Европа Лигаси: дастлабки икки ўйин превьюси

«Копенгаген» - «Истанбул Башакшехир»

Коп - Ист лого

«Копенгаген»: Жамоа УЕФА рейтингида 39-рақамда қайд этилган. Европа Лигаси клублари орасида эса 8-ўринда. «Шерлар» миллий биринчиликни «Миьтюлланд»дан кейинги иккинчи поғонада якунлади. Данияликлар «Б» гуруҳининг иккинчи жамоаси сифатида плей-оффга чиқди. 1/16 финалда Шотландиянинг «Селтик» клуби умумий 4-2 ҳисобида таслим этилди. Клубнинг ушбу турнирдаги энг яхши натижаси жорий мавсумда қайд этилмоқда.

Таркиб: Кауфманн, Варела, Нелссон, Бьелланн, Бойлесен, Бил, Зека, Мудражия, Йонссон, Уинд, Фалк.
Иштирок эта олмайди: Сантос, Сигурдссон, Фишер, Николай Томсен.
Дисквалификация хавфи остида: Стаге
Таркибга қўшилганлар: Бойлесен, Мудражия
Клубдан кетганлар: Даме Ндойе

Копенгаген состав
«Истанбул Башакшехир»: Турклар УЕФА рейтингида 71-поғонадан жой олган. Европа Лигаси клублари орасида эса 12-рақамда сараланган. «Ж» гуруҳи ғолиби сифатида кейинги босқичга йўл олган жамоа плей-оффнинг биринчи босқичида Португалиянинг «Спортинг» клубини 5-4 ҳисобида мағлуб этиб, нимчорак финалда қатнашадиган бўлди. Жорий мавсум ўз тарихида биринчи бор Туркия чемпионлигини қўлга киритган истанбулликлар Европа Лигасида ҳам энг яхши натижаларини қайд этиб туришибди.

Таркиб: Гунок, Кайсара, Шкртел, Эпуреану, Клиши, Висша, Кахвежи, Текдемир, Топал, Демба Ба, Кривелли.
Дисквалификация хавфи остида: Клиши, Кривелли, Гулбрандсен, Кахвежи, Бурук, Шкртел.
Таркибга қўшилганлар: Эмре Каплан, Сарикая
Клубдан кетганлар: Окечукву, Робиньо.

istanbul-bashakshehir-e1502801924468
Столе Сольбаккен («Копенгаген» бош мураббийи): «Миллий чемпионатдаги сўнгги беллашувдан сўнг, кичик танаффус олганимиз яхши бўлди. Бу каби катта босимдаги ўйинга тайёр бўлиш учун бироз дам олиб, куч йиғишимиз лозим эди. Истанбулликларнинг ҳолати «Ювентус» ва «Ливерпуль»никига ўхшайди. Улар чемпионлик кайфиятида. Бироқ улар чемпион бўлмасидан аввал ҳам ажойиб футбол намойиш қилаётганди. Менимча, бу чемпионлик уларга ушбу учрашувда ҳам қўшимча куч беради».

Копен тренер
Окан Бурук («Истанбул Башакшехир» бош мураббийи): Бизда биринчи учрашувдаги ғалабадан сўнг кичик устунлик бор. Тезкор гол уриб олишимиз бизга янада катта енгиллик беради. Дастлабки дақиқалардан футболчиларимни шу мақсадда майдонга тушираман. Биз «Копенгаген» жамоавий футболни яхши ижро этишини биламиз. Уларнинг кучли ва ожиз томонларини ўрганиб чиқдик. Улар миллий чемпионатда ўзлари хоҳлаган натижани қўлга кирита олмади. Аммо бу майдонда аҳамиятсиз жиҳатга айланади. Бизни қийин ўйин кутиб турибди».

Истанбул тренер
Ушбу жамоалар ўз тарихларида илк маротаба ўзаро тўқнаш келмоқда. Уларнинг Истанбулда кечган ўйинида тўлиқ устунлик мезбонлар тарафида бўлди. Баҳс мобайнида Демба Ба бир неча имкониятларни кўкка совурди. Ўйиннинг 88-дақиқасида айнан унга нисбатан жарима майдончасида қўполлик ишлатилгани сабабли ҳакам пенальти белгилади. Висша эса уни рақиб дарвозасига аниқ йўллаб ғалаба голи муаллифига айланди.
Бугунги беллашувда данияликлар жон-жаҳди билан орадаги фарқни йўққа чиқаришга ҳаракат қилади. Аммо таркиб жиҳатидан анча тўкисроқ ҳисобланган меҳмонларда кичик устунлик бор.

Football-bets-Copenhagen-Istanbul-Basaksehir-Europa-League

«Шахтёр» - «Вольфсбург»

Шахт - Вольф

«Шахтёр»: Украина чемпиони УЕФА рейтингида 18-ўринда қайд этилган. Европа Лигаси клублари орасида эса «кончилар» 4-поғонада. Жамоа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини учинчи ўринда якунлаб, Европа Лигаси плей-оффига йўлланма олган. «Бўрилар»га қарши баҳсга улар Португалиянинг «Бенфика»сини 5-4 ҳисобида енгиш орқали етиб келди. Клуб 2008/2009 йилги мавсумда ушбу мусобақа ғолиби бўлган.
Таркиб: Пьятов, Додо, Кривцов, Матвиенко, Маркос Антонио, Степаненко, Алан Патрик, Марлос, Жуниор Мораеш, Таисон, Хочовала.
Дисквалификация хавфи остида: Алан Патрик, Болбат
Таркибга қўшилганлар: Христенко, Витао
Клубдан кетганлар: Бондаренко, Измаили, Мудрик, Муравски

Шахтёр состав

«Вольфсбург»: Немис клуби УЕФА рейтингида 41-ўринда, Европа Лигасида эса 9-ўринда қайд этилган. Якунига етган Бундеслигада улар 7-поғонани эгаллади. «И» гуруҳини иккинчи ўринда якунлаган «бўрилар» 1/16 босқичда «Малмё»га ҳеч қандай имконият қолдирмади (5-1). Ушбу қарама-қаршиликда ютиб чиққан тақдирда, клуб тарихидаги энг яхши натижа учинчи қайта такрорланади. Аввалроқ, 2009/2010 ва 2014/2015 йилги мавсумларда германияликлар чорак финалгача етиб келган.

Таркиб: Кастилс, Тиссеранд, Понграчич, Брукс, Русиллон, Гиншек, Арнолд, Шлагер, Жоао Виктор, Вегхорст, Брекало.
Иштирок эта олмайди: Отавио, Виллиам, Мехмеди, Камачо, Стеффен.
Дисквалификация хавфи остида: Арнолд, Брукс, Виллиам, Вегхорст.
Клубдан кетганлар: Карамоко, Робин Кноке, Менцель, Мокер, Тасше.

вольф состав
Луиш Каштру («Шахтёр» бош мураббийи): «Улар ҳужумда жуда кучли. Ҳужум учлиги тўпни қабул қилар экан, сизнинг дарвозангиз хавф остидалиги аниқ. Бу биз учун муаммолар туғдириши мумкин. Бу каби яхши ҳужум чизиғига эга жамоалар бундай пайтларда катта куч билан олдинга ташланади. Уларнинг босими рақиб футболчиларини хато қилишга мажбур этиши мумкин. Биз «Вольфсбург»нинг кучли томонларини сезиб турибмиз. Шунингдек, жамоам билан уларнинг ожиз томонларидан фойдаланиб қолишни режа қилганмиз. Баҳс тақдирини белгиловчи гол анча кеч урилади, деб ўйлаяпман. Нима бўлган тақдирда ҳам, кейинги босқичга чиқишимиз керак».

Шахт тренер
Оливер Гласнер («Вольфсбург» бош мураббийи): «Биз ушбу турнирдаги энг тажрибали жамоалардан бири билан рақобат олиб бормоқдамиз. Улар деярли ҳар мавсум Чемпионлар Лигасида ўйнайди, ўз миллий чемпионатини ютади ва Европа Лигасида ҳам яхши натижаларга эришган. Мен «Шахтёр»ни асабийлашяпти, деб ўйламайман. Футболчиларим ўз имконияти даражасидан ҳам юқорироқ ўйнаши кераклигини тушуниб турибди. Бизга камида иккита гол керак. Бу қанчалик оғир бўлмасин, ўзимизга ишонч билан ҳаракат қиламиз».

Вольф тренер
Дастлабки тўқнашув анчайин қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Ёмғир сабабли «Вольфсбург» майдони иккала жамоага ҳам қийинчиликлар туғдирди. Футболчилар техник имкониятларини ва тезкор ҳаракатларини кўрсатишга қийналди. Буни ҳар икки жамоа томонидан фойдалана олинмаган пенальтилар орқали кўришимиз мумкин. Бугун Донецкдаги ўйингоҳ интригага тўлиб тошган. Мезбонлар чемпионлик кайфиятида ҳаракат қилишади. «Вольфсбург» эса миллий чемпионатдаги муваффақиятсизликни халқаро майдон билан ювиши керак.

Шахта - Вольфс
Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)