Гол уриш унинг хоббиси

Испания Ла Лигасининг учинчи тури доирасида амалдаги чемпион – “Реал” Севилья шаҳридаги “Бенито Вильямарин” стадионида маҳаллий “Бетис” жамоасига қарши мураккаб учрашувда қийин ғалабани қўлга киритди.

Мадридликларнинг 3:2 ҳисобидаги устунлигида якунланган учрашувда ғалаба голини ўз анъанасига мувофиқ, Серхио Рамос урди.

Ei3nDB9XcAIBrSV-680x375-1

Бу гол Рамосга қатор рекорд натижаларни янгилаш имконини берди. Хусусан, “Реал” сардори Ла Лигада кетма-кет 17 мавсумдан бери узлуксиз гол ураётган дунёдаги ягона ҳимоячи ҳисобланади. Мусобақа тарихида узлуксиз гол уриш бўйича фақатгина икки ҳужумчи Рамосдан олдинда. “Атлетик” тўпурари Агустин Гаинсе 19 та мавсум давомида, “Реал”нинг Сантильяна номи билан машҳур ҳужумчиси Карлос Алонсо 17 йил рақиблар дарвозасини ишғол этишни канда қилмаган. Агар Рамос ҳали фаолиятини тўхтатиш нияти йўқлигини инобатга олсак, Гаинсенинг рекорди ҳам икки йил ичида йўққа чиқарилиши мумкин. Шу ўринда, гол уриш Гаинсе ва Сантильянанинг асосий вазифаси эканини, Рамос учун эса гол уриш хобби, у асосан мудофаага ва ўз дарвозаси дахлсизлигига масъуллигини унутмаслик керак.

Серхио Рамоснинг тўпурарлик бўйича яна бир эътиборга молик натижаси пенальтиларни бехато бажариши билан боғлиқ. Ҳар қандай вазиятда ҳам хотиржамлигини йўқотмайдиган ҳимоячи ўзи ижро этган сўнгги 24 та пенальтининг барчасини гол билан якунлай олган.

Шу ўринда, ўтган йилги мавсум Серхио Рамос фаолиятида энг сермаҳсули бўлганини эътироф этиш лозим. “Реал”нинг чемпионлик пойгасида ғолиб чиқишига катта ҳисса қўшган 34 ёшли ҳимоячи мавсум давомида 11 та гол урди. Бу кўрсаткич бўйича у фақатгина асосий тўпурар Карим Бенземадан ортда қолди холос. “Реал”нинг Винисиус Жуниор, Мариано Диас, Родриго, Лука Йович ва Лукас Васкес каби ҳужумчилари ўз вазифаларини қандай бажариш бўйича Рамосдан дарс олсалар ўзлари учун анча манфаатли бўларди.

2020-07-18-52-benzemasergioramos

Ўтган мавсумда жамоа сардори рақиб дарвозасини забт этган бирорта учрашувда мадридликлар  мағлубиятга учрамади. Қолаверса, “Алавес”, “Реал Сосьедад”, “Хетафе” ва “Атлетик” дарвозасига урилган Рамоснинг голлари “Қироллик клуби”га учтадан очко келтирди.

Серхио Рамос ўтган мавсумнинг сўнгги учрашувида “Леганес” дарвозасига йўл топиб, клублар миқёсидаги голлари сонини 100 тага етказганди. Бу гал янги мавсумдаги илк голи уни юзлик довонидан оширди. Бу дунё ҳимоячилари ўртасида энг яхши натижа ва рекорд.

Шунингдек, Серхио Рамос Испания миллий терма жамоасида ҳам тўпурарлик маҳоратини намойиш этиб келмоқда. Мамлакат бош жамоаси учун 172 та ўйинда голлари сонини 23 тага етказиб олган Рамос Серхио, дунёдаги барча терма жамоалар ҳимоячилари ўртасида энг яхши тўпурарга айланган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар