“Феррари”лар юртида Шомуродовнинг тезлиги тортмаяпти! Лекин яхши ўзгариш ҳам бор...

Элдор Шомуродов Италия чемпионатидаги учинчи учрашувини ўтказиб, бу гал ҳам майдонни голсиз тарк этди. “Удинезе”га қарши учрашувда ўзбекистонлик легионерга ўзини кўрсатиш учун йигирма дақиқадан кўпроқ вақт берилди. Элдор ўз имкониятидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. Лекин бу сафар ҳам самарасиз.

Футбол таҳлилчилари бошланғич таркибга кириш учун курашда Элдорнинг асосий рақобатчиси ҳисобланган Жанлука Скамакка кучлироқ, самаралироқ ва ёрқинроқ ўйин кўрсатаётганини таъкидламоқда. Асосий ҳужумчи ролидаги Горан Пандев ҳам ҳали-бери бошланғич таркибда ўзбек ҳужумчисига жой берадиган эмас!

110317_m

“Удинезе” билан ўйинда бош мураббий Роландо Маран қарорига кўра, македониялик “қария” Элдорга ўз ўрнини 69-дақиқада бўшатиб берди. Легионеримиз ўйинга фаол қўшилди. Кўп югурди, очилишга ҳаракат қилди. Чап қанот ҳужумчиси вазифасини бажарди. Лекин мутахассисларнинг таъкидлашича, генуялик футболчилар Элдорни етарли даражада қўллаб-қувватлай олмаяпти. Удине шаҳридаги ўйинда ҳам ҳамюртимиз секин четга чиқиб қолгани сезилди.

Шомуродов шу куни ўзи иштирок этган иккинчи қаватдаги яккакурашларнинг барчасида рақибдан устунлик қилди. У камида тўрт марта ҳаводаги тўпни ўзиники қилди ва жамоадошларига аниқ пас берди. Жарима майдончаси ичида тўпни  қулай позициядаги ўйинчига ташлаб берганида, у дарвозага зарба бериш ўрнига четдаги футболчига ошириб, вазиятни қўлдан чиқарди. Гол бўлганда борми...

Элдорга А Серия футболида ўз ўрнини топиши учун биринчи навбатда тезлик етишмаяпти. Таҳлилчилар Элдор ҳали ҳамон “Ростов”даги юксак формасини тиклай олмаганига эътибор қаратяпти. Бир йил муқаддам, Шомуродов  ўз шиддати, тезлиги ва техникаси билан Россия премьер-лигасидаги жамоалар ҳимоя қўрғонларини бузиб ташлаганди. Афсуски, ҳозир ҳам карантиндан кейинги аҳвол  – шиддат ва тезлик етишмаётган, тез чарчаб қолаётган Элдорни кўряпмиз.

Аксарият  мутахассис ва мухлисларда “Женоа” Элдор учун ноқулай жамоа, деган тасаввур шакллана бошлади. Элдор учун тезлик олишга етарли ҳудуд, ярим ҳимоячиларнинг ақлли паслари, жамоадошларининг қўллаб-қувватлаши каби омиллар муҳим. “Женоа”да у ортга қайтиб, тўпни рақибдан олиб қўйиб, кейин ҳужумга ўтишига тўғри келяпти. “Удинезе” билан ўйинда ҳам  ҳимояга яқин жойга келиб, тўпни эгаллаб олди ва ҳужумга отланди. Лекин ярим ҳимоячилар у кутган пасни бермади.

Элдорнинг ўзи ҳужум ташкил қилишга интилаётгани ҳам унинг ютуқ томонларидан. Статистика юритувчи мутахассислар мослашув даврини ўтаётган ўзбек футболчисининг ўйинида оз бўлса-да, ижобий томонга ўзгаришлар борлигини кўрсатаётган рақамларни эълон қилмоқда. Хусусан, “Удинезе”га қарши учрашувда ҳамюртимизнинг ўйини футбол оламидаги энг нуфузли статистик сайтлардан бўлган Whoscored мутахассислари томонидан 6.1 баллга баҳоланди. Бу кўрсаткич бўйича Элдор  ўзидан узоқроқ муддат ўйнаган “Женоа” юлдузи Горан Пандевни ортда қолдирди. Лекин 6,3 баллга лойиқ топилган Скамаккадан ортда қолди.

IMG_20201123_161947_1

Умуман олганда, бу каби эътибор ва эътирофлар ўзбекистонлик мухлисларга қўшимча умид бериши сир эмас. Элдор эса, тобора ўз ўйинини топиб, нималарга қодирлигини кўрсата олиши керак.

“Ростов” даромад олиши учун Шомуродов Италияда гол уриши керак

Элдор ўйинга тайёр!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Даврон Курбанов
25/11/2020 21:12
Shlmurodovning hali texnikasi kamroq
Даврон Курбанов
25/11/2020 21:11
Unday desak Ronoldu ham xotiga ko'p vaqt sarflayabdi.Lekin 35 yoshda ham zo'r o'ynayabdi.
&
FANAT-MYU
25/11/2020 09:25
Hamma kuchi hotiniga sarflab yuborayapti aynan uylangandan keyin boshlandi eldorda ha maylikuya lekin hamma futbolchilar uylanadi lekin o‘z formasini ushlab turadi