Куни кеча “Турон” клубида бош мураббий ўзгарди. Ёш Ислом Исмоиловнинг ўрнига вақтинча бош мураббий сифатида польшалик Богуслав Баниак тайинланди.

63 ёшли мутахассис ҳақида мухлислар деярли маълумотга эга эмаслар. У шу пайтгача кўплаб жамоаларда ишлади. Мураббийликдан ташқари, спорт директори ёки яна шунга ўхшаш бошқа лавозимларда ҳам иш юритган.

Шунингдек, Буркина-Фасонинг ёшлар ҳамда ўсмирлар терма жамоаларида фаолият юритган. Қолаверса, Буркина-Фасо футбол федерациясида спорт директори бўлиб ҳам меҳнат қилган. Яқиндан бери Баниак “Турон” клубида фаолиятини бошлаганди. Жамоанинг вақтинча бош мураббийига айлангач, sports.uz мухбири польшалик мутахассис билан суҳбатлашди.  

- Сизни “Турон” футбол клубининг бош мураббий вазифасига расман тайинланганингиз билан табриклайман. “Қизилқум”га қарши ўтказилган ўйиндан сўнг, режаларингиз ҳам ўз-ўзидан ўзгариб кетгандир?..

- Гапингиз рост, лекин бу мағлубиятнинг спорт тамойилларига хос сабаблари ҳам йўқ эмас. Футболда ўйинга ким яхшироқ тайёргарлик кўрган бўлса, ўша ютади. “Турон”да иш бошлаганимга бир ойдан сал ошди. Биласиз, бош мураббий вазифасига тайинлангунимга қадар бошқа лавозимда иш юритиб келдим. Айтмоқчиманки, клубни кечадан бери билаётганим йўқ. Ислом Исмоиловнинг ўрнига “Турон” устози этиб тайинландим. Жамоадаги футболчиларни анча билиб олдим. “Турон”га келган чоғимда Ислом билан клуб ўйинини анча ўзгартириб юборишга ҳаракат қилдик ва қайсидир маънода буни уддаладик ҳам. Бахтга қарши натижалар кутилган даражада кўриниш олгани йўқ. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради. Ислом Исмоилов – ҳали ёш, иштиёқи баланд мураббий. Мен унинг “Турон”да қолиб ишлашда давом этишини истаган бўлардим. Бироқ...Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин, бу - ҳаёт! Унинг қўл остида “Турон” яхши ўйин намойиш этди. Боя юқорида айтганимдек, фақат натижалар шунга мос кўриниш ҳосил қилмай, пировардида бу унинг истеъфога чиқариб юборилиши билан якун топди. Унинг қўл остида жамоа 8 учрашувда уч очко олди холос. У клубдаги ҳамма ўйинчиларни, жумладан, чет элликларни ҳам яхши биларди. Эътиборлиси, айрим футболчиларнинг ёши ундан катта эди.

Шунингдек, таркибга маҳаллий бир қанча футболчилар ҳам жалб этилди. Ўйлайманки, унга бошлаган ишини давом эттириш учун бироз имкон берсалар яхшироқ бўлармиди?.. Чунки про-лига билан Суперлигадаги учрашувларнинг даражаси ўртасида катта фарқ бор. Агар ёш мутахассисга имкон берилганида у албатта “Турон”нинг ўйинини Суперлига даражасидаги беллашувларга мослаштирган бўларди. Нима бўлган тақдирда ҳам Исломдан шахсан мен жуда миннатдорман. Негаки, мураббий клубни анчадан бери шуғуллантириб келди ва шу даражага олиб чиқишда салмоқли улуш қўша олди. Шахсан ўзимга тўхталадиган бўлсам, мураббийлик мен учун янги ва ўзлаштирилмаган соҳа эмас. Негаки, бунга қадар 9 та жамоада ишлашга улгурганман. “Турон”га устоз этиб тайинланишдан олдин бу масалада рафиқам билан ҳам гаплашиб, унинг фикрини билишга ҳаракат қилганимни айтиб ўтишим жоиз. “Турон”га келганимдан сўнг, ҳожакага (клуб раҳбарини назарда тутяпти) ёрдам бердим. У бундан кейин “Турон”да бош мураббий вазифасида ишлашим кераклигини истаётганини билдирди. Иш асносида раҳбарият мендан футболда қандай ишлаш кераклигини бошқаларга ҳам кўрсатиб қўйишни сўради. Албатта, бу анча мураккаб топшириқ, гарчи футболда анча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган бўлсам ҳам барибир иш салмоғи бир мунча юқорилиги билан кишига босим ўтказмасдан қолмайди. Жамоа ўйинини йўлга қўйиш учун мураббийдан қаттиқ тер тўкиб ишлаш талаб қилинади. Бундай маҳалда у кундалик ҳаётидаги бошқа юмушларни ҳам бир четга йиғиштириб қўйишга мажбур бўлади. “Турон”нинг ўйини анча йўлга қўйилган. Тактика масаласида ҳам шундай мулоҳаза юритса бўлади. Лекин клубда мураббийларнинг алмашинуви футболчилар руҳиятига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмаслигини ёддан чиқармаслик зарур.

баниак2

Ўзингиз гувоҳи бўлиб турганингиздек, ҳозирда “Турон” мусобақа жадвалида сўнгги поғонада бормоқда. Бундай амалиёт илгари менинг фаолиятимда деярли кузатилмаганди. Энди ўзимдаги менни ўлдириб, футболчиларни учрашувларга тайёрлашда енг шимариб ишлашимга тўғри келади. Айтишим жоизки, бундай маҳалда ўйинчилар учрашув чоғидаги кутилмаган алмаштиришларга ҳам тайёр туришлари ва буни тўғри қабул қилишлари мақсадга мувофиқ бўларди. Нега деганда, мураббий ўз нуқтаи назаридан ва футболчининг майдондаги хатти-ҳаракатларидан келиб чиққан ҳолда мана шундай қарор қабул қилади. Шундай йўл тутилган тақдирдагина мақсад сари бориш мумкин бўлади. Суперлигадаги дастлабки учрашувларда кузатилган натижаларни ўйинчилар ўзига хос сабоқ сифатида қабул қилишлари керак. Футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигида қандайдир муаммолар борлигини кўрмаяпман. Фақат асосий муаммо элитадаги дебют мавсум стартидаги қониқарсиз натижалар туфайли уларда қандайдир руҳий зиқлик юзага келган, чамамда. “Турон”да бир ойдан бери ишлаётган бўлсам ҳам бош мураббий вазифасига тайинланганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Албатта, натижаларни ижобий томонга ўзгартириш учун биргаликда анча тер тўкишимизга тўғри келишини ҳис қилиб турибман. Энди бутун диққат-эътиборимизни навбатдаги беллашув – “Сурхон”га қарши кечадиган учрашувга қаратганмиз. Дарҳақиқат, ҳозирдан яқин ўйинлар учун биз мураббийлар штаби вакиллари режаларни тузиб қўйганмиз. Бу мен учун бутунлай янгича чорлов – янги ишдир. “Сурхон”дан кейинги беллашувларга тайёргарлик кўриш режалаштирган мақсадларга кўра олиб борилади. Термиздаги баҳс жуда муҳим. Яқин тўртта учрашув биз учун ўзига хос синов вазифасини ўтаса керак, деб ҳисоблайман. Шунда биргаликда “Турон”нинг ўйинини янада яхшироқ кўринишга келтира оламиз, деган умиддаман. Бу эса албатта машаққатли ишдир. Шунда биз яйпанлик ишқибозларни навбатдаги ва чемпионатнинг иккинчи даврасига ўтганда ҳам яхшироқ натижалар билан хурсанд қилишимиз мумкин бўлади, деб ҳисоблайман.

- Биламизки, сиз “Турон”да яқиндан бери ишлаб келяпсиз. Клубга келишингиз қандай юз берганини айтиб бера оласизми?

- Клубда иш бошлашим апрель ойига тўғри келади. Менинг вазифам Исломга тактика борасида ёрдамлашишдан иборат бўлган. Яъни, биз клуб ўйинини 4-2-3-1 ўйин услубига ўтказишимиз назарда тутилганди. Албатта, шунинг баробарида вазият тақозосига кўра, ўйин схемасини 4-3-3 га ҳам ўзгартириш устида машғулотларда ишладик. Бу йўлда Исломга ёрдамим текканидан хурсандман. Чунки юқорида айтганимдек, “Турон”нинг ўйинида қандайдир ўзгаришлар кузатилди. “Турон”нинг асосий муаммоси ҳужум чизиғидаги камчиликлар билан боғлиқ эди. Чунки якуний паллада бошланган ҳужумларни мантиқий ниҳоясига етказишда муаммолар кўзга ташланди. АГМКга қарши ўйиннинг биринчи ярмида ҳужумда анча фаол кўринсак-да, бироқ буни гол кўринишда исботлай олмадик. Фурсати келганда, шуни таъкидлашим жоизки, ўзим ишлаётган жамоада шу пайтгача ҳакамларнинг қабул қилган қарорларини иложи борича муҳокама қилмасликка ҳаракат қилиб келаман. Негаки, ҳакамлар ҳам майдонда ўз зиммаларидаги вазифани бажаришга ҳаракат қилишади. Уларнинг меҳнати анча машаққатли эканлигини ҳамма билади. Иш асносида ҳакамлар билан шу кунгача сира тортишмаганман, десам муболаға бўлмаса керак. Албатта, футболда ҳар қандай клубда катта ва кичик муаммолар кузатилмасдан қолмайди. Шунингдек, мураббийларга футболчиларнинг кутилмаганда жароҳатларга йўлиқиши етарлича ташвиш туғдириб келишини айтиш керак бўлади. Жамоа ўйинида сезиларли ўзгариш қилишга ҳожат йўқ, назаримда. Асосий муаммо футболчиларимизнинг руҳиятини яхши ҳолатга келтиришдан иборатдир. “Турон”да мураббийлар штаби вакиллари яхши иш юритиб келишмоқда. Жамоа ўйинини йўлга қўйишда фақат мураббийлар штаби тузган режанинг ўзигина кифоя қилмайди. Бунда футболчиларнинг еб-ичиш, ҳордиқ чиқариш ва навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўриш каби керакли омиллар муҳим аҳамият касб этмасдан қолмайди. Бу масалада ҳожака билан ҳам гаплашдим. Албатта, раҳбарият ва клубдагилар нима иш қилиш кераклигини сезиб турибдилар. Ҳар қандай мамлакатда кузатилгани сингари “Турон” клуби ишқибозлари ҳам суюклиларидан яхши натижаларни кутишяпти. Буни тўғри қабул қилиш керак.

Баниак1

- “Турон”да яхши савиядаги футболчилар жамланишган бўлса ҳам негадир натижалар шунга мос келмаяпти. Мураббий сифатида бунинг сабаблари нимада, деб ўйлайсиз?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, лигалар ўртасидаги фарқ катталиги ҳам ўз ишини қилмасдан қолмаяпти. Устига-устак Суперлигадаги дебют мавсум учун хориждан бир қанча футболчилар олиб келинди. Уларнинг қолган ижрочилар билан майдонда тил топишиб кетиши учун эса вақт керак бўлади. Четдан келган ижрочиларнинг янги клубга, маҳаллий шарт-шароитга кўникма ҳосил қилишлари маълум даврни ўз ичига олмасдан қолмайди. Бутунлай янги мамлакат ва маҳаллий менталитетга мослашиш эса осон эмас. Бундай вазиятда ҳар қандай ўйинчида кўникма борасида муаммолар албатта кузатилади. Айтмоқчиманки, четдан келганлар учун вақт керак. Илк турданоқ жамоа дербида қўқонликлар билан курашди ва бахтга қарши ўйинни бой берди. Бу эса нафақат хорижлик, балки маҳаллий футболчиларнинг руҳиятига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Кейинчалик “Турон” Наманганда “Навбаҳор” билан беллашди. Ўша баҳс жанговор дуранг билан ниҳоясига етди. Бу орада клуб Кубок доирасида ҳам иштирокини давом эттириб кейинги босқич масаласини ижобий ҳал эта олди. Хорижлик футболчиларнинг ҳаммаси ҳам Ўзбекистонга мослашишда муайян қийинчиликларга дуч келишмоқда. Қолаверса, уларнинг кўпчилиги рус тилида ўз фикр-мулоҳазаларини билдира олмайди. Масалан, Карикари фақат инглизча сўзлашади. У русча берилган кўрсатмаларни мутлақо тушунмайди. Бу эса катта муаммодир. Тўғри, “Турон”да таржимон йўқ эмас. Бироқ таржимон мураббий футболчидан нимани истаётганини худди у сингари тушунтира олади, деб ўйламайман. Футбол – жуда мураккаб ўйиндир. Айниқса, мураббийлар учун унинг мураккаблиги ўйинчиларникидан ҳам кўра кўпроқ сезилади. Тўғри, ўзим ҳам русчада сиз билан равон гаплаша олмаётган бўлишим мумкин. Лекин иш жараёнида керак бўлади деган мақсадда шу тилни ҳам имкон қадар яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилиб келаман. Ўз мисолимда йигитларга хориж тилларини ўрганиш унчалик катта муаммо ҳисобланмаслигини кўрсатиб қўйишга интилиб келяпман. Тил борасидаги тўсиқ ҳам жамоа ўйинини йўлга қўйишда муаммолар туғдирмасдан қолмайди. Ўйлайманки, бу масаладаги ишларни албатта ижобий ҳал қилишнинг иложиси бор. Вақти келса, бу борада қўл остимдагиларга қаттиққўллик билан муносабатда бўлишимга тўғри келади.

Баниак

- Одатда клубга янги бош мураббий тайинланар экан, ундан тезроқ яхши натижа кутишни бошлайдилар. Бу ролдаги ишингизни қандай бошламоқчисиз?

- “Турон”га келган пайтимда бош мураббийга тактик масалаларда ёрдамлашиш вазифасида ишладим. Энди бош мураббий ролида дебютимни ўтказишга тайёргарлик кўряпман. Европалик бўлган мураббийлардан кўпчилик яхши натижаларни кутишга одатланган. Аммо ҳар қандай мураббийга ишни йўлга қўйишда раҳбарият вақт бериши керак. Шунда у ўз фалсафаси ва ғояларини қўл остидаги футболчиларга сингдира олиши мумкин бўлади. Худди “Титаник” чўкаётгани кузатилгани сингари дастлабки ўйиндаёқ яхши натижа бўлмаган тақдирда атрофдагилар шошилинч хулоса ясаб, таҳликага тушмасликлари керак. Юқорида айтиб ўтганимдек, янги бош мураббийнинг иши дастлабки тўртта ўйинда кузатилади. У ўзини бамисоли сувдаги балиқ каби эркин ҳис қилиши учун эса албатта шунга монанд равишда вақтга эга бўлмоғи даркор.

- Биринчи даврадан кейин таркибда қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

- “Сурхон”га қарши учрашувдан аввал бу ҳақида нимадир дейишим қийин. Лекин биринчи давра тугагач, албатта раҳбарият билан гаплашамиз. 4-5 нафар яхши савиядаги футболчиларни олишимиз керак. Бироқ уларни қайси позицияларга таклиф қилишимиз хусусида гапиришим нотўғри бўлади. Ўзимиздан ҳам иқтидорли йигитларни излашимиз мумкин. Агар бу борада истаган ўйинчимизни топа олмасак, унда яна легионерларга мурожаат қиламиз. Биз барибир жамоани кучайтиришимиз лозим. Биринчи даврадан кейин тайёргарликни Европада ёки камида Туркияда ўтказиш бўйича режалаштиряпмиз. Жамоани Суперлигада қолишга бемалол потенциали бор.

баниак3

- Ўзбекистонда ишлашингиз фаолиятингизга қанчалик аҳамият касб этади? Бунгача футболимиз ҳақида тасаввурларингиз қандай эди?

- Мураббий сифатида айтишим мумкинки, мен шу ёшимгача жуда кўп нарсани кўрдим. Ўзбекистонда ишлашим эса мен учун сюрприз бўлди. Бунгача қозоқ футболини билардим. Аммо ўзбек футболи хусусида етарли тасаввурга эга эмасдим. Шунинг учун бу ердаги футбол орқада бўлса керак, деган фикрда эдим. Лекин Ўзбекистонга келиб, шароитларни, инфраструктураларни, ҳомийларни ва улар томонидан ажратилаётган пулларни кўриб, шунга амин бўлдимки, Ўзбекистон футболи анча олдинга силжиган экан. Бу ерда битта иш қолган, академияларни тўлиқ ишга солиб, иқтидорли ёшларни етиштириш масаласини ҳал қила олса, ўзбек футболининг келажаги яхши ҳолатда.

- Албатта, ўзбекистонлик ишқибозларга сизнинг қандай даражадаги мураббий саналашингизни ўзингиздан маълумот олган ҳолда билиш қизиқ туюлмасдан қолмайди. Эшитишимча, фаолиятингиз давомида терма жамоани ҳам бошқарган экансиз...

- Жуда ноқулай ва кишини ўнғайсиз ҳолатга келтирадиган саволни бердингиз. Чунки ҳар қандай инсон ўзи ҳақида маълумот беришга қийналиши тайин. Футболда янги одам эмасман. Бу ўйинни ичидан биламан. Қолаверса, фақат бош мураббий эмас, ўзимни бошқа ролларда – масалан, спорт директори ва маслаҳатчи сифатида ҳам синаб кўришга улгурганман. Ўзим бошқарган жамоаларда тубдан ўзгаришларни амалга оширганман, дея олмайман. Дунёнинг турли мамлакатларида ишлашга улгурдим. Энди эса мана – сизнинг юртингиз Ўзбекистонда ишлашга киришдим. Айтишим керакки, Фарғона минтақаси учун Суперлигада вакилга эга бўлиш қандай аҳамият касб этишини ҳис қилишга улгурдим. Шундан келиб чиққан ҳолда бош мураббий сифатида “Турон”нинг натижаларини яхшилаш учун бор тажрибамни ишга солишга тайёрман. Фаолиятим давомида Африкада, бир қанча давлатларнинг олий лигаларида меҳнат қилдим. Албатта, мураббий сифатида шаклланишимда она ватаним Польшада олган дастлабки сабоқлар ҳозиргача қўл келаётганини таъкидламасдан ўта олмайман. Терма жамоалардан бирида ишлаганимга тўхталсак, бирор-бир термани бош мураббий сифатида бошқаришимга тўғри келмаган. Фақат Буркина-Фасонинг ёшлар ва ўсмирлар даражасида ишлашимга тўғри келган.

баниак6

- Эшитишимча, ўзбек футболчиларини хориждаги клубларга таклиф этишни ҳам мўлжаллаб қўйган экансиз...Шу гаплар ростми?

- Бу масалада ҳали гаплашишга улгурамиз, деб ўйлайман. Фақат ҳозир эмас. Чунки футболчиларни дабдурустдан хориждаги клубларга тавсия қилиш осон иш саналмайди.

- Дарвоқе, мураббийлар штаби шу ҳолича қоладими?

- Менга дарвозабонлар мураббийи Бекзод Турғунов ўзбек футболи ва менталитетига мослашишимда ҳар томонлама ёрдам беряпти. Мураббийлар штаби шундай қолади. Ҳаммаси ўз ишига профессионал ёндашишяпти, кўнглим тўқ. Фақат кимдир керак бўлса, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий олишимиз мумкин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар