Футбол қироли - Пеле билан учрашган ўзбекистонлик мураббийни биласизми?

Яқинда интернет орқали футбол қироли – Пеленинг эски расмларидан бирига кўзим тушиб қолди. Аввалига бу навбатдаги оддий суратлардан бири, деб ўйлагандим. Аммо, кейин расмга яхшироқ назар солсам, Пеленинг олдида турган инсон кўзимга жуда “иссиқ” кўринди.

У ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Бунёдкор” клубини бошқараётган Вадим Абрамов эди. Расм анча эски бўлгани боис унда Пеле ҳам, Абрамов ҳам анча ёш кўринишарди. Табиийки, бу ҳолат бизнинг эътиборимизни ўзига тортмасдан қўймади. Натижада бунинг тарихини билиш мақсадида Вадим Карленович билан алоқага чиқдик. Дарҳақиқат, Абрамов бизнинг фикримизни исботлади. 

-  Пеле билан 1998 йили Францияда, Зепп Блаттернинг ФИФА президенти лавозимига тайинланган пайтида учрашгандик. У билан ўша пайтда эсдалик учун суратга тушиб олгандим. Ўшанда мендан ташқари Францияга Зокиржон Алматов билан Зокиржон Қурбонов ҳам борганди. Бизнинг эсдалик учун суратимизни эса “полароид” фотоаппаратида олишган. Тугмачасини босишингиз билан дарҳол расм чиқариб беради, - дея Пеле билан учрашганини хотирлади, Абрамов.

пеле ва абрамов

Вадим Карленович билан Пеле баҳонасида боғланганимиздан фойдаланиб, ундан яна ўзимизни қизиқтирган айрим масалаларни ҳам сўрашни лозим топдик. Жумладан, сўнгги пайтларда кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турган “Ростов”даги ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг келажаги миллий терма жамоамиз устози сифатида Абрамовни ҳам бефарқ қолдирмаётгани ойдек равшан эди.

Албатта, ҳозирда кўпчилик ҳужумчимизнинг кучлироқ чемпионатга кетиб, фаолиятини ўша ерларда давом эттиришини хоҳламоқдалар. Воқеалар ривожи шундай тус олар экан, бу барчамиз учун катта ютуққа айланарди. Бироқ ҳозирча подадан олдин чанг чиқариш яхши эмас. Қолаверса, Абрамов миллий термамиз манфаатларидан келиб чиқиб фикр билдирар экан, биринчи навбатда Шомуродовнинг қаерда бўлса ҳам ўйин амалиёти муҳим эканлигини айтди. 

-  Менинг Элдор Шомуродов ҳақидаги фикрим шундай: у қаерда бўлса ҳам ўйнаса бўлгани. Терма жамоа аъзоси учун мунтазам равишда ўйин амалиётига эга бўлиш жуда муҳим омил ҳисобланади. Қувонарлиси, Элдор терма жамоага келган пайтда доим хушкайфиятда ва машғулот билан ўйинларга тайёр ҳолда бўлиб туради. Агар у кучлироқ лигага кўчиб ўтадиган бўлса, биз бундан фақат қувонамиз. Мабодо, Шомуродов кучлироқ чемпионатга ўтсаю, аммо у ерда захирада қолиб кетадиган бўлса, бу биз учун катта йўқотишга айланади. Шундай экан, РПЛда бўлса ҳам унинг доимий равишда ўйин амалиётига эга бўлиб тургани биз учун яхши.

Шундан сўнг терма жамоамизнинг эътиборини яна бир муҳим масалага қаратдик. Бу Суперлигамизнинг қачондан бошлаб давом эттирилиши билан боғлиқ эди. Ҳозирги шароитда футболимиз мутасаддиларидан вазиятни тезлаштиришни талаб қилиш ҳам ноўрин. Негаки, ҳолатни барча яхши тушуниб турибди. Лекин, ишонамизки, қачондир вазият ўзгариб, чемпионатимиз ўйинлари яна давом эттирилади. Вадим Абрамов ҳам бу масалада фикр билдирар экан, ҳаммасини яхши ўйлаб, фикрлаган ҳолда жавоб қайтарди.

-  Ҳозир ҳамма қачон машғулотлар ўтказилишига рухсат берилишини кутмоқда, жумладан биз терма жамоа мураббийлар штаби вакиллари ҳам. Агар мендан миллий чемпионат ўйинлари қандай ўтказилиши ҳақида сўрасангиз, менинг бу борадаги фикрим шундайки, карантин тезроқ тугаб, ўйинлар бошлансин. Икки ҳафталик карантин ниҳоясига етишини интиқлик билан кутиб қоламиз. Шунда биз терма жамоага номзод футболчиларнинг имкониятларини кузатишга кўпроқ эга бўламиз, деди - Вадим Карленович.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)