Гризманн дилеммаси: “Атлетико”да юлдузлик ёки “Барса”да Месси сояси бўлиш? (Эркинжон Ғайбуллаев блоги)
Ads

Ҳаммаси яна қайтадан бошланмоқда. “Атлетико Мадрид” “Барселона”га қарши ўтказган ўйини олдидан клуб етакчиси – Антуан Гризманнинг “Барса”га ўтиши борасидаги трансфер миш-мишлари яна “болалай бошлади”. Франциялик ҳужумчи учун бу ҳар йили такрорланадиган ҳолатга айланиб улгурди.

Ўтган йили ёзда ҳам “матросчилар”нинг асосий юлдузи “Камп Ноу”га кўчиб ўтишига жуда яқин қолгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Кўплаб каталон ОАВ ҳам бу трансфер деярли ҳал қилингани ҳақида ёзишганди. Муҳими каталонияликлар уни, у эса каталонияликлар сафига ўтишни истаганди.

“Кўк-анорранглилар” футболчи учун 100 миллион евро тўлаши ҳам бонг урилганди. Бироқ парда ортидаги ишлар ўз тасдиғини топмади.

Охир-оқибатда у ўз жамоасида қолди. Унинг қолиш ҳақидаги қарори Жаҳон Чемпионати бошланиш арафасида хужжатли фильмда барчага эшиттирилди.

Ярим соатлик видеонинг хулоса қисмида у “қоламан” дея тилга олди. “Атлетико” мухлисларига жон кирди. Аммо бу трансфер миш-мишлари пойтахт жамоаси мухлисларини анча жаҳлини чиқарди. Мавсум аввалида уни баъзилар хуштакбозлик билан қарши олишди.

Унинг Европа Лигаси бош совринига эга чиқиши эҳтимол уни қолишга ундагандир. Гарчи Чемпионлар Лигасини ютмаган бўлсада, Гризманн 2014-йилда “Атлетико”га келиб қўшилганидан бери фақатгина Испания Суперкубогини қўлга киритган эди. Аммо клуб ва футболчи учун бош мақсад – Чемпионлар Лигаси бош соврини бўлиб қолмоқда. Бу мавсум ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ имконият эди. Боиси улар финал учрашувини “Ванда Метрополитано”да қўлга киритишни жуда-жуда исташганди.

Аммо ортиқ бундай эмас. Балки Гризманнда “Барса” сафида ЕЧЛни ютиши яхшироқ имкониятдир? Албатта, у кўплаб совринлар ютишни истайди. Аммо у шубҳасиз “Барса”да Лионел Месси сояси остида қолиб кетади. Ўтган йили Канал Плюс каналини нега у ерга кўчиб ўтмагани ҳақидаги саволга, “бора олардим” дея жавоб қайтарди.

Ўша интервьюда, у бир неча жамоадошлари уйига келиб уни қолишга кўндиришганини айтди. Ҳатто Диего Симеоне ҳам. Бу унга таъсир қилганини эътироф этди.

Камига, пул фактори ҳам таъсир қилмай қўймади. Клуб унга айни вақтда барча солиқ тўловларидан кейин йилига 20 миллион евро маош бермоқда. Бундай йирик пулларни у “Барселона”да ҳеч қачон ишлаб тополмаслиги аниқ.

Жамоа жорий мавсумни УЕФА Суперкубогини ютиш билан бошлади. Бироқ Қирол Кубоги ва ЕЧЛ қўлдан чиқарилди. Ла Лига ҳам бой берилди. “Камп Ноу”даги ғалабагина уларнинг чемпионликка бўлган умидларини сақлаб қолишга ёрдам берарди. Аммо бундай бўлмади.

Ўзининг Каталонияга кўчиб ўтиши борасидаги гап-сўзларга, “чарчадим” дея жавоб қайтарди. Клуб президенти Энрике Черезо эса “У клубни тарк этмайди, 1000 %” – деди ўтган ҳафта. Аммо Жорди Местренинг Неймар ҳақида ишонч билан айтган гапларини ёдга олайлик. “Неймар 200 % билан айтаман, “Барса”ни тарк этмайди” – деганди.

Амалда бразилиялик футболчи кетди, аммо у “ПСЖ”да яхшироқ ҳаёт кечиряпти деб айтолмаймиз.

“Камп Ноу”дагилар эса унинг ўрнига бир эмас, иккита ўринбосар олиб келди. Ўсиб бораётган Дембеле ва мослаша олмаётган Коутиньолар Неймарнинг ўрнини тўлдиришга уринишмоқда.

Аммо, шу билан бирга Луис Суареснинг фаолияти поёнига етиб бораётганлиги туфайли “кўк-анорранглилар” тўпурарга бўлган эҳтиёжи ҳам ошиб бормоқда. Уругвайлик ҳужумчи 32 ёшда ва олдингиде эмас. Олдин бундай имконият йўқ бўлган бўлса, ҳозир Гризманнинг юксак иқтидорига бўлган эҳтиёж ортиб бораётгандек.

Француз футболчиси яна қийин танлов олдида қолган. Энди, “Барса”дагиларнинг кўпи уни исташмаяпти. “Камп Ноу”га йиғилганлар унга нисбатан хуштакбозлик қилишдан ҳам тортинишмади. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ҳам Эрнесто Валверде унга эҳтиёж йўқлигини тилга олди.