Ads

Хабарингиз бор, Тошкентнинг "Ҳумо" клуби жорий йилдан эътиборан ВХЛда иштирок этади. 32 жамоа иштирок этадиган мазкур турнир 5 сентябр куни старт олади. Унда Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Хитойнинг бир қатор клублари ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Эътиборлиси, бу мавсумдан Лигада бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди ва жамоалар географик жойлашувларига кўра, Конференция ҳамда Дивизионларга ажратилди. Унга кўра, мусобақа икки қисмдан иборат бўлади: мунтазам чемпионат ва плей-офф баҳслари. Ҳар бир клуб ўз дивизиони ва конференциясидаги жамоаларга қарши уй ва сафар учрашувлари ўтказишади.

Жумладан Евгений Попихин бошқарувидаги "Ҳумо" жамоаси ўзининг мусобақадаги иштирокини 10 сентябр куни бошлайди. Шу куни, хоккейчиларимиз Хитойнинг Гилинь шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи "Ценг Тоу" клубига қарши музга чиқишади. Орадан икки кун ўтиб эса "Ҳумо" Пекиннинг "Оржи" клуби меҳмони бўлади.

Тошкентдаги илк ўйин эса 26 сентябр куни "Динамо" Тверь клубига қарши ўтиши режалаштирилган.