ишлаётган барча профессионаллар.

Ғофуров янги2

- «Локомотив»га 2018 йилнинг бошида қўшилгандингиз ва ушбу клубда бир ярим йил давомида тўп сурдингиз. Айтинг-чи, шу вақт давомида «Локо»да ўтказган фаолиятингиз сизга нима берди ва ўзингиз клубга нима бера олдим деб ўйлайсиз?

- Албатта, ушбу клубда тўп суриб анча ўсишга эришдим. Мен учун у ерда ҳаммаси яхши эди. Агар «Локомотив»га ёрдамим теккан бўлса, бундан жуда хурсандман. Лекин мен ўзим бу клубга нима бера олганимни тўғриси айта олмайман.

- «Пахтакор» сиз учун янги чақирув. Ушбу клубдаги мақсад ва режаларингиз қандай?

- Мен ўз олдимга юқори мақсадларни қўйганим учун ҳам бу клубга ўтганман. Худо хоҳласа, «Пахтакор» билан чемпион бўлмоқчиман. Бу йўлда жамоага ёрдамим тегади деган умиддаман.

- Сиз «Пахтакор»да 77-рақамни танладингиз. Ўтган йили «Пахтакор»да бу рақамда бразилиялик Безерра тўп суриб тўпурар бўлганди. 77-рақамни танлашингиз ўзингизнинг танловингизми? Умуман, бу сизга ёқадими?

- Албатта, бу рақамни ўз хоҳишим билан танладим. Лекин футболчига рақамнинг унчалик фарқи йўқ деб ўйлайман. Асосийси, жамоага ёрдамим тегиши, бу энг муҳими.

- Ҳозирги кунда «Пахтакор» билан «Локомотив» Ўзбекистоннинг энг кучли клублари бўлиб туришибди. Масалан, «Локо» Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Лекин бу йилги мавсумда «Пахтакор» чемпионлик учун катта қадам ташламоқда ва «Локо»ни 11 очкога ортда қолдирмоқда. Бунинг устига иккала клубдан футболчилар ўз ўринларини алмаштиришди. Масалан, сиз ҳам «Локо»дан «Пахтакор»га кўчиб ўтдингиз. Кўпчилик эса «Пахтакор»нинг чемпионлигини айтишмоқда…

- Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шу боис олдинда ҳеч нарса деб бўлмайди. Чемпионатдаги кураш охиригача давом этади деб ўйлайман.

- Бунгача сиз Сербия чемпионатида бир неча мавсум тўп сурдингиз. Айтинг-чи, ўтган вақт давомида сизга яна Сербия ёки бошқа чемпионатлардан ҳам таклифлар бўлиб турибдими?

- Агентим доим менга энг яхши таклифни айтади. Агар мени ҳам ўша таклиф қониқтирса мазкур жамоа билан гаплашамиз.

- Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам номзод ўйинчи ҳисобланасиз. «Пахтакор»га ўтишингиз терма жамоада ўйнаш имкониятингизни янада оширади, деган фикрларни ҳам эшитяпмиз…

- Ҳамманинг ҳам терма жамоада ўйнагиси келади. Худо хоҳласа, бор кучим билан терма жамоада тўп суришга ҳаракат қиламан. Бунинг учун ўз устимда янада кўпроқ ишлашга тайёрман.

- Умуман олганда, «Пахтакор»га ўтиш сиз учун нимани англатмоқда?

- «Пахтакор» - буюк клуб. Албатта, бундай жамоада кўпчилик футболчиларнинг ўйнагиси келади. Шундай экан, мен ҳам уларнинг қаторида ўзимни «Пахтакор»да кўриш ниятим бор эди. Худога шукрки, кўриб турганингиздек, ниятим амалга ошди. Боя айтганимдек, «Пахтакор» сафида чемпион бўлиш навбатдаги мақсадим.

- Шунингдек, чемпионатимизда Ҳусниддин Ғофуров номи остидаги футболчи биргина сиз эмассиз. Сиздан ташқари яна бошқа Ҳусниддин Ғофуров ҳам бор. Бу эса ўзига яраша қизиқарли ҳолатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин…

- У Ҳусниддин худди укамдек бўлиб қолган. Қизиғи, у ҳам фарғоналик. Унинг фаолиятига ҳам омад тилайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
01/08/2019 16:29
Qargish tekkan joydan ketayin debdida
&
Ahadhon
31/07/2019 14:21
Muxlislarni.setadiyonda.uzi.
&
Ahadhon
31/07/2019 14:20
Omadingnibersun