Энг

Тожикистон чемпионатида фаолият олиб бораётган футболчиларимиз орасида дарвозабон Маъмур Икромов ҳам бор. “Хўжанд” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Икромов четда тўп сураётган ўзбекистонлик ўйинчилар орасида энг ёши каттаси ҳисобланар экан. 1982 йилда туғилган Маъмур 38 ёшни “уриб” қўйган ҳолда ҳали ҳам фаолиятини давом эттираётгани ва айниқса, легионер мақомида эканлиги қойил қолса арзийдиган ҳолат.

Энг “кекса” легионеримиз sports.uz мухбири билан суҳбатда бўлди ва жамоасининг натижалари, янги бош мураббий билан муносабати, фаолиятини қачон якунлаши ҳақидаги масалалар борасида ўзининг фикрларини билдирди.

“2-ўриндамиз ва минимум вазифани бажариб турибмиз”

-  Умумий маънода айтсам, биринчи даврадан қониқиш ҳосил қилдик. Тўғри, 100 фоизга бўлмаса-да, 70-80 фоизга яхши ўтди, десам бўлади. Айниқса, жамоамизнинг натижалари чакки бўлмади. Асосий мақсадимиз чемпионлик йўлида “Истиқлол”га қаршилик кўрсатиш эди. Турнир жадвалида 2-ўринда эканлигимизни ҳисобга олсак, минимум вазифани бажариб турибмиз. Фақат битта ёқимсиз ҳолат шунда бўлдики, биз Кубок баҳсларидан чиқиб кетдик. Афсуски, 1/8 финалда ютқазиб қўйдик. Ўша ўйинда майдонга тушмадим. Аммо жамоам учун қаттиқ қайғурдим. Яна бир мақсадларимиздан бири Кубокни қўлга киритиш эди. Энди чемпионат доирасида иккинчи даврани ҳам камида 2-ўринда тугатишимиз керак. “Истиқлол” Тожикистоннинг биринчи рақамли жамоаси, ҳар томонлама кучли. Яхши ўйинчиларни ҳам танлаб олган. 

икромов_5

“Фузайлов билан муносабатимиз ёмон эмас”

-  Ҳаким Фузайлов Ўзбекистонда ишлагани учун уни кўпчилик яхши билади. Ҳар доим янги мураббий келса, қандайдир ўзгаришлар сезилади. Бизнинг жамоамизда ҳам машғулотларимизда ва тактикаларимизда ўзгаришлар билиняпти. Олдин 4-3-3 схемасида ўйнаган бўлсак, ҳозир 4-2-2 тактикасида ҳаракат қиляпмиз. Мураббий билан муносабатимиз ёмон эмас. Фузайлов жамоада барча футболчиларни олиб қолишни хоҳлади. Қайтанга, таркибни кучайтириш учун 3-4 нафар янги ўйинчиларни чақирди. У жамоада кучли рақобат ва иккита тенг кучли таркиб бўлишини ёқтирар экан. Бош мураббийнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

“Легионер ўйинчини захирада қолиши жуда ноқулай”

-  Биламан, легионер ҳар доим маҳаллий ўйинчилардан икки бош устун бўлиши керак. Мураббийларнинг футболга ўз қараши бор. Қачон майдонга туширса, шунда ўйнаймиз ва ҳаммасига тайёр бўлиб турибмиз. Тўғри, ўйнамаганда ўйинчи хафа бўлиши мумкин. Айниқса, легионер учун захирада ўтириш жуда ноқулай. Боз устига менга 38 ёшимда захирада ўтириш ҳам тўғри келмайди. Мен эса ўйнашим керак. Майдонга тушишимни кутиб ўтирибман. Балки қаердадир хато қилгандирман. Лекин яна ишонч билдирса, уни оқлашга ҳаракат қиламан.

икромов2_2

“Агар таклифлар бўлмаса, шундагина фаолиятимни тугатаман”

-  Кучим бор экан, яна футболни ўйнашни хоҳлайман. Кўрамиз, вазият қандай тақозо этаркин, ҳаммасини вақт кўрсатади. Агар бошқа таклифлар бўлса, кучим борича ёрдам беришга тайёрман. Агар ҳеч қандай таклифлар бўлмаса, шундагина фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаб кўришим мумкин. Шунча йил футболнинг ичида юрганим учун барибир яна ўйнагим келаверади. Шунинг учун ўйнаб турган ўйинчининг фаолиятини тугатиши ёқмас экан.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)