Футбол қайтгач улар ҳам қайтишади: вақтинча ишсиз бўлган 8 мураббий

Дунё футболи ҳозирча танаффусда, бир қанча тажрибали мураббийлар ундан олдинроқ танаффус олишган эди. Уларнинг ҳар бири исталган вақтда ишга қайтишга тайёр.

Футбол мусобақалари қачон бошланиши ҳозирча ноаниқ. Чемпионатлар давом этадими ёки шу ерда мавсум якунланадими, ёзги трансферлар бўладими, йўқми булар ҳам ноаниқ.

Ҳозир эса биз вақтинча ишсиз бўлиб турган 8 нафар мураббий ҳақида суҳбатлашамиз.

Эрнесто Вальверде

Valverde

Вальверде  “Барселона” билан 2 марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритгач, учинчи мавсумда ҳам чемпионлик учун курашаётган эди. Аммо Испания Кубогидаги муваффақиятсизликлар, Чемпионлар Лигасидан кетма-кет чиқиб кетишлар раҳбарият мураббийни истеъфога чиқариши учун сабаб бўлди.

Лекин 56 ёшли мураббий ҳали-ҳамон юқори даражадаги мураббийлар қаторида. Исталган вақтда, исталган жамоани бемалол бошқара олади.

Унаи Эмери

48 ёшли мураббий “Арсенал” билан муваффақиятсиз мавсумни ўтказди. Ўтган мавсум сўнггида Европа Лигаси финалидаги мағлубият, АПЛдаги Чемпионлар Лигаси йўлланмасидан қуруқ қолиши унга бўлган ишончни секин-аста сўндириб борарди.

Натижа яхшиланавермагач, унинг ўрнини Фредрик Юнгберг эгаллади. Кейин эса раҳбарият Микель Артетани “канонирлар” мураббийлигига олиб келди. Эмери эса муваффақиятсизлигига қарамасдан рейтинги юқори мураббийлардан саналади. Унга бир қанча таклифларнинг борлигини ҳисобга олсак, тез орада бирор жамоа мураббийи сифатида таништирилса керак.

Маурисио Почеттино

Аргентиналик мураббий “шпорлар” билан фантастик йилларни ўтказди. “Тоттенхэм”ни Англиянинг ўртамиёна жамоасидан Чемпионлар Лигаси  финалчисига айлантирган Маурисио Почеттино кутилмаганда мураббийлик постини бўшатишига тўғри келди. Бу қарор ҳаммани шок ҳолатига туширди.

48 ёшли мураббий Лондон жамоасини бошини тик кўтарган ҳолда тарк этди. У “Тоттенхэм” билан ақлбовар қилмас йилларни ўтказганди. Ҳозирда мураббийга “Манчестер Юнайтед”, “Бавария” ва “Реал” томонидан таклифлар бор.

Массимилиано Аллегри

Allegri

52 ёшли “Катта Макс” Италияда мураббий эришиши мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритди. 2019 йил июнь ойида “Ювентус” мураббийни истеъфога чиқарди. Шундан буён Аллегри ишсиз. Аммо бу танаффус узоқ чўзилмаслиги аниқ. Пандемия тугагач Аллегри ҳам таклифларни кўриб чиқишга рози.

Унда гранд жамоаларни бошқариш ва улар билан соврин ютиш борасида анча тажриба бор. Демак яқин орада Массимилиано Аллегрини қайсидир жамоа мураббийи сифатида кўрамиз.

Марку Силва

Португалиялик мутахассис 2018 йил май ойидан 2019 йил декабрь ойига қадар “Эвертон” мураббийи сифатида фаолият олиб борди. 42 ёшли мураббий “Эвертон”ни АПЛнинг ўртамиёна жамоаси сифатида сақлаб тура олди. Кейин эса негадир жамоанинг натижалари қониқарсиз бўла бошлади. Бу эса Силванинг истеъфоси билан якунланади.

“Олимпиакос” билан чемпионликка эришган мураббий бемалол топ-5 чемпионатидаги жамоаларни бошқара олади. Унда бу борада тажриба бор.

Леонарду Жардим

Португалиялик мураббий “Монако” билан бирга яхши дамларни бошдан кечирган. 2016/2017 йилги мавсумда Франция чемпионлигини қўлга киритган ва ўша мавсумда Чемпионлар Лигаси ярим финалига қадар борган эди. Аммо шундан сўнг жамоа стабилликни йўқотиб қўйди. Жардим қанча тез суръатларда порлаган бўлса, худди шундай тезликда пастлай бошлади.

Ҳозирда ишсиз бўлиб турган мураббийга албатта бир қанча жамоалардан таклифлар бор. Пандемия тугагач Леонарду Жардим ҳам улардан бирортасига розилик билдириши мумкин.

Крис Хьютон

61 ёшли ирландиялик мураббий топ-мураббийлар қаторига кирмас, аммо Англияда ўз имзосини қолдира олган мутахассис ҳисобланади. Эртами-кечми Хьютон ҳам бирорта жамоани бошқаради.

Аввалига “Ньюкасл”ни 2010 йил АПЛга қайтаради, кейин эса “Бирмингем”, “Норвич” ва “Брайтон” каби жамоаларни бошқаради. 2019 йилнинг май ойида истеъфога чиққан мураббий яна катта футболга қайтиш ниятида.

Мануэль Пеллегрини

Pellegrini

Пеллегрини бир неча ойдан буён ишсиз. Мураббийнинг охирги бошқарган жамоаси “Вест Хем” эди. Жамоа билан кўзлаган мақсадларга эриша олмади ва ўтган йилнинг декабр ойида истеъфога чиқди. Унинг ўрнини Дэвид Мойес эгаллади.

У энди дам олса ҳам бўлади. Фаолиятида жуда катта совринларни қўлга киритган. Аммо тажрибали мураббий барибир ишни соғинади. Шундай экан тез орада бирор жамоа мураббийлигида кўрсак, ҳайрон бўлмаймиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)