ЕЧЛ. ПСЖ ўша даҳшатли “Камп Ноу”га сафар қилади (превью)

Бугундан УЕФА Чемпионлар Лигаси нимчорак финал учрашувлари бошланишидан хабардорсиз. Тунги соат 01:00 да ушбу босқич доирасидаги дастлабки 2 та ўйин бўлиб ўтади. Уларнинг бирида “Барселона” “Камп Ноу”да ПСЖни қабул қилади… Эсладингиз-а?! Ҳа, ўша даврдан буён икки клубда кўп нарса ўзгарди. “Ремонтада” қаҳрамони Неймар бугун Париж клуби футболчиси ҳисобланади. Ҳар иккала ўйинда ҳам гол уришнинг уддасидан чиққан Эдинсон Кавани бугун французлар билан бирга эмас. “Барса” футболда ақлга сиғмас даражадаги мўъжизалар бўлиши мумкинлигини исботлаб берди. Аммо келгусида ўзи мана шундай мўъжизалар қурбонига айланиб кетди. 

ПСЖда ўша ўйинни бой берган футболчиларнинг аксарияти қолмаган. Бугун Маурисио Почеттино клуб мураббийлигида илк маротаба Чемпионлар Лигаси баҳсини ўтказади. Аксарият футболчилар “Камп Ноу”даги “қўрқинчли туш”дан кейин жамоа таркибига қўшиб олинган. Аммо бу уларни ушбу майдон босимидан ҳалос эта олмайди. Барибир, ҳамманинг хаёлида ўша учрашув: меҳмонлар қанчалик хотиржам бўлишга интилмасин, эски яраларнинг асорати билиниб туради. 

Бугун мана шундай катта ўйин атрофида суҳбат қурамиз. 

“Барселона”

Сўнгги турда “Ювентус”га бой берилган учрашувни истисно этганда, каталонияликлар гуруҳ босқичини идеал тарзда ўтказди. Ла Лига доирасида у қадар барқарор бўлмаган жамоанинг Чемпионлар Лигасида бу қадар стабил ўйнаётганидан кўпчилик ажабланишни ҳам бошлаган эди. Сўнгги турда Роналдунинг пенальтилари “блаугранас”ни пешқадамлик унвонидан маҳрум этди. Уэстон МакКеннининг голига имкон бермаган тақдирда, каталонияликлар 1-ўринни сақлаб қолган ва нимчорак финалда нисбатан осонроқ рақибга дуч келган бўларди. Мана энди бир мағлубият ортидан клубга ПСЖ рўбарў келмоқда. 

Рональд Куман шогирдларида кайфият жуда яхши, деб бўлмайди. Боиси, улар сўнгги ўйинни 5:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунлаган бўлса-да, ундан аввал, Қирол кубоги доирасида “Севилья”га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган. Бу бугунги “Барса”нинг бутун мавсум давомидаги ҳолатига тутилган кўзгунинг кичик бир намунаси, холос. Нидерландиялик мутахассис жамоада барқарорликни шакллантира олмаяпти. Ғалаба қозонган ўйинларига эътибор қаратсак, у қадар жиддий рақибларни кўрмаймиз. Испания Суперкубогининг бой берилиши эса, мухлисларнинг фиғонини росмана фалакка чиқарди. 

Примерада аҳвол жуда чатоқ. “Атлетико”дан битта кўп ўйин ўтказган “Барселона” Мадрид клубидан 8 очко ортда бормоқда. Ҳозирда улар 3-ўринда. Каталонияликлардан битта ортиқча ўйин ўтказган “Реал” 3 очколик фарқни юзага келтирган. “Бланкос” ҳам азалий рақибига қўшилиб, “матрасчилар”ни қувиш билан овора. Месси ваниҳоят, тўпурарлар пойгасига қайтди. “Алавес”га урилган 5 та голнинг 2 таси айнан унга тегишли эди. Аргентиналикнинг кучли ўйини голларгагина боғлиқ эмаслиги айтиларди. Аммо бу мавсумда Лео ассистлар салмоғида ҳам камомадни кўрсатмоқда. Шунда ҳам, 6 карра “Олтин тўп” соҳиби дўсти Луис Суарес билан биргаликда Испания Ла Лигасининг энг сермаҳсул футболчиси бўлиб турибди. 

Жамоа таркиби мавзусида “Барса” мухлисларини бироз хурсанд қила оламиз. Миралем Пьянич ва Сержиньо Дест жароҳатдан фориғ бўлиб, клуб машғулотларига қўшилиб улгурган. Энди тўкис бахт учун Жерар Пике, Ансу Фати, Филиппе Коутиньо ва Серхи Робертонинг жароҳатдан тузалишини кутиш керак. Албатта, ПСЖга қарши ўйингача улар лазаретдан чиқмайди. Аммо биласизки, Европа Чемпионлар Лигаси плэй-офф баҳслари 2 та ўйиндан иборат бўлади. Шунингдек, Куман Рональд Араухо ва Мартин Брейтуэйт хизматларидан ҳам фойдалана олмайди. Бу қадар ожиз ҳимоя билан “Барса” ПСЖ “учар”ларини ушлаб қола олармикан?!

Тахминий таркиб: Тер Штеген, Альба, Лангле, Мингеса, Дест, Бускетс, Де Йонг, Педри, Дембеле, Гризманн, Месси

EuUqpCTWQAIamtV

ПСЖ

УЕФА Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташланган пайтдаёқ, ПСЖ жой олган “H” гуруҳи катта интрига тақдим этиши ҳақида тахмин қилинганди. Амалда ҳам, барчаси худди шундай кўриниш олди. Парижликларга ушбу босқич доирасида “Манчестер Юнайтед”, “РБ Лейпциг” ва “Истанбул” Башакшехир рақиблик қилди. Ҳа, турк клуби гуруҳдан чиқиш учун жуда оз имкониятларга эга эди. Аммо қолган жамоаларнинг масаласи сўнгги турдагина ҳал этилди. “Манчестер Юнайтед” энди иштирокини Европа Лигасида давом эттиришга мажбур бўлади. Париж клуби эса “Лейпциг”ни ўзаро ўйинлар натижаси эвазига таслим этди. 

Гуруҳни биринчи ўринда якунлаш нимчорак финалда осонроқ рақибга дуч келиш билан мукофотланарди. Аммо ПСЖга гуруҳ босқичи ғолибларининг ҳеч бири баҳс олиб боришни хоҳламаган рақиб - “Барселона” тўғри келди. 

Франция биринчи дивизиони жорий мавсум сўнгги йиллардагига солиштирганда анча қизиқарли бўлмоқда. Бу “Парк де Пренс” эгаларининг кучсизланиши билан бевосита боғлиқ. 

“Монако” билан жорий ҳафта якунида ўйин ўтказадиган ПСЖ жуда тиғиз ва қийин тақвим билан курашишга мажбур. Француз гранди, одатда, бу каби муаммоларга дуч келмасди. Монаколикларни мағлуб эта олган тақдирда, у ортидагилар билан фарқни йириклаштириши ва пешқадам “Лилл”ни ортда қолдириши ҳам мумкин. 

Маурисио Почеттино муҳим ўйин олдидан жуда жиддий йўқотишларга учради. Дунё футболи мухлислари орзиқиб кутган учрашувнинг асосий интригаси йўққа чиқди. Неймар “Камп Ноу” майдонида кўриниш бермайди. Шунингдек, Анхель Ди Мария ҳам клубига ёрдам бера олмайди. Демакки, барчаси Мбаппенинг қўлида қолмоқда. Хуан Бернат ва Тимоти Пембеле анчадан буён жароҳат билан курашяпти. Марко Вератти, Рафинья ва Колин Дагбанинг баҳсдаги иштироклари сўроқ остида бўлиб турибди. 

Тахминий таркиб: Навас, Курзава, Кимпембе, Маркиньос, Флоренци, Гуйе, Паредес, Вератти, Кин, Мбаппе, Икарди. 

EuSSp0HXIAEEDpv

Мураббийлар

Рональд Куман: “Биз ўйинга кучли иштиёқ билан тайёргарлик кўрдик. Узоқ вақт давомида ўзимизни мана шу баҳсга тайёрлаб келдик. Сабаби, ПСЖ кучли жамоа. Ўйин қизиқарли бўлиши тайин: биз ўсишга эришмоқдамиз ва парижликларда шаклланган, сифатли жамоа бор. Футбол мухлисларини 2 та фантастик учрашув кутиб турибди. 

Пикенинг аҳволи яхши. У 4-5 кундан бери жамоа билан биргаликда машғулот ўтказмоқда. Аммо мен унинг соғлиғи билан таваккал қилишни хоҳламайман. Вазиятни сўнгги дақиқагача кузатишни маъқул кўраман. 

Барча мураббийлар муҳим ўйинларга ҳар бир футболчисининг тайёр бўлишини хоҳлайди. Араухо, Фати, Коутиньо, Роберто: булар бизнинг жароҳатланганлар. Сиз футболда шу каби йўқотишлар билан доимий курашишга мажбурсиз ва бошқа футболчилар бу кемтикларни тўлдиришга тайёр. Ҳар бир жамоанинг ютуқ ва камчиликлари бўлади. Ўйлаймизки, баҳс мобайнида биз вазиятларимиздан унумли фойдалана оламиз". 

image

Маурисио Почеттино: “ПСЖ ўтган мавсумда ЕЧЛ финалига чиққаниини инобатга олсак, бизда ҳар қандай ҳолатда ҳам, чемпионлик учун имконият бор. Жорий мавсумда августдаги финал учун қасос олиш ва клуб мухлисларининг 50 йиллик орзусини ушалтириш имкониятига эгамиз. Барчасига босқичма-босқич эришиб келинган ва бундан кейин ҳам шу йўлда давом этамиз. Мақсадимиз йўлида илк рақиб - “Барселона”. 

Мен каталонияликларнинг қайта қурилишини жиддий тарзда кузатдим. Лондондаги уйимда юрган кезларимда, Рональд Куман жамоага нималар бераётганини ўрганишга ҳаракат қилгандим. Табиийки, жамоа бошқа даражага кўтарилмоқда. Жамоага келган илк кунданоқ, у фақат ғалаба учун ҳаракат қиляпти ва бунинг учун қўлидан келган барчасини қилмоқда. 7 ойлик ҳамкорлик жамоанинг бутунлай бошқача ҳолатда эканлигини англатади. Улар бир-бирларини яхши билиб олган. 

Мен “Барса” таркибида янги давр бошлашга қодир жуда кўплаб ёш истеъдодларни кўряпман. Уларнинг мақсадлари бизникига ўхшаб кетади. 

Ҳа, “Барселона”дек жамоани енгиш учун аниқ режалар бўлиши керак. Аммо мен доимгидек футболчиларнинг индивидуал маҳоратига ва кўрсатмаларни тўғри бажаришига ишонаман. Улар ўйинни ҳал қилувчи асосий кучдир”. 

EuSBsTaXUAAMxYb

Хулоса ўрнида 

Юқорида айтиб ўтганимдек, “ремонтада”дан сўнг, жуда кўп нарсалар ўзгариб кетган ва ушбу баҳсни эслашга асослар жуда кам. ПСЖ Барселонага бир қатор етакчиларисиз бормоқда. Бу қайсидир маънода имкониятларни тенглаштиради. Сабаби, “кўк-анорранглилар” бутун мавсумни мана шу каби йўқотишлар билан ўтказмоқда. Пикенинг жароҳати ортидан мудофаа маркази академия ёшларига қолиб кетган. Бироқ, Куманнинг сўзлари Жерарнинг майдонга тушишига умид берди. Жамоа келажаги сифатида қараладиган Ансу Фатива Коутиньо ҳам анчадан буён тикланиш жараёнида. 

Бу жамоалар ўртасида юқори тактик кураш ва ёпиқ ўйинни кутиш имконсиз. Сабаби, иккала томон ҳам ҳужуми билангина мақтана олади. Демакки, ўйин томошабоплиги борасида бизда муаммо бўлмайди. Бундан айниқса, нейтрал футбол мухлислари ютиши аниқ. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Sag'indiq Kenjebaev
16/02/2021 12:58
Расмлар жуда катта эмасми?