Ҳамиджон Актамов: Месси бўлса ҳам олиб келаман, фақат пул бўлса бас!

“Қизилқум” клубида қандай ўзгаришлар бўлганини кўрдингиз. Мавсумни яхши бошлай олмаганидан сўнг трансферлар ойнаси очилган пайтда кўзга кўринган ўйинчиларни таклиф қилишди. Бундай ишларда эса клуб бош менежери Ҳамиджон Актамов бош-қош бўлди. У билан гаплашиш учун анчагина кутишимизга ва уринишимизга тўғри келди. Ниҳоят, доим дангал гапиришни ёқтирадиган мутахассис sports.uz учун алоҳида интервью берди.

-  Сиз билан охирги марта гаплашганимизда “Қизилқум”дан кетганингизни маълум қилгандингиз. Лекин кейин яна воқеалар ривожи ўзгарди ва сиз жамоада бош менежер лавозимида фаолиятингизни давом эттиряпсиз. Клубга қайтишингиз қандай юз берди?

-  Аввало айтмоқчиманки, мени ҳеч ким клубдан ҳайдагани йўқ. Чарчаганим сабабли ўзим бироз дам олмоқчи эдим. Ўшанда Туркманистондан иккита мураббий келганди. Жамоани ўшаларга топшириб, ўзим дам олишга чиқмоқчи эдим. Агар мен бироз четга чиқиб турсам, клубда ўзгариш бўлармикин, деб ўйлагандим. Аммо қарасам, бу ҳам иш бермади. Мавсумни дастлабки учта турида икки марта ютқазиб, бир марта дуранг ўйнадик. Кейин Тачмурод Агамуродовга жамоага ёрдам беришини, биргалашиб “Қизилқум”нинг мавқеини кўтаришни таклиф қилдим. Сўнг пандемия туфайли барча уйда қолди, ҳаммани режалари ўзгариб кетди. Ҳозирда эрталаб режа қилсангиз, тушликдан сўнг барчаси ўзгариб кетадиган замон бўлиб қолди. Ҳеч нимани олдиндан режалаштириб бўлмаяпти. Нафақат футболда, балки барча соҳаларда ҳам шундай вазият юз беряпти. Шу орада мен ҳам бир ойча дам олдим. Боз устига карантин эди. Бу вақт давомида соғлигим ҳақида қайғурдим. Футболчилар ва мухлислар эса мени яна тезроқ футболга қайтишимни хоҳладилар. Барибир жамоа учун шунча йил меҳнат қилганман. Аксига олиб, Агамуродов келганидан кейин ҳам мағлубият устига мағлубият бўлаверди. Кейин жамоада яна ўзгартириш қилишга мажбур бўлдик. Бунгача икки марта мураббийни янгиласак ҳам фойдаси бўлмагач, энди таркибда ўзгариш қилишга қўл урдик. Натижада туркманистонлик мураббийлар билан бирга туркманистонлик легионер футболчилар – Башимов ва Илясов билан хайрлашдик. Яна бир легионер – Маккартни Навесебга ҳам жавоб бердик. Ҳеч қанақа хафагарчилик бўлгани йўқ, ҳаммаси билан дўстона хайрлашдик. Пандемия пайтида бизда ҳам 70 фоиз футболчилар covid туфайли даволанишди. Мана, хабарингиз бор, бир қатор янги трансферларга қўл урдик. Дарвозабон Игнатий Нестеровни олиб келдик. Ярим ҳимоячи Ойбек Қиличевни ҳам чақирдик. Шунингдек, Эркин Бойдуллаев бизга бегона эмасди, уни ҳам қайтардик. “Динамо” сардори Жасур Азимовни ҳам қўшиб олдик. “Оқ-тепа”дан эса икки нафар ўйинчини трансфер қилдик.

-  Игнатий Нестеровнинг “Қизилқум”га ўтиши барчада ўзига хос шов-шувни  уйғотди. Чунки уни кўпчилик Навоий клубига ўтишини кутмаганди. Қизиқ, Нестеровни “Қизилқум”да ўйнашга қандай кўндирдингиз?

-  Мен Месси бўлса ҳам гаплашиб олиб кела оламан, фақат пул бўлса бўлди. Агар уни шарти ҳақида гапирадиган бўлсам, Нестеров билан бир марта гаплашдим ва биз келишдик. Унинг шарти ҳам у қадар катта эмасди. Бундан ташқари, беларуслик Владислав Касминин ҳам Ўзбекистон фуқаролигини олиш арафасида турибди. Биз у билан ҳам шартнома имзолаганмиз.

актамов4_1

-  Таркибдан қониқдингизми?

-  Ҳа, кўнглимдагидек таркиб десам ҳам бўлади.

-  Бундан кейин ҳам янги ўйинчилар келишда давом этадими?

-  Бўлди, қаранг қанча ўйинчи олдик?!

-  Юқорида легионерлар кетганини айтдингиз, яна расман кимлар кетди?

-  Нодирхон Камолов. “Насаф”дан ижарага олган Илҳом Алижонов билан ҳам хайрлашдик.

-  Агамуродов масаласи ҳам бизни қизиқтираётганди. Боиси, юқорида ўзингиз ҳам айтганингиздек, унинг бошчилигида “Қизилқум” жуда омадсиз ўйинларни ўтказди. Оқибатда Тачмурод Шамакович ҳам истеъфога чиқиши мумкинлиги тахмин қилинаётганди. Шу хусусида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

-  Масалан, сиз журналист сифатида ўз соҳангизни яхши биласиз. Ҳар ким ўз ишини ўзи яхшироқ билади. Тачмурод Агамуродов ёмон мураббий эмас. Фақат унинг ҳам омади келмади. Ҳар 2-3 та турда мураббийни алмаштираверсак, бу асло яхшиликка олиб келмайди. Бутун жамоани тайёрлаш учун анча вақт керак. Бу гапни ўқиганлар ўзингга неча йил бўлди, деб айтишлари ҳам мумкин. Биз ҳар йили футболчиларни чақириб, ким биландир бир йил, яна ким биландир бир ярим йилга шартномалар тузганмиз. Сабаби бизда олдингидек ёшлар етишиб чиқмаяпти. Келажак учун катта ишларни мақсад қилганмиз. Клуб академиясининг лойиҳалари тайёр турибди. Фақат карантин чоғида ҳамма уйда ўтиришга мажбур бўлганлиги учун бу ишимиз ҳам бироз чўзилди. Бу масала бўйича академиямизни “Насаф”, “Бунёдкор”ники сингари ташкил қилиш учун ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев ва яна бошқа мутахассислар билан ҳам гаплашиб олдик. Марказлашган чемпионатимизни ўтказиб олганимиздан кейин бу иш билан жиддий шуғулланамиз. Академияни ишга тушириб, яхши мутахассисларни жалб қилган ҳолда футбол фабрикасини Навоийда ҳам барпо этиш бўйича вилоят раҳбарлари ҳам ёрдам беришга тайёр.

актамов

-  Навоийда иқтидорлар жуда кўп. Бунга яқинда Россияга кетган Остон Ўрунов билан Жасур Жалолиддиновни мисол келтирсак бўлади, иккаласи ҳам навоийлик. У ерда яна шуларга ўхшаш истеъдодлар бисёр, шундай эмасми?

-  Тўғри. Навоийдан доим яхши футболчилар чиққан. Суперлиганинг клубларида ҳам кўплаб навоийлик йигитлар ўйнашяпти. Нимага “Қизилқум”да ўйнамаяпти, деган савол бўлиши табиий. Масалан, Жалолиддинов ёшлигиданоқ Тошкентга, академияга кетган. Аммо у ўзимиздан чиққан. Остон Ўрунов эса айнан “Қизилқум” футбол мактабида таҳсил олган. Биз бу масалани яна кўтарамиз. Яъни, Ўруновни ким қанчага трансфер қилса қилаверсин, лекин ўзи ўқиган футбол мактабини ҳам унутиб қўймаслиги керак. Бундан ташқари, Дилшод Раҳматуллаев, Асилбек Омонов, Воҳид Шодиев, Алишер Ҳолиқов...кўряпсизми, Навоийда ҳам яхши ўйинчилар пайдо бўлган. Ҳозир ҳам иқтидорли ёшлар бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Охирги пайтларда эса “Қизилқум” жамоамиз бироз омадсизликка учради. Мухлисларимизни ранжитиб қўйганимизни тан оламан, бу борада ўзимни оқламоқчи ҳам эмасман. Бу – футбол. Ким ўйлабди дейсиз, “Барселона”ни “Бавария”га 2:8 ҳисобида ютқазишини.

-  Футболда мағлубият билан ғалаба ёнма-ён юради...

-  Тўғри, аммо охирги бир йилда мағлубият ёнимиздан ҳам кетмади-да (кулади). Шунинг учун ишни яна бошқатдан бошладик. Худо хоҳласа, энди ишларимиз яхши бўлиши керак. Мана, куни кеча “Бухоро”га қарши ўйинда дастлабки ғалабага эришдик.

-  Айнан “Бухоро”га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бош мураббий эмас, балки сиз иштирок этдингиз. Бундан кейин ҳам матбуот анжуманларида ўзингиз қатнашасизми?

-  Бош менежер сифатида мени ҳам матбуот анжуманида иштирок этиш ҳуқуқим бор. Ўшанда жамоани ўйинга мен тайёрлагандим. Барибир ўзимга ҳам саволлар бўлишини билардим. Агамуродов билан бирга жамоани шуғуллантиряпмиз. Бизга фарқи йўқ, менми ёки Агамуродовми, матбуот анжуманларида қатнашаверамиз.

актамов3

-  У ҳолда жамоанинг натижаларига асосий жавобгар ким?

-  “Қизилқум” натижаларига биринчи жавобгар инсон мен. Чунки бу жамоани нолдан бошлаб шу даражагача бирлаштирдик, яхши ва ёмон кунларида ҳам бирга бўлдим. Тўғриси, бошқа жойга ишга кетмоқчи ҳам эдим. Бироқ клубни бундай ҳолатда ташлаб кета олмадим. Барибир қийин ҳолатда жамоани ташлаб қочадиган одам эмасман.

-  Агамуродовни чақиришдан олдин яна бошқа таниқли мураббийлар билан ҳам гаплашган экансиз. Мисол учун Юрий Саркисянни “Қизилқум”га таклиф қилганингиз ростми?

-  Юрий Вазгеновични маслаҳатчи мураббийликка чақиргандим. У бу таклифдан хурсанд бўлди. Фақат ёши анча улуғланиб қолгани, соғлигини ўйлаётгани ва ҳар доим жамоа билан бирга бўла олмаслиги боис ишлай олмаслигини айтди. Дарвоқе, Рустам ака Мирсодиқовга ҳам маслаҳатчи мураббийлик лавозимини таклиф қилгандим. У кишининг ҳам тажрибаси катта. Аммо у ҳам ҳозирча ишлай олмаслигини билдирди. Улардан бошқа ҳеч кимга таклиф билан чиқмаганман, Хомяков, Кумиковларга ҳам. Мен Ўзбекистонда кимга таклиф билан чиқишим мумкин? Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев каби мураббийлар бўлса, бирга ишлашим мумкин. Қолган кўпчилигини эса ютганман. Гарчи ўша мураббийнинг менга нисбатан тажрибаси катта бўлса ҳам ғолиб чиққанман. Ахир менга ютқазган мураббийни ўрнимга ишга қўймайман-ку! 

-  Карантин пайтида Александр Хомяковни “Қизилқум”да иш бошлаши борасида кўплаб хабарлар тарқалганди. Бу аслида ҳам ҳақиқатмиди?

-  Ҳозир ҳамма ғийбат футболда. Одамлар бекор қолди, футболдан гапиришади. Тўғри-да, футбол ҳеч кимни хурсанд қила олмаяпти. На терма жамоамиз, на клубларимиз. Хомяков ҳақида ҳам ҳар хил гап-сўзлар чиқди. Унга таклиф бўлган. Балки мендан бошқа раҳбарлар чақирган бўлиши мумкин. Мен битта нарсани айтаман, яхши машинани сотиб, эскиси олинмайди. Агар яхши машинани сотсангиз, ундан ҳам яхшироғини олишни истайсиз, тўғрими? Шундай экан, жамоамизга ҳам яхшироқ мураббийни олиб келишса, гап йўқ, бирга ишлаймиз. Хомяковни танқид қилмоқчи эмасман, фақат мураббийни олиб келишдан аввал унинг олдинги ишлаган клублари ва эришган натижаларига қараш керакми? Ёки Кумиковни олайлик, бизнинг чемпионатда 4-ўринни олди нима, 13-ўринни олиб Суперлигада қолди, нима? Бу ҳеч нима бермайди, мақсад йўқ. Мақсад фақат чемпионатда қатнашиш холос. Агар шундай бўлса, ўзимиз ҳам қилаверамиз. Мақтанадиган бўлсангиз, ана кучли учликка киринг, жамоангиз билан ОФК ёки ОЧЛда қатнашинг, ана шунда гапирса бўлади. Масалан, Шота Арвеладзени ҳурмат қиламан. “Пахтакор”ни шакллантирди. Тўғри, бунга маблағ ҳам керак. Биз ҳам аста-секин шундай даражага чиқишга ҳаракат қиламиз, шунга ният қиламиз. Москва ҳам бирдан қурилмаган.

актамов5_1

-  “Қизилқум”га яхши савиядаги ижрочиларни олиб келганингиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, жамоада молиявий ҳолат анча яхши, шундайми?

-  Яхши бўлиб, бошқа жамоаларникидан кўп эмас. Шунчаки, барқарорликка интиляпмиз ва маошлар вақтида берилади. Ҳеч кимдан қарздорлик йўқ. Ҳаммаси вақтида. Лекин кўп эмас, бюджет бўйича Суперлига клублари орасида 11- ё 12-ўринда турамиз. Катта пуларни ваъда қилиб, баҳорда ёки бошқа кунда оласан, дегандан кўра, озроқ бўлса ҳам вақтида берган яхши-да.

-  Чемпионатимизнинг кейинги тақдири қандай бўлиши сизни ташвишга солмаяптими?

-  Ҳаммаси ўз йўлида бўлаверади. Қўрқиб нима қиламиз, касаллик билан бирга яшаймиз, эҳтиёт бўламиз.

-  Клуб мухлисларига айтадиган гапингиз борми?

-  Навоийлик мухлисларга шуни илтимос қиламанки, мен қандайдир баҳона изламоқчи эмасман. Футболни халқимиз яхши кўради. Жамоанинг ҳақиқий мухлиси бўлиш учун яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиши керак. Ҳар доим улардан бизни фақат қўллаб-қувватлашини истаймиз, бошқа ҳеч нима сўралмайди. Футболчиларни танқид қилиш керак, лекин жуда ҳам ошириб юбормаслик даркор. Лекин уларни ҳам вақтида мақтаб туриш керак, шунда футболчиларга ҳам илҳом келади (кулади). Бугун бўлмаса, эртага ўхшайди.

-  Асосий мақсад “Қизилқум”ни Суперлигада сақлаб қолишми?

-  Бу йил юқори мақсадни қўйганман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар