Суперлига дебютанти – “Турон”нинг ғалабасиз серияси давом этяпти. Бу сафар яйпанликлар ўз майдонида АГМКни қабул қилди ва 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Лекин учрашувни кўрганлар “Турон”нинг ўйини ҳақида яхши фикр билдиряпти.

АГМКга қарши беллашувда ҳам баҳсли вазият юз берди. Мезбонларнинг зарбасини рақиб посбони худди дарвоза ичидан олиб чиққандек туюлди.

Шунингдек, “Турон” дарвозабони Акмал Ортиқов охирги пайтларда анча ишончли ўйин кўрсатяпти. Ҳаттоки, жамоа сардорига ҳам айланди. Бугунги учрашувдан кейин ушбу посбон sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- “Турон” – АГМК ўртасидаги учрашув қизиқарли кечди. Аммо жамоангиз имкониятни бой берди. Бу мағлубиятга нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?

- Ўйинни кўрган бўлсангиз, биринчи бўлимда жамоамизда кўп вазиятлар бўлди. Табиийки, имкониятларни голга айлантирганимизда ютишимиз мумкин эди. Ҳаммасига омад сабаб, деб ўйлайман. Рақиб саноқли ҳужумлар қилди ва гол уриб кетди. АГМК омад эвазига ғалаба қозонди.

- Биринчи бўлимда баҳсли вазият юз берди. АГМК дарвозабони тўпни қайтариш чоғида дарвоза ичидан олиб чиқилгани ҳақида кўп гапириляпти. Сизнинг фикрингиз қандай?

- Ўйиндан кейин ўша вазиятдаги видеони кўрдик. Бизнинг назаримизда гол бўлганга ўхшади.

акмал1_1

- Ўйин тугагач, сизни асабий ҳолда кўрдик. Нима бўлди?

- Учрашувга беш дақиқа қўшиб берилган маҳалда рақиб ўйинчилари майдонга ётиб олиб вақт чўздилар. Ҳакам шуларни ҳам ҳисобга олмасдан, ўйинни тугатиб қўйганига нега яна вақт қўшиб бермагани ҳақида сўрадим.

- “Турон” 7 та ўйинда 3 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этди. Кўриниб турибдики, дебютант клубнинг ғалабасиз серияси давом этяпти. Аммо ўйин бўйича ёмон эмас. Нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?

- Жамоа янги йиғилган. Футболчилар бир-бирини тушунишга вақт керак эди. Мана, энди 3-4 та турдан бери тўғри футбол ўйнаяпмиз. АГМКга қарши ҳам яхши ўйнадик. Уч очкони қўлга киритиш учун роса ҳаракат қилдик. Кейинги беллашувларда ютишимизга ишонаман. Жамоа янгилиги учун барибир вақт зарур. Ҳаммаси яхши бўлади.

- “Турон” ҳакамлардан жабр чекаётгани ҳақида гаплар юрибди. Бунга қўшиласизми?

- Бу масалада ҳеч нима демайман. Ҳакамлар ишини кўриб чиқадиган қўмита бор. Бугун ҳам ўйинни ҳамма кўрди.

акмал2_1

- Мавсум бошида сизни асосий таркибда кўрдик, аммо хатолар кузатилгач, орада захирада ҳам қолдингиз. Энди эса яна ишончни қайтариб олдингиз ва ҳатто жамоа сардорига айландингиз...

- Бошида ҳаммамизни ўйинимиз қовушмади. Биласиз, дарвозабонларнинг хатоси кечирилмайди. Ҳамма ҳам хато қилади, аммо дарвозабоннинг айби яққол кўриниб қолади. Чемпионат боши ва бироз босимнинг ҳисобига хатолар юз берди. Ҳозир эса анча ўзимга келдим. Бундан кейин ҳам ишончли ўйинлар кўрсатишда давом этамиз.

- Ўтган турда “Пахтакор”га қарши учрашувда энг яхши ўйинчи бўлдингиз ва “Турон”нинг бир очкони қўлга киритишида катта ҳиссангиз бор. Акс ҳолда, жамоангиз ютқазган бўларди. АГМК билан баҳсда ҳам ўйин ёмон чиқмади. Ўзингиздаги ишонч қандай ортяпти?

- Машғулотларда ўз устимизда ишлаяпмиз. Бундан ташқари, ўйинларга кўпроқ руҳий томондан ҳам тайёрланяпмиз. Натижада бутун жамоамизнинг ўйини ўзгаряпти, яхши томонга. Мураббийлар шунинг устида иш олиб боришяпти. Ҳар бир рақиб билан қўрқмасдан ўйнашни ва бунинг учун руҳий томондан тетик бўлишимиз учун ҳаракат қилишяпти.

акмал 3

- Дарвоқе, АГМКга қарши баҳсда ўтказиб юборилган ягона голга муносабатингиз қандай? Уни қайтарса бўлармиди?!

- Билмадим. Ўйинни кўрганлар зарбани қайтариш имконсиз эди, дейишяпти. Ўша вазиятда рақиб футболчиси яхши тепди ва улар учун омадли гол бўлди. Тўғриси, зарбани қайтариш қийин эди.  

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
12/05/2021 06:41
Ўйиндан сўнг Турон футболчилари ўзларини жуда ёмон тутдилар. ТВ да кўрган кишига жуда хуник манзара эди. Нима бўлганда ҳам мағлубиятни тан олиш керак. Кимга эркалик қилади бу футболчилар. Сал қолмаса ҳакамни уриб йиқитай деб муносабат билдирди, бу жуда йомон ҳолатга ўхшаб кўринди.

Минбар

Барча блоглар