Фойдасиз

2019/2020 йилги мавсумда ўз жамоасига фойда келтира олмаётган юлдузлар ҳақида маълумот берамиз.

11.Танги Ндомбеле (“Тоттенхэм”)

Ндомеле юлдуз эмас дейсизми? “Тоттенхэм” футболчи учун жуда катта пул сарфлаган. Таянч ярим ҳимоячилар ичида фақатгина Родри (“Манчестер Сити” бу трансферни амалга оширган)га Тангидан кўп пул тўланган. Родри Гвардиоланинг ишончини қозона олган бўлса, Ндомбеле эса унчалик ёмон бўлмаган дебютидан сўнг, йўқолиб қолди. Ндомбеле Франциядан 60 млн евро эвазига келтирилган. Аммо футболчи бу пулга арзийдиган ўйин намойиш эта олгани йўқ.

10.Диего Коста (“Атлетико Мадрид”)

Kosta

Диего Костадек агрессив футболчини фақатгина Диего Симеоне бошқара олади. Бир пайтлар “Атлетико”нинг муҳим фигураларидан бири бўлган Коста, ҳозирда негадир ўзини кўрсата олмаяпти. Ҳатто, Чемпионлар Лигасининг охирги ўйинида унинг ўрнига майдонга тушган Льоренте ўйин қаҳрамонига айланди. Лекин Симеоне унга ишонади. Еврокубоклар ва Испания чемпионатида мунтазам Диегога ўйнаш имкониятини бериб келяпти. Аммо испаниялик футболчи фақатгина 2 та гол ва 3 та ассистентликни ўз ҳисобига ёздириб қўя олди.

9.Люка Эрнандес (“Бавария”)

“Бавария”нинг қиммат харидларидан бўлмиш Люка жуда кам ўйин амалиётига эга бўляпти. Аммо тушган ўйинларида ўзини кўрсатмасдан қолмаяпти, фақатгина ёмон томондан. “Атлетико” футболчини жамоада сақлаб қолмоқчи эди. Аммо Люканинг кетиш истаги борлиги ва немислар таклиф қилган катта пулни кўришгач, рози бўлишди. Энди Симеонеда чап қанотда ҳатто Александер-Арнольддан ҳам қўрқмайдиган Лоди бор. “Бавария”да эса жамоага мослаша олмаётган ва энг ёш футболчи бўлмиш Дэвисчалик ҳам фойдаси тегмаётган Эрнандес бор. Балки футболчи кейинчалик жамоага мослашиб кетар, албатта бунга вақт керак.

8.Жоау Канселу (“Манчестер Сити”)

Ёзги трансфер яна бир қиммат футболчиларидан бири. У Уокер билан рақобатда енгиб чиқиши кутилган футболчи эди. Аммо якунда Канселу Гвардиола кутган натижани бера олмади. “Шаҳарликлар”нинг қанот ҳимоячилари ҳужумкор бўлиши керак. Чунки жамоа доимий ҳужумкор ўйин намойиш этади. Лекин Жоау бундай услубга мослаша олмади. Канселу “Ювентус”дан кетиб хато иш қилгандир. “Сити” футболчи учун 65 млн евро тўлаган эди.

7.Алексис Санчес (“Интер”)

Sanches

Бу Алексис Санчес фаолиятидаги биринчи инқироз эмас. “Манчестер Юнайтед”да ҳам умуман ўзини кўрсата олмаган футболчи Конте қўл остида ҳам худди шу сценарийни такрорлаяпти. Гўёки, Санчес клуб миқёсидаги фаолиятини якунлагандек, фақатгина терма жамоа ўйинларида ҳақиқий Алексисни кўряпмиз. “Интер” “Ювентус” ва “Лацио”дан қолиб кетмаслиги учун Алексис Санчеснинг голлари ва узатмаларига муҳтож. Аммо ҳозирча футболчи бу қобилияти билан жамоага ёрдам бера олмаяпти.

6.Гарет Бэйл (“Реал Мадрид”)

Гарет Бэйл машғулотларда қатнашмаса ҳам, жон-жаҳди билан шуғулланмаса ҳам майдонда бемалол юқори даражадаги ўйин кўрсата оладиган футболчилар сирасига киради. Аммо шу иқтидоридан ҳам унумли фойдаланмасдан, эътиборини фақат голфга қаратадиган Бэйлга нима дейиш мумкин? Бунга яна тез-тез олинадиган жароҳатларни ҳам қўшсангиз, нима учун “Реал” футболчини ёзда текинга бўлса ҳам қўйиб юбормоқчи эканлигини тушунасиз. Перес жамоага фойдаси тегмайдиган футболчига маош тўлашдан чарчаган кўринади.

5.Кепа Аррисабалага (“Челси”)

Лэмпард билан тил топиша олмаётган Кепа жамоадан кетиш учун қўлидан келган ишни қиляпти. Ёдингизда бўлса, Кепа футбол тарихидаги энг қиммат дарвозабон ҳисобланади. У ҳозир “Ливерпуль” тақдири Алиссонга, “Атлетико” тақдири Облакка боғлиқ бўлган, “Барселона”ни жуда қийин вазиятларда қутқариб қоладиган Тер Штеген бор бўлган даврда фаолият олиб боряпти. Мана шундай ҳамкасблари фонида, улардек ҳаракат қилиш ўрнига, доимий хурмача қилиқлари ва ишончсиз ўйинлари билан Аррисабалага мухлислар ғазабига ҳам дучор бўляпти. Кепа буни тушуниб етяпти. Бундан буён қандай ўйин кўрсатишини эса вақт кўрсатади.

4.Усмон Дембеле (“Барселона”)

Dembele

Жуда катта нархга харид қилинган футболчи ушбу мавсумда Испания чемпионатида 5 та ўйинда майдонга тушиб, атиги 1 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Чемпионлар Лигасида эса бор-йўғи 136 дақиқа ўйнади. Дембеле навбатдаги жароҳатни олди ва узоқ муддатга сафдан чиқди. Усмон жамоасига фойдаси тегмаётган футболчилардан бири ҳисобланади.

3.Лука Йович (“Реал Мадрид”)

Мадрид жамоаси карантинда вақтида ўзбошимчалик билан тартибни бузган Йовичдан яна нима кутиш мумкин? Ҳужумчи дўстининг туғилган кунини нишонлаш учун Сербиюнга жўнаб кетди. Барча карантин вақтида ўзини ва бошқаларни ҳаётини хавф остига қўйишни истамаётган бир пайтда Йович бемалол бошқа мамлакатга ўтиб юрибди.

Майдонда ҳам Йович худди шундай - ўзбошимча ҳаракат қилади. Бенземага ёрдам беришни истамайди, “Реал”нинг ўйинига мослашиб кета олмаяпти. Мадридда қолиб машғулотлар ўташ ўрнига, ўз Ватанига қайтиб туғилган кун нишонлашни афзал кўрди.

2.Поль Погба (“Манчестер Юнайтед”)

Pogba

Бир неча йилдан бери Погбанинг ўрни “Манчестер”да эмаслиги таъкидланиб келяпти. Аммо Вудворд доимо Польнинг ўйини очилиб кетишини кутяпти. Погба аллақачон “Ювентус”га ўтиши керак эди. “Реал”да эса усиз ҳам ярим ҳимояда футболчилар етарли.

1.Эден Азар (“Реал Мадрид”)

Энг омадсиз трансфер дейишга Азардан бошқа муносиб номзодни топа олмадик. Эден Бельгия терма жамоасини етаклаб юрган футболчи, “Челси”нинг ҳам энг муҳим етакчиларидан бири эди. Аммо “Реал Мадрид”да негадир “йўқолиб қолди”. Ёзнинг энг шов-шувли трансфери, энг омадсиз трансфер дея эътироф қилинмоқда. Азар ҳали ўзини кўрсата олади. Бунинг учун унга озроқ вақт керак. Биз эса Азардан футболкасидаги “7” рақамининг масъулиятини ҳис қилган ҳолда, ажойиб ўйинлар кутиб қоламиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)