Газизов Ўрунов ҳақида тезкор хабар айтди

Россия матбуотида премьер-лиганинг навбатдаги турида “Спартак” ва “Уфа” ўртасида бўладиган ўйин кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусан, бу жамоаларни ёзда юз берган трансферлар ўзаро боғлаб тургани учун қизиқиш юқори бўлмоқда.

Маълумки, ўтган йиллар давомида “Уфа”да бош директор лавозимида муваффақиятли ишлаб келган Шамиль  Газизов ёзда “Спартак”да худди шу ишга таклиф қилинган эди.

Бу мутахассис ўзи билан клубга Остон Ўруновни олиб келди. Аслида Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ўйнаб юрган Остоннинг легионерга айланишида ҳам Газизовнинг ҳиссаси катта. Айнан шу мутахассис ҳамюртимизни Россия премьер-лигасига олиб кирган.  

Буёғига эса нима бўлгани ҳаммага маълум. “Спартак” раҳбариятига Шамиль Газизов амалга оширган трансферлар ёқмади ва ярим йилга етмасдан бош директор истеъфога чиқарилди.

Катта умидлар билан “Спартак”га йўл олган Остон Ўрунов ҳам москваликлар таркибида “Уфа”да намойиш қилган креатив ўйинини кўрсата олмади. Қолаверса, унга етарлича вақт берилмади ва асосан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида захирадан майдонга тушди.

1611333068_urunov

Хуллас, қишки трансферлар вақтида ҳар икки қаҳрамонимиз ҳаммасини янгидан бошлаш учун “Уфа”га қайтди. Остон дарров асосий таркиб ўйинчисига айланди, Газизов эса жамоани премьер-лигада олиб қолиш учун иш бошлади.

Кўпчиликни “Спартак” – “Уфа” ўйинида Остон Ўруновнинг иштирок этиши қизиқтираётган эди. Аввалига, Шамиль Газизов футболчининг ижара шартномасида унинг “спартакчилар”га қарши майдонга тушишини тақиқловчи банд йўқлиги айтди. Россиялик футбол мутахассис Юрий Белаус бу учрашувда Ўруновнинг ўйинини кузатиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Москвага ташриф буюришини маълум қилди.

Бироқ, кейинчалик Остон Ўрунов Россия кубоги доирасида “Ахмат” клубига қарши беллашувда жароҳат олгани боис, “Спартак” билан бўладиган баҳсга тайёр эмаслиги ва 18 апрелдаги учрашувда қатнашмаслиги ҳақида хабарлар тарқатилди.

Шунга қарамай, “Уфа” бош директори Шамиль Газизов бу маълумотларни инкор этмоқда.

- Остон Ўруновнинг “Спартак” билан бўладиган ўйиндаги иштироки борасида бир тўхтамга келингани йўқ. Футболчининг ўзи машғулотларда қатнашмоқда. Қолганини бош мураббий ҳал қилади. Ҳали якуний қарорга келганимиз йўқ, - деди Шамиль Газизов.

Таъкидлаш жоизки, “Уфа”ни “Спартак” билан бўладиган учрашувга янги бош мураббий Алексей Стукалов тайёрлаган.

- “Спартак” билан тўқнашувда асосий вазифамиз  ўйинни тўғри ташкил қилиш. Ҳамма нарсани очиб ташламоқчи эмасман, лекин бизда яхши ўйинчилар бор. Остон Ўрунов “Ахмат” билан бўлган баҳсда жароҳат олди. Унинг салоҳиятини шахсан текширишга улгурганим йўқ. Лекин Остоннинг шу пайтгача кўрсатган ўйини унинг маҳоратли ва сифатли футболчи эканидан далолат бермоқда, - деди бош мураббий Алексей Стукалов.

Q9tNeuVdmsM

Остон Ўрунов жорий мавсумда “Спартак” ва “Уфа” жамоалари таркибида барча турнирларда жами 16 та учрашув ўтказиб, битта гол урди ва битта голли пас узатди. “Спартак” – “Уфа” учрашуви 18 апрель куни Москва шаҳрида ўтказилади. Ўйин Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади.

Абрамов легионеримиз ўйинига отланган эди, аммо...

Ҳакам ўзбекистонлик легионер бурнини синдириб, уни нокаут қилганини айтди!

Ўрунов бўйича муҳим янгилик!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар