Европа Лигаси. Златан «МЮ»га қарши, Жозенинг «қўшиғи» ва Мхитаряннинг «қайтиши»! Кимнинг имкониятлари яхшироқ?!

SPORTS.uz Европа Лигаси плей-офф босқичидаги жуфтликлар ҳақида фикр юритади.

«Шахтёр» – «Рома». Эски қадрдонлар тўқнашуви!

«Рома» устози ўз собиқ жамоасига қарши тўқнаш келади. Фонсека «бўрилар»ни кейинги босқичга олиб чиқиш илинжида, аммо «кончилар» осонлик билан таслим бўлмайди. Совуқ об-ҳаво Каштру шогирдлари фойдасига ишлаши мумкинлигини инобатга олмаса, кучлар тенг.

- «Шахтёр» бор эътиборини Европа Лигасига қарата олмайди. УПЛда ҳозир «Динамо» Киев пешқадамлик қилмоқда. Ўртадаги фарқ бир очко, аммо киевликлар ажойиб спорт формада.

- «Рома» ҳам чемпионат ўйинларини асосий планга олиб чиққан. Клуб ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. «Аталанта», «Наполи» ва «Лацио»дан қолиб кетмаслик учун жамоа етакчилари ҳар бир ўйингга жиддий ёндашиши лозим.

«Динамо» – «Тоттенхэм». Жозе катта саҳнада!

Англияда «шпорлар»нинг омади келмаяпти. 1-поғонадан 9-гача бир қадам эканлигини «Тоттенхэм» исботлаб берди. Жамоа Сон ва Харри Кейнга тўлиқ боғланиб қолган. «Қотил тандем»сиз ғалаба қозониш деярли имконсиз. Шунга қарамай, бу камчиликни йигитлардаги соврин ютишга бўлган эҳтиёж «ёпиб» кетади. Жозе чинакам ғолиб мураббий. У бу совринни анча илгари «Манчестер Юнайтед» билан қўлга киритган. Загребнинг «Динамо»си бунга тўсқинлик қилишга уриниб кўради, аммо фаворит барибир Лондон клуби!

- «Динамо» Европа Лигасида фақат рус клубларидан гол ўтказиб юборди, холос. ЦСКА ва «Краснодар»дан бошқа клуб хорватияликлар дарвозасини ишғол қилгани йўқ.

- «Тоттенхэм» ЦСКА жойлашган гуруҳдаги «Вольфсберг» дарвозасини 8 бор ишғол қилди. Умумий ҳисобда жамоа мусобақада 23 та гол киритган.

«Аякс» – «Янг Бойз». Швейцарияликлар анча хавфли!

Голландия клуби «Лилль» қаршилигини синдирган бўлсада, «Янг Бойз» билан ўйин осон кечмайди. «Байер»ни меҳмонда ер тишлатган жамоадан ҳамма нарса кутиш мумкин. Ҳозир «Аякс» Эредивизиядаги таъқибчисидан 6 очкога илгарилаб кетган. Камига захирада яна бир ўйин бор.

- «Аякс» чинакам жамоавий футбол намойиш этувчи машина. 17 футболчи ҳисобида ассист мавжуд эканлиги сўзимизга исбот бўлади.

- Ўтган мавсумда «Янг Бойз» ички биринчиликда «Базель»ни 18 очкога ортда қолдирмоқда. Клуб бор эътиборини Европа Лигасида узоқроққа боришга қаратганини яшириб ўтирмаяпти.

«Динамо» – «Вильярреал». Ёшлик ва тажриба тўқнашуви!

Луческу шогирдларига қуръада омад келмади. Испан клуби Европа Лигасида энг кўп ўйин ўтказган жамоа саналади. Шунга қарамай, Мирко Луческу бир нима ўйлаб топади. Мутахассис ўз шогирдларини майдонда жанг қилишга ўргатиб бўлди.

Киевликлар сафидаги Миколенко, Попов, Забарног, Шапаренко учун бу ўйинлар Европа чемпионатида иштирок этиш имконини яратади.

- Луческу жамоасининг ўртача ёши 25,1. Унай Эмерида бу кўрсаткич 28 ёшни кўрсатмоқда. «Динамо» жорий мавсумда еврокубогларда иштирок этаётган энг ёш клуб.

- Унай Эмири Европа Лигасида 3 бор ғалаба қозонган. Луческу ҳам ўз вақтида бу совринни боши узра кўтарганини унутмаслик лозим.

«Гранада» – «Мольде» Энг кам ўрганилган жуфтлик!

Испанияликлар Женнаро Гаттузонинг «Наполи»сини мусобақадан чиқариб юборди. Италияликлар турнир ғолиблиги учун асосий даъвогарлардан бири эди. Камтарин «Мольде» эса, «Хоффенхайм»ни плей-оффда қолдириб кетди.

- «Гранада» ЕЛдаги 11 ўйиннинг ярмида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Уларни фақат бир бор ПСВ мағлуб этди, холос.

- «Мольде» жорий мавсум фақат «Арсенал»га енгилди. Норвегия чемпионати апрель ойида старт олади. Ҳозир клуб бор эътиборини «Гранада» билан ўйинларга қаратган.

«Славия» – «Рейнжерс». Мардлар тўқнашуви!

Стивен Жеррард шогирдлари ҳозир супер формада. Ички биринчилик масаласи амалда ҳал этилган. Энди бемалол «Славия»га қарши ўйин ҳақида бошқотириш мумкин. Сўнгги бор ўтган асрнинг 30 йилларида шов-шув кўтарган «Славия» бундан аввалги рақиби «Лестер»га ҳеч қандай имкон қолдирмади.

- «Славия» Чехия чемпионатида мағлубиятсиз серияни давом эттирмоқда. Улар билан бир гуруҳда тўп сурган «Байер»дан фарқли ўлароқ, жамоа қишки трансферлардан унумли фойдаланди.

- Шотландия клуби анчадан бери халқаро аренада ўзини кўрсатгани йўқ. Мотивацияга тўла Жеррард кичик “мўъжиза” кўрсатиши ва «Ливерпуль»нинг келажакда бошқармоқчи эканлигига ишора бериши учун бу турнир жуда муҳим.

«Олимпиакос» - «Арсенал». Ғолиб номаълум жуфтлик

Бир йил илгари греклар «канонирлар»ни Европа Лигасидан чиқариб юборган эди. Лондон клуби дарвозасини қўшиб берилган бўлимларда ишғол қилган «Олимпиакос» кейинги босқичга чиқиш учун кураш олиб бориши аниқ.

«Арсенал» ЕЧЛда иштирок этиш учун ЕЛда зафар қучиши лозим. Артета шогирдлари АПЛ турнир жадвалида 11 поғонада бормоқда.

- «Олимпиакос» ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Марсель»ни ортда қолдириб Европа Лигаси йўлланмасига эга чиқди.

- «Арсенал» футболчилари мавсумни сақлаб қолиш учун энг сўнгги имкониятдан унумли фойдаланиш кераклигини англаб турибди.

«Манчестер Юнайтед» – «Милан» ЕЧЛ шабадаси эсиб турган жуфтлик

Жамоаларнинг номи ва таркибдаги юлдузлардан келиб чиқиб, бу жуфтликни ЕЧЛ даражасида деб бемалол айта оламиз. «Милан» мусобақага жиддий ёндашмоқда. «Россонерилар» халқаро аренани жуда соғинган. ЕЧЛдан чиқиб кетган «Манчестер Юнайтед» омадини ЕЛда синаб кўришга мажбур.

Бу жуфтликда нафақат номдор клублар, балки номдор футболчилар тўқнашувини кўришимиз мумкин. Рэшфорд - Ибрагимович, Де Хеа - Доннарумма, Магуайр - Романьоли, ва Фернандеш -Чалханўглу!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)