ЕЧЛ. “Лейпциг” – “Атлетико”: Превью

Кеча мавсумнинг бир кашфиёти турнирни тарк этди. “Аталанта” футболчилари парижликлар даражаси қурбонига айланди. Класс ўз сўзини айтди. Демак, “Лейпциг” учун босим янада ортади. Нега? Чунки катта жамоалар бундай муҳим учрашувларни ўз фойдасига буриб юбориш қудратига эга. Рақиб ҳам анчайин жиддий “Атлетико”. Яна кимсан амалдаги чемпионларни нимчоракда қолдириб келди улар. Қизиқарли-а? Чорак финал остонасида Моуриньога ҳеч қандай имконият қолдирмаган Юлиан Нагельсманн шогирдлари ҳамда Клопп армиясини кучли тактика эвазига маҳф этган Диего Симеоне йигитлари.

Бир қарашда ушбу қарама-қаршилик фаворити аниқдек. Аммо вазиятга бошқа томондан ёндашсак, интрига пайдо бўлаверади. Яъни, “буқалар” таркибида ҳужумга ўтишни ёқтирадиган, вазиятларни самарали якунлаши мумкин бўлган футболчилар етарлича. Тимо Вернернинг кетиши жамоа ўйинига таъсир қилган бўлиши мумкин, лекин бутунлай ўлдирмади. Шу сабабли, бугун немис клубидан ёрқин футбол кутаётганлар адашмаяпти. Ўз навбатида, “матрасчилар”да ҳам ушбу мавсум ажойиб имконият туғилди. Улар ўз тарихида илк бор “шалпангқулоқ”ни бошлари узра баланд кўтаришлари мумкин. Барчаси уларнинг ўзига боғлиқ.

Llorente-AP-fb

“Лейпциг”

Юқорида таъкидланганидек, “буқалар” ҳужумга ўтишдан чарчамаяпти. Улар ушбу мавсум умумий ҳисобда 105 та тўп киритишди. Ҳар бир ўйинда дарвоза томон ўртача 16 та зарба берди. Бундеслига бронза медаллари эгаси учун ёмон натижа эмас, наздимизда. Шунингдек, улар ҳимояни ҳам унутиб қўймаган ҳолда ҳаракат қилади. Орқа чизиқ марказида Дайо Упамекано тартибга жавоб беради. Унинг ишончли ўйини туфайли нимчорак финалдан ўрин олган икки ўйинни ҳам Нагельсманн шогирдлари гол ўтказмай якунлади. Рақиб ўтган мавсум финалчиси “Тоттенхэм” эканлигини ҳисобга олсак, “Лейпциг” ҳимояси ишончли ўйин кўрсатишига яна бир бор амин бўламиз.

Яқиндагина “Челси” томонидан сотиб олинган Тимо Вернернинг ўрни сезилиши табиий. Забицер, Шик каби футболчилар эса унинг йўқлигини сездирмаслик учун янада кўпроқ ҳаракат қилади.

Тахминий таркиб: Гулачи, Клостерманн, Упамекано, Хальстенберг, Лаймер, Забитцер, Кампл, Мюкиле, Форсберг, Нкунку, Шик

Иштирок эта олмайди: Конате

Таркибга киритилган: Уго Новоа

Қайдномадан ўчирилганлар: Ампаду, Якель, Вернер, Вольф

Tottenham-Leipzig

“Атлетико”

Бу йил “матрасчилар” ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Гризманн каби етакчисини йўқотган жамоа учун бундай ўтаётган мавсумни муваффақиятли, деб аташга тўлиқ ҳақлимиз. Негаки, Симеоне йигитлари бир футболчига боғланиб қолмаганликларини исботлади. Аргентиналик мутахассис ҳам трансфер бозорида бир қанча ақлли юришларни амалга оширди. Нимчорак финалдаги “Ливерпуль” устидан қозонилган ғалабада айнан мавсум аввалида жамоага олиб келинган Льоренте ва унинг керакли вақтда жангга ташланиши муҳим омил бўлди. Бугун ҳам Симеонедан мана шундай юришлар кўришимиз мумкин.

Мадридликлар сафида коронавирус юқтириб олган Анхел Корреа ва Шиме Врсалько жамоа билан Германияга келмади. Аммо “Атлетико” сардори Ян Облак бу уларга катта муаммо туғдирмаслигини айтиб ўтди: “Биз қийин вазиятга тушиб қолмадик. Айнан касалликка чалинган жамоадошларимиз учун ҳам ғалаба қозонишимиз шарт”.

Тахминий таркиблар: Облак, Ариас, Хименес, Савич, Лоди, Льоренте, Коке, Сауль, Карраско, Жоау Фелиш, Коста

Иштирок эта олмайди: Врсалько, Корреа

Сўроқ остида: Томас Партей

Таркибга киритилган: йўқ

Қайдномадан ўчирилганлар: йўқ

1207122232

Мураббийлар

Юлиан Нагельсманн: “Биз фақат ўз ўйинимизга эътибор қаратамиз. Уларда Чемпионлар Лигаси тажрибаси борлигини жуда яхши биламан. Аммо ҳаммаси бир ўйинда ҳал бўлишини ҳисобга олсак, барчаси юз бериши мумкин. Бу кучли босим ва кимнинг асаблари мустаҳкам бўлса, унинг қўли баланд келади. Мен футболчиларимга шунчаки футболда роҳат олиш кераклигини тушунтирдим”.

e0fa133e068e687b1d3b042891cb029f

Диего Симеоне: “Бизни катта ишларни амалга ошираётган истеъдодли мураббийга қарши ажойиб ўйин кутиб турибди. Улар ҳам биз каби ўз лигасида бронза медалларини қўлга киритди. Шунчаки ғалаба қозониш муҳим эмас. Бу иштиёқни ягона вариантга айлантириш муҳим. Ўзимда мавжуд барча нарсани амалга ошириб, бу ўйинга йигитларни тайёрлайман. Қайтараман, бу шунчаки ғалаба эмас, у ягона танлов”.

large_1s9P2KRyGRJHSciT

Мураббийларнинг фикрларидан ҳам баҳс ҳақиқий жангга айланишини сезиш қийин эмас. Албатта, тажрибали ҳамда ёш мутахассис беллашуви ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмайди.

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)