Ҳакамларни чалғитаётганлар ҳам жазолансин!

Куни кеча, ЎФА томонидан ҳакамларнинг бир қатор ўйинларнинг натижаларига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани юзасидан муҳим хабар эълон қилинди. Унга кўра, уч нафар Суперлига ҳаками – Жасур Мухторов, Тимур Тўхтасинов ва Аскер Нажафалиев жазоланди. 

Бу маълумотга футбол жамоатчилиги жиддий муносабатда бўлди ва ўзига яраша реакция келтириб чиқарди.

Ўзбек футболида кўпни кўрган ва чуқур таҳлил қила оладиган Ислом Аҳмедов ҳакамлар мавзусига боғлиқ ўзининг қарашларини қуйидагича ифодалади:

-  Биринчидан, бу жуда яхши. Чунки футболни тозалаш учун қилиняпти, бу ишлар. Футбол эса доим тоза бўлиши муҳим. Нимага деганда, майдонда ҳакамларга кўп нарса боғлиқ. Ҳакам майдонда тартибни ушлаб турса, ўйинга халақит бермаса, ана шунда ўсиш бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ЎФАнинг қилаётган ишлари тўғри. Ҳамма нарса ўйинга тегишли. Ният қиламанки, бу бошланиши. Учта ҳакам жазоланганини ҳамма билди. Уларнинг орқасида ким бор? Ким буни ташкил қилади? Шуларни ҳам жазолаш керак. Ҳакамларни чалғитаётган ким? Шу масалага ҳам эътибор бериш керак.

Мақсад яхши – футболни тозалаш. Аммо футболни ривожлантиришга халақит бераётган омиллар бор эди. Ўзбекистон футболига халақит бераётган инсонларни жазолаш тарафдориман. Футболга тегишли барча инсонлар юртимизда бу спорт турини қандай қилиб ривожлантириш ҳақида ўйлашсин. Енгил йўл қолмасин, ҳамма мураббийлар ўз устида ишлашга жиддий қараши лозим. Шундай ҳаракатлар бўлсинки, футболдаги инсонлар қандайдир енгил йўл билан натижага эришиш ҳақида умуман ўйламасин. Бу шунчаки жазолаш эмас. Мана, учта ҳакам четлатилди. Энди бошқалар бундан жиддий хулоса чиқарсин, ёмон ишларга қўл уришмасин. Ҳамма тўғри ва соғлом рақобат билан ўзини кўрсатишининг тарафдориман.

Қаранг, ҳар бир мамлакат футболда ривожланиш учун ўз йўлини топган. Биз ҳам бу борада ўз йўлимизни топишимиз керак бўлади. Шунчаки, футбол тоза бўлсин. Мутахассисларни ўргатиш, футболчиларни тарбия қилиш, ҳаммасида ҳалоллик бўлади. Фақат бу гаплар тилда эмас, амалда бўлсин. Биз ривожланиш бўйича бироз кеч қоляпмиз. Буни ўз соҳамдан келиб чиққан ҳолда айтяпман. Кўп ўзгаришларга қўл уриш даркор. Бизда механизм бор, фақат секин ишлаяпти. Футболимизга ўз ишини яхши биладиган мутахассисларни жалб қилишимиз муҳим. Афсуски, футболда яхши мутахассислар кам. Балки бу гапларимдан кимдир хафа бўлар, лекин ҳар бир инсон ўз мутахассислиги бўйича ишласин. Ҳозир ўз ишини биладиганлар четда қолиб кетяпти.

Мана, кўпчилик ўзимизнинг мураббийлар ҳақида салбий фикрлар айтади. Ўзим уларни ўқитяпман, кимни нимага қодирлигини кўряпман. Мураббийлар етарлича. Уларга халақит бермаслик керак. Яна қайтараман, ҳар соҳада ўз ишининг мутахассислари ишлашини хоҳлайман, - деди Ислом Аҳмедов.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)