Фрэнкдан катта

«Челси» қийин вазиятда қолган. Ҳар бир янги ўйин мухлисларни бош мураббий ҳақидаги тўхтамлар ва Эден Азарсиз қолган жамоа имкониятларини қайта кўриб чиқишга ундамоқда. 

Мавсумни Лэмпард сентябрь охири ва ноябрь бошлари оралиғига тўғри келган 8  ғалаба билан бошлаган пайтларга ҳам анча бўлиб қолди, ҳозир пойтахтликлар бундай барқарорлик билан мақтана олмайди. Уларнинг келажаги АПЛ да мавҳум бўлиб қолмоқда, ЧЛ да эса «Бавария» дан 0:3 ҳисобида қабул қилиб олинган аччиқ мағлубиятдан кейин деярли ҳаммаси ҳал бўлиб улгурган.

 Фрэнкнинг ўрнида  «Челси»нинг бошқа мураббийлари асабийлашиб қолган бўлар эди, аммо Лэмпард ўзига хос. У аллақачон «Стэмфорд»да  афсонавий натижага эга: унинг ҳисобида   648 учрашувда киритилган 211 гол бор. 13 та соврин эгаси бўлган собиқ ярим ҳимоячи  таркибнинг барқарор эмаслиги учун айбдор эмас. УЕФА санкциялари таркибни кучайтиришга имкон қолдирмади.

 Лекин олдинда ёз мавсуми ва «Челси» бироз сарф қилиш ҳуқуқига эга. Ҳаким Зиеш  таркибни бойитишга тайёр, мухлислар эса катта ўзгаришлардан умид қилмоқда.  Миш-мишларга кўра, мураббий оз эмас, кўп эмас саккиз футболчи билан хaйрлашишга шай турибди.  Улар ким бўлди экан?



Кепа Аррисабалага

«Челси»нинг биринчи рақамли посбони катта босим остида қолган.

Дунёнинг энг қиммат дарвозабони ўз ўрнини Вильфредо Кабальерога бой бериб қўйди. Мураббий Кепа ҳозир «Челси» да биринчи рақамли эканига ишонмаслиги турган гап. Нима бўлганда ҳам 72 млн. фунтни у оқлай олмаса керак.

Кабальеро ҳам кўпга чидамаса керак - ёши 38 га бориб қолган. Ёзда уларнинг иккиси ҳам бошқа жамоага кўчиб кетиши мумкин, «Челси» эса «Аякс»нинг Андре Онанасига ва  «Бернли»нинг Нику Поупига кўз тикмоқда.

Курт Зума

 Лэмпард Курт Зуманинг ҳозирги ўйинидан икки карра хафа - ахир унинг ўзи ҳимоячини жамоада қолишини истаган эди.  

 У сўнгги икки мавсумни ижарада,  аввал  «Сток», кейин эса «Эвертон»да ўтказди.

«Челси»да Зума асосан асосий таркибда тушар эди, чунки мураббийда бошқа йўл йўқ  эди. Антонио Рюдигер доим жароҳатда, Андреас Кристенсен жуда бўш, Фикайо Томори эса ҳали ўта тажрибасиз.

 Зума Моуриньо давридаги «Челси»да жуда яхши ўйин кўрсатган. Тезкор, чайир, ва иккинчи қаватда фойдали бўлгани учун замонавий марказий ҳимоячилар ичида энг мукаммалларидан бири саналарди. Лекин у ўсишдан тўхтаб қолди, жамоа раҳбарлари уни сўраб келганларга рад жавобини беришмаса керак.


Маркос Алонсо ва Эмерсон

 Бу жуфтлик келажаги узвий боғлиқ. Лэмпард на унисига, на бунисига ишонади. Алонсонинг  «Бавария» билан кечган ўйинда қизил олиши эса уни ҳамон безовта қилиб  келмоқда.

Ҳозир «Челси» Бен Чилвеллга  («Лестер») оғиз солган, гарчи у учун «Манчестер Сити» билан курашишга тўғри кеса ҳам. Бу жуфтликдан кимнингдир кетиши шубҳасиз.

Алонсо яккакурашларда ўртоғидан анча устун. Тўқнашувларда ҳам кўпинча ғолиб чиқади. Гарчи Алонсо  кўпроқ гол киритиб (4), кўпроқ голли пас (2) берган бўлса-да, ҳужумда уларнинг имконияти деярли тенг. 

Жоржиньо ва Росс Баркли

 Биз узоқ вақт Жоржиньо  «Челси»ни муқаррар тарк этади, деб ўйлаган эдик, аммо Сарри ўзининг ёқимтойини «Ювентус»га торта олмади.

 Бу 28 ёшли футболчини таркибнинг ажралмас қисмига айлантира олгани Лэмпардга қўл келди. У жуда фойдали бўлиб чиқди. Сўнгги пайтларда футболчи у қадар ҳам яхши формада бўлмаса-да, лондонликлар капитани ҳали бери жамоадан кетмаса керак.

Барклининг карьераси эса «Челси»да ўхшамади.  20 миллионлик ўйинчи ҳатто ўзини пулини ҳам оқлай олгани йўқ.  Бир қарасанг жароҳат, бир қарасанг ёмон ўйин мухлисларнинг уни майдонда кўришлари билан асабийлашишига сабаб бўлар эди.

Баркли – ўзига ўзи катта душман. Айнан у «Валенсия» дарвозасига ҳал қилувчи аҳамиятга эга пенальтини кирита олмади. У бу ўн бир метрликни асосий пенальтичилар – Виллиан ва Жоржиньодан тортиб олганди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида у тунги клубда иш кўрсатиб, бунинг оқибатида мураббий томонидан ЧЛ да ўйнаш имтиёзисиз қолдирилганди.  

2016 йилда Лэмпард ҳали футболчилик даврларида Барклини ёш  Рунига тенглаштирган эди…

Педро

 «Барселона» нинг собиқ ҳужумчиси  Фрэнк мураббий бўлиб келгач, ҳаммадан ҳам кўпроқ жабр кўрди. Уни америкалик Пулишич ва Каллум Хадсон-Одоилар ортда қолдирмоқчи.

32-ёшли испан  ўтган мавсумда 13 голга муаллифлик қилди, лекин унинг энг яхши даврлари аллақачон ортда қолган. Январда унга «Рома» ва «Фиорентина» клубларидан таклифлар тушган эди, шу ёз унинг шартономаси ниҳоясига етгач, футболчи Италияга йўл олиши мумкин.

Виллиан

Виллиан баъзида мухлислар ва мураббийларни ранжитиб қўяди. Керакли вазиятда муҳим голларни ура олмай қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Аммо Азар кетгач, у кўп ўйинларда етакчиликни зиммасига олди, керакли голларни ура олди.

Ёзда унинг шартномаси якунига етади. Катта эҳтимол билан у клубни тарк этиши мумкин. Шундай вазият юзага келса, "Барса" ва "Ювентус" футболчини қучоқ очиб кутиб олишга тайёр. 

Footballwhispers.com сайтидан таржима қилинди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)