Элгужа Григалашвили: АГМКни ўз ихтиёрим билан тарк этмадим

Грузиялик тажрибали футболчи Элгужа Григалашвили аллақачон мухлисларнинг эътиборини қозонган.

Ҳужумкор ярим ҳимоячи ўтган бир ярим мавсум давомида АГМК шарафини ҳимоя қилди ва бу йил собиқ клуби – “Қизилқум”га қайтгани ҳақида яқинда сайтимиз орқали хабар бериб ўтгандик.

Sports.uz мухбири Григалашвили билан боғланиб, АГМКни тарк этиши ва “Қизилқум”га қайтиши сабаблари ҳақида суҳбатлашди.

-  Гужа, АГМКдан яна “Қизилқум”га қайтдингиз. Аслида нима бўлди? Бунинг сабаби нимада?

-  Ассалому алайкум (соф ўзбекчада). Биласизми, АГМКни ўз ихтиёрим билан тарк этганим йўқ. Шунчаки, менга ҳеч ким қўнғироқ қилмади, боз устига биров таклиф қилиб, битимни узайтириш ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлгани йўқ. “Қизилқум” клубидан эса, таклиф тушди, буни қабул қилдим. Менга бошқа жойдан таклиф бўлмади.

-  Грузияга қайтиб, фаолиятингизни ўша ерда ҳам давом эттиришингиз мумкинмиди? 

-   Ҳозирча Грузияга қайтиш ҳақида ўйламаяпман. Балки қайтишим бир йил ёки икки йилдан кейин юз берар, лекин ҳозир эмас.

-  Сиз АГМК билан бронзани қўлга киритдингиз ва Кубок финалигача етиб бординглар. “Қизилқум” билан ҳам шундай натижаларни такрорлашга ишонасизми?

-  “Қизилқум” ҳақида гапирадиган бўлсам, у ерда яхши жамоа жамланди. У ерга грузиялик яна бир ўйинчи Матэ Ватцазде ҳам қайтган. Ҳозирдан бўлажак мавсумда қандай воқеалар юз беришини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Бу – футбол, ҳамма нарса бўлиши мумкин.

-  АГМКда бир ярим мавсум тўп сурдингиз. У ердаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлдими?

-  Ҳа, АГМК клубида бир ярим мавсум ўйнадим. Клубдаги фаолиятимдан кўнглим тўлди. Ўз навбатида иш берувчилар ҳам шундай фикрда бўлсалар керак. Бунинг учун улардан миннатдорман. Айтишим керакки, АГМКда ўтган вақт мен учун ёқимли бўлди. Биз икки марта Кубок финалида ўйнадик, чемпионатни 3-ўринда якунладик. Агар жамоа шу руҳда давом этса, бемалол чемпионлик учун ҳам кураш олиб бориши мумкин. Бундан кейин ҳам АГМКга бефарқ бўлмай, жамоа учун мухлислик қиламан.

-  Қизиқ савол: Ҳамиджон Актамов сиз учун кучли мураббийми ёки кучли менежерми?

-  Ҳамиджон Актамов ҳақида шуни айтишим керакки, у жуда ажойиб инсон. У ўз ишини ҳам яхши биладиган мураббий. Мен уни ўз соҳасининг энг зўр мутахассиси даражасида эътироф қилмаган тақдиримда ҳам Актамовни олиб бораётган ишининг билимдони, деб ҳисоблайман. Айтишим жоизки, у “Қизилқум”да яхши иш олиб боряпти. Аммо мураббийнинг кўрсатмаларини майдонда амалга ошириш фақат биз футболчиларга боғлиқ.

гужа2

-  Сиз учун Ўзбекистон чемпионатида энг кучли мураббий ким?

-  Ким зўр, ким кучсиз эканлиги ҳақида бир нарса дея олмайман. Мени кечирасизу, бу саволингиз мен учун эмас. Мураббийлар ва футболчилар ҳақида гапиришни унчалик хуш кўрмайман. Шунинг учун мени тўғри тушунасиз деб ўйлайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

-  Сизнингча, Суперлигамизнинг бугунги даражаси қандай? Ўсиш кўряпсизми?

-  Суперлиганинг даражасини яхши, деб ҳисоблайман. “Қизилқум”га биринчи марта келганимдаёқ, бу ердаги даражада яхши эканлигига амин бўлгандим. Яна шуни қўшимча қилишим керакки, 2018 йили шу ерга келганимдан бери чемпионат савияси олдингига нисбатан анча ўсди.

-  “Пахтакор” барча совринларни ҳеч кимга бермай келмоқда. Бошқаларнинг бу клубга куч етимаётгани чемпионат савиясига путур етказмаяптими?

-  Тўғри, чемпионатни ўта кучли, дейишим мушкул. Чунки “Пахтакор” билан чемпионлик учун тенгма-тенг кураша оладиган жамоа охирги пайтларда топилмаяпти. Шак-шубҳасиз, “Пахтакор” охирги икки мавсумда ҳаммадан кучли эканлигини исботлаб берди. Мана шунақа гаплар.

-  Ҳамюртингиз Шота Арвеладзенинг “Пахтакор”дан кетганига муносабатингиз қандай бўлди?

-  У яхши инсон ва ҳақиқий профессионал. У “Пахтакор” учун қўлидан келган ҳамма ишни амалга оширди. Бу ерда у ҳақ эди, бу ноҳақ эди, дейиш ярамайди. Қолаверса, Арвеладзенинг “Пахтакор”дан кетишига нима сабаб бўлгани ҳақидаги ҳолатдан бехабарман.

-  “Қизилқум” билан шартнома туздингизми?

-  Ҳа, бир йиллик шартномага имзо чекдим.

гужа1

-  Кўпинча футболчилар бир йиллик шартномаларга имзо чекишади. Икки-уч йиллик келишувлар жуда кам. Сиз буни қандай изоҳлайсиз?

-  Мен ҳар йили қисқа муддатли шартнома тузиб келяпман, бу ерга келганимдан бери. Бундан кейин ҳам шу руҳда давом этсам керак. “Пахтакор”дан ташқари бошқа бирор клубда футболчилар билан 2-3 йиллик шартномалар имзоланаётганини кўрдингизми? Легионерлар билан шартнома имзолаётганида ҳар бир клуб мутасаддилари ҳамма нарсани эътиборга олишади. Шунинг учун дабдурустдан 2-3 йиллик битим тузилиши амримаҳол. Чунки футболчининг қандай салоҳиятга эга эканлиги амримаҳол. Бундан пайтда ишонч ҳам иккинчи даражага ўтиб қолади. Чунки улар легионер билан бир йиллик шартнома имзолаганларидан сўнг, шу вақт давомида унинг қандай даражадаги футболчи эканлигини билиб олишади. Умуман, бундай ҳолатни аксар клубларда учратиш мумкин. Ўзим ҳам бир йиллик шартномаларга имзо чекишни афзал кўраман. Умуман, ҳамма нарсадан кўнглим тўлди. Ўйлайманки, қолганлар ҳам худди мен каби фикрдалар.

-  “Қизилқум”га қайтганингиздан кейин янги мақсадингиз қандай?

-  Мени вазифам ҳамма вақт юқори натижалар учун курашишдан иборат. Жамоага етиб борайчи, мавсум учун қандай вазифа қўйилганидан хабар топамиз, ҳозир бу мавҳум.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар